“Триптих”, аслида, тасвирий санъат, хайкалтарошлик ёки архитектура санъатидаги бир мақсадда ишланган, бир бирига ўхшаш учталик, йўналиш.
Дунё адабиётида, тўғрироғи, ғарб адабиётида, ҳаётида бўлгани каби, ўта даражада эркинлик ҳеч қандай тўсиқларсиз, муқаддас туйғу қадриятларсиз шаклланиб боряпти. Шарқда, яъни бизда, адабиёт ҳамма соҳада бўлгани каби халқ меросига, қадриятларга, одоб ахлоқ нормаларига, андишага, стереотипларга ортиқ даражада суянади. Ҳатто Абдулла Қодирий, Тоғай Мурод каби улуғ ёзувчиларимизнинг ҳам энг катта ютуғида, уларга ижоддаги тўсиқ ҳам шунда эди.
Ёзувчи Каримберди Тўрамурод қанчалар халқона, содда тилда ёзмасин, мана шу тўсиқни енгиб ўтган ёки кўрмасликка олиб, ошиб ўтган ёзувчи.
Бизнинг халқда муқаддас деб билган қадриятлари, нарсалари бор, масалан, “Ватан”, “Она”, “Устоз”. Бошқа халқларда “На бедную родину надейся, а сам скорее на богатую чужбину уезжай”, каби мақоллар, “таксичная мать” каби психологик атамалар бор.
Объектни, образни ҳар хил ракурсдан кўра олиш, таърифлай олиш қобилиятини ўзбек адабиётида фақат ёзувчи Каримберди Тўрамурод ижодида кўрдим.
Каримберди Тўрамурод мужмалликдан, ўта мураккабликдан, ўрама, зерикарли усуллардан қочган ҳолда, буюк – буюк ғояларни оддийлик, табиийликка ўраб, ифода этади. Энг кичик ҳикоясининг ҳам бошиланиши, воқеалар ривожи, кульминацияси, ниҳояси бор ва бу ҳикоялар ёшу қарига, олимга ёки бевага, ҳатто мактаб ўқувчисига ҳам ёқади.
“Туҳфа момо” ҳикоясида “Зокир Дилрабо билан бир марта ҳам гаплашмади…”, ҳатто хулосани ҳам якунлаб, ўқувчига санъат асаридан фақат завқ олиш имконини беради. Ёзувчининг асарини ўқигандан кейин руҳингиз енгиллашади, чин маънода дам оласиз.
“Триптих”ларнинг яна бир ўзгача жиҳати: оналар, оталар, фарзандлар каби одатий, анъанавий мавзуларни кечиб ўтиб, ажойиб мавзуларга дуч келасиз, “ўғрилар”, “ҳайвонлар”, “кўрлар”, “ҳожилар” каби.
“Ҳайвонлар” триптихида: 1-ҳикоя “Мушук”, 2-ҳикоя “Улоқчалар”, 3-ҳикоя “Эшак”. Лекин “Ҳайвонлар” боби ҳайвонлар ҳақида эмас, орамиздаги инсон номли “ҳайвонсифат маҳлуқлар” ҳақида.
Шу бўлимдаги “Мушук” ҳикояси юрагимни оғритди, ҳайвонларга бешафқат инсонлар атрофдаги яқинларга ҳам бемеҳр, ёвуз бўладилар. Бу ҳикояни ўқиб кўрмагунча, ўқувчи мени тушунмаслиги мумкин, лекин ҳикояни ўқиб чиққач, юрагингизда симмилаган оғриқ туради.
“Улоқчалар” ҳикоясида адиб дунёни меҳр, фақат меҳр ушлаб туришини, барча ёвузликлар, жиноятлар бемеҳрликдан содир бўлишини том маънода кўрсатиб беради.
“Икки ўғил уларни ўзидан итариб, қизини бағрига тортган Жангил момони яхши кўрмай катта бўлди… Икки ўғил бир-бирини яхши кўрмай катта бўлди. Икки ўғил Олим бобони-да яхши кўрмай катта бўлди”. Дунёни гўзаллик билан бирга яхшилик, меҳр муҳаббат қутқаради, буни эса ижодкорлар доим эслатиб турса ва келажакка етказса, ажаб эмас.
Ёзувчи айтганидай, кўнгил алдамайди, кўнглим сезиб турибди, фақат яхшиликлар, яхшилар, меҳр-оқибат, муҳаббат ҳақидаги “Триптих” китоби сизга, албатта, ёқади.
Хосият Бекмирзаева,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори



Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
Гулнор (аудиокитоб)
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида