Яқинда ижтимоий тармоқлардан шоир Орзу ҳақида маълумот излаб кўрдим. Афсуски, бодрингни “орзу” навидан бўлак маълумот топа олмадим. Ўйланиб қолдим: наҳотки мухтасар маълумотни ижтимоий тармоққа киритиш қийин бўлса… Шунинг учун Орзу ҳақидаги мухтасар маълумотни эълон қилмоқдаман.
ЯНГИБОЙ ҚУРБОННИЁЗ ЎҒЛИ ОРЗУ
(1890 – 1979)
Янгибой Қурбонниёз ўғли 1890 йилда Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида таваллуд топган. У “Орзу”, “Орзу Урганжий” тахаллуси билан ғазаллар битган. Дастлабки маълумотни қишлоғида, кейинчалик Хива мадрасаларида ўқиб олган.
1930-йилларнинг бошида Хоразм вилояти, Урганч туманидаги Юқори Дўрмон қишлоғига кўчиб келган ва қишлоқда имомлик қила бошлаган. Сўнгра бу қишлоқда муқим яшаб қолган ва илк ташкил топган “Обод” номли колхозга биринчилардан бўлиб аъзоликка кириб, қурилиш бригадасида меҳнат қилган.
“Сталин қатағони” шоирни ҳам четлаб ўтмаган. 1938 йилда уни ҳибсга олиб, имомлик билан шуғулланади, партия сиёсатига қарши ташвиқот юритади, деган айб билан тўрт йилга қамашган. Қамоқдан сўнг Янгибой Қурбониёз ўғли фронт орқасига — ишчи батальонига чақирилиб, Урал заводларида икки йил ишлаб қайтган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўз қишлоғида меҳнат қилиб, 1960 йилда нафақага чиққан ва ижод билан шуғулланган. Орзу 1979 йилда салкам 90 ёшида вафот этган.
Орзунинг ҳаёти ва ижоди, бадиий меъроси тадқиқотчилар томонидан ўрганилмаган, шеърлари тўлиқ нашр қилинмаган. Фақат, 1979 йилда “Оқсоқоллар каломи” номи билан Тошкентда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1997 йилда “Васлинг чамани” номи билан Урганчда “Хоразм” нашриётида, 2015 йилда “Ҳикматлар гулистони” номи билан Тошкентда “Kamalak” нашриётида ва вақтли матбуотда қисман нашр қилинган.
Шоирнинг инсонийлик, соф муҳаббат, вафони улуғловчи ғазаллари Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Рўзмат Жуманиёзов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Оғабек Собиров каби ҳофизлар томонидан куйланган ва ҳозир ҳам ёш хонандалар томонидан куйланмоқда.
Орзунинг бадиий мероси ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида № 63-инвентарь рақами остида, шоир хонадонида ва унинг дўстлари қўлида қўлёзма сифатида сақланмоқда.
Профессор Мадраҳим САФАРБОЕВ
***