(Муҳаммад Солиҳнинг “Kуллиёт”и ҳақида)
Мен бу “Куллиёт”нинг чиқишини узоқ кутдим.
Устознинг йўқолган асарларини қайта тердим, йиғдим, илк китобларида чоп этилиб, кейинги китобларига кирмаган шеърлари, газеталарда чиққан интервьюлари, мақолалари, суҳбатлари, таржималарини қайта териб, тўплашимга тўғри келди.
Ҳатто китоб босмага тушиб кетиши арафасида Франц Кафканинг “Очлик устаси” ҳикояси таржимасини аранг топиб босмага беришга улгурдик. Чунки газетанинг айнан шу сони ҳатто Миллий кутубхонадан ҳам топилмади.
Зиё Кўкалпнинг “Туркчилик асослари”ни устоз иккинчи бор қайта таржима қилдилар. Уларнинг 73 ёшдаям(таржима устида ишлаётганда 73 ёшда эдилар) ўз ишига мисли кўрилмаган шиддат билан ёндошуви мени қайта-қайта ҳайратлантирарди. Улардаги ростлик, тўғрилик, ҳаддан ташқари ҳалоллик менга ҳам ғайрат бағишларди.
Устознинг номини, ёзганларини ими-жимида яхши кўрадиганларга икки оғиз айтар гапим бор.
Гарчи кейинги йилларда ўзбек адабий иқлимини тубдан янгилаган шоирнинг номи ғаламис, қўлбола сиёсатчи ва носиёсатчилар томонидан қораланган эса-да, мен бу инсонда тупуклаб ёпиштирилган айбномаларнинг шарпасини ҳам кўрмадим.
Ишонаверинг, мен бу инсон билан китобларни тайёрлаш жараёнида ҳар куни мулоқотда бўлдим. Бу муддатда унинг ҳаддан ортиқ миллиятчи, ўзбекпараст ва туркпарастлигига амин бўлдим.
Гапидаям, амалидаям РАСО бир мўминни, ҳалол бир ўзбекни, юксак бир шахсиятни, ўзим бормасам ҳам Ватанга китобларим борсин дегич адл бир Шоирни, “Жойнамозим – менинг Ватанимдир” деб яшаётган ҳаддан ташқари соф бир муслимни танидим.
Ишонинг, мен китоб нашрга тайёрланган икки йил оралиғида севимли Устознинг оғизларидан на Ватанга, на сиёсатга, юрт тўраларига қарши бирор оғиз лафз эшитмадим.
Ушбу китоблар Ватанда чиқиши керак эди.
Ва шу мамлакатда чоп этилиши шарт!
Чунки унинг манфаатини, унинг ҳузурини ҳали бу эл, бу юрт кўп кўради. Бу китоблар ҳали кўп авлодларнинг адабий тиши чиқишида хизмат қилади. Ва ўзбек адабиёти учун узоқ йиллар филтр вазифасини ўтаб беражак.
Китоб тайёрлаб бўлинган куни ушбу матнни ёзган эканман.
ВАҚТ УДУМИ
Ўтган йили 31 август куни бошланган Муҳаммад Солиҳ асарларининг 12 жилдлик муҳаррирлик ва тузувчилик ишлари 2022 йил 31 август куни ниҳоясига етди. Бунда аниқ рамзий мазмун кўрдим.
Мен бу китобларни бутун меҳримни, кучимни бағишлаб тайёрладим. Чунки ҳали 7-синфда ўқиётганимда мен учун афсонага айланган бу ШОИРнинг асарларини ўқиш, ўқиганда ҳам муҳаррир сифатида ўқиш мен учун ҳам суюмли, ҳам маъсулиятли иш эди.
Эсимда бу китоб бир одам каби, менинг ҳаёт йўлимни нурга тўлдиришни истаган бир одам каби кириб келганди ҳовлимизга. Болаликдан олган руҳий шикастларимни бир-бир даволаганди. Бирмунча сентиментал кўриниши мумкин бу фикрларим. Аслида 13 ёшдан кейин шу китоб сабаб ҳаёт тарзим ва мен биргалашиб ўзгарганмиз.
13 яшарлигимда уйимга кириб келган “Орзу фуқароси”дан жинни бўлиб қолаёзганман.
Ва яна эсимдаки, бу китоб менинг ёлғизлигимни тўлдирган, қўрқинчли бўшлиқдан халос этганди.
Мен бу китобни ўқиётиб, севишни, бетаъма ва бегина севишни ўрганганман. Бутун ички оламимни таҳрир этганман. Одам бўлиш неъмати сари одим отганман.
