O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

АЛИФБО БИРЛИГИ МАСАЛАСИ

АЛИФБО БИРЛИГИ МАСАЛАСИ
36,028 views
02 June 2023 - 14:45

Туркистон туркчасининг алифбоси масаласи кўп йиллардан бери турк қавмлари ижодкорлари бошини қотираётган умумтурк муаммоларидандир.

Барча турк қавмлари тил хусусиятларини акс эттира оладиган алифбо яратиш анча мушкул эканлиги ХI—ХХ юзйилликларда Туркия туркларидан бошқа турклар турли ўзга босқинчилар қўл остида қолиб, улар туркий тилларга бегона алифбони зўрлаб киритишлари ҳамда метрополия тилига уйғунлаштириш сиёсати билан боғланади.

Шунга қарамай, ягона турк алифбоси яратиш ва шу йўл билан барча турклар тил яқинлигини сақлаб қолиш воситаларидан бўлган ягона алифбо яратиш учун ҳаракат тўхтамади.
Бу интилиш 90-йилларда бир неча мустақил турк давлатлари пайдо бўлиши билан янада кучайди.Бу масаланинг ҳал қилинишида энг қийини турк фонетикасининг ва бу билан боғлиқ лексикасининг ўқи бўлган сингармонизмни йўқотган йирик турк қавмларидан бири бўлмиш ҳозирги ўзбек адабий тили масаласидир.

Шу боис айнан ўзбек турклари бу муаммони ҳал этиш борасида жон куйдирмоқдалар. Мана шундай таклиф этилаётган, менимча, муваффақиятли алифболардан бири ҳақида баҳс юритмоқчимиз.

Яъни бетакрор шоиримиз,сиёсатчимиз Муҳаммад Солиҳ алифбоси ҳақида.
Умуман, ҳар қандай алифбо конкрет бўлгани учун менга мақбул томонлари ва менинг наздимда етишмовчилик бўлиб кўринган томонларини конкрет санаб ўтмоқчиман.
1) Турк қавмлари бирлиги учун шеърларида, илмий асарларида, яъни амалда курашиб келган Муҳаммад Солиҳдай фидоий бу улгунинг рўёбга чиқиши учун яна бир амалий воситага қўл уришининг ўзи мақтовга-ушбу мақсад йўлида юрганлар олқишига сазовор, деб ҳисоблайман. Чунки, бизнингча, алифбо бирлиги айни замонда туркликнинг тил назаридан қайта бирлашишининг асоси, балки бошланғич нуқтаси ҳисобланади.
2) Муҳаммад Солиҳ ўзбек алифбосида ҳам сингармонизм акс эттирилишининг илмий асоси борлигини муассир ўзбек тили (ҳозирги ўзбек адабий тили эмас!) эгалари ўзбек этносининг қипчоқ ва ўғуз гуруҳлари ҳамда қарлуқ гуруҳининг баъзиларида ҳам сингармонизм ҳодисаси тўлиқ сақланиб келаётганига суянади.

Бунинг устига азалдан то 1929 йилгача бўлган адабий тилимиз ҳам сингармонистик тил бўлганлигига ишора қиладики, бу билан адабий тилнинг ривожланиш тамойилларидан бири бўлмиш ҳамда авлодлар орасидаги боғланиш принципига қаттиқ путур етказилганига эътиборни тортади.
3) Айрим таклифларлар: баъзи товушлар ифодаси учун (ш, ғ) қўшимча белгилар ўрни бир хиллаштирилса; фақат Туркистон туркчаси алифбоси тузилганда ҳам бу ўринда туркман тили учун хос бўлган чўзиқ унлилар учун белгилар етишмайди; алифбода сингармонизмни тўлиқ акс эттириш учун туркий сингармонизм фақат унлилар уйғунлиги эмас балки унли ва ундошлар уйғунлиги эканлигини ҳисобга олмоқ керак.
Шунинг учун ҳам бу алифбода нг ёнида нғ ҳам бўлмоғи зарур деб ўйлайман.

Бахтиёр ИСАБЕК

Филиология фанлари номзоди

24 май 2023 йил.