Эҳҳҳҳ, гўзал кунлар эди, у кунлар. Уйқуга ётиш олдидан, эрта саҳарда кўзимни очарак бу китобдан камида 2-3та шеърни ўқиб кейин ҳаракатга инардим. Бу китоб ёстиғим остида тургани учун ҳеч ким мени таъқиб этмасди, махфий суҳбатларга чақирмасди, ўғлимнинг келажагини айтиб таҳдид қилмасди. Ҳолбуки, бугун юрагимнинг энг пинҳон ва энг ошкор жавонларидан жой олган китобларни баъзи хизмат ходимлари ёқиб кул қилолмаётибди. Шукрки, болалигимга зуғум ўтказа олишмайди. Унинг ортидан қувлаб етолмайдилар.
Майиб бир тузум кейинчалик бу китобларни одамларнинг тафаккури ўртасида йиғиб олов қўйди. Мен эса Жоконданинг табассумини қутқариб қолган болакайдек бу китобларни асраб қолдим. Юрагимда. Тафаккуримда. Шу китоблар билан бола бўлдим, улар билан ўсмирга айландим ва яна бугун шу китоб ила 50 ёшлар арафасидаги аёлман.
Мен болалик қаҳрамонимга ҳар битта тош отилганда йиғлаганман, баъзан ҳўл, баъзан қуруқ йиғлаганман.
Эрк учун, Озодлик учун, Миллат бахти учун кураша туриб, унинг шақир-шуқур мукофотларини Ватаннинг номуҳаббатли кишилари олганда ичимдаги адоқсиз чоҳларга қулаб кетганман.
Боладай беғубор, Ватандай сукутли, Ота-Онамдай лафзи рост Инсонга, Шахсга, Шоирга тупуклаб ёпиштирилган ҳар бир туҳматдан лаҳта-лаҳта қондай тўкилганман.
Ҳар бир сўзида, ҳар бир амалида ростлик ва тўғриликдан бўлак ҳеч нима кўрмаганим ҳаддан ортиқ севимли ШОИРимнинг қисмати қошида доимо тилимни тишлаганман. Имконсизлигимдан ўкинганман. Шоирим шу қадар ватансевар бўла туриб, Ватан тупроғига илҳақ яшаётганидан ўзимни айблидек ҳис этаман.
Ҳатто Ватандан неча минглаб фарсаҳ узоқда яшай туриб ҳам шу юрт саодати учун қайғураётганидан кузги дарахтлардек оғриқли шовурлайман. Ватанимдаги дарахтлардек унга талпинаман.
Жалолиддинини тарих тўзонлари ичидан тортиб олиб отга мингазаётган хоразмликларга қудратли тарих фақат ўтмишда эмас, шундоқ ёнимизда эканини айтмоқчи бўламан. Тилимдаги қўрғошин туйғулар эрийди, эриб кетади…
Ўн икки жилдликни тайёрлаш жараёнида мен гўзал бир тарихий меҳр ичида тўлқинландим. Ойдин хоним бир пайтлар матбуотда эътироф этган бу дунёнинг одами бўлмаган сиймонинг қалбида табиий ишлов берилган туйғуларни кўриб юрагим қамашди.
Ва Одам самимий гапириши, самимий ёзиши ва самимий яшаши учун бу дунё самимий бўла олмаслигини тушундим. Йўқ эса, ҳижратда яшаган бир ШОИРининг кўнглини авайлаган бўлармиди бу дунё?!
Тезкор замон ичидамиз. Меҳр, муҳаббат, нафрат, ғазаб, ноодамийлик, қўрқув каби ҳислар тезлашган бир давр. Қотиб қолган тоғни ковлаб сув келтирган Фарҳоддай, одамларнинг кўнгилларига ўрнашган ҳарсангларни олиб ташлаб шеър келтирган, оҳанраболи сўз келтирган Сўзбонни танимас бир Вақт удумидамиз.
Унинг асарларини йиғиш, йўқолганларини излаб топиш, ўчиб кетганларини қайта териш, ҳатто бир пайтлар таржима қилиниб, айни пайтда йўқ бўлиб кетган таржима асари “Туркчилик асослари”ни таржимон томонидан икки қайта таржима қилиниши менга кўп нарсалардан сўзлади.
Гул ҳидламоққа чоғланган одамдек димоғим бир ошуфталик ичида. Ифор ва менинг орамдаги масофада туғилган гўзалликнинг исми – Шеърдир.
Юрагимнинг тебраниши билан бир маромда тебранаётган руҳият эса ШОИРимнинг шеърлари аро ҳамма ҳилтлардан тозаланади.
Ажабо!
31 август 2022 йил.
Гўзал Бегим



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