O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Америкалик профессорнинг инқирози

Америкалик профессорнинг инқирози
201 views
30 April 2017 - 6:00

Колумбия округи қошидаги Гудзон институти баъзи экспертларининг Ўзбекистон Президентига “асосан стратегик манфаатлар” нуқтаи назаридан ёндашаятганини кўриш ниҳоятда ачинарлидир. Ўзбек диктатори билан шунга ўхшаш ҳатти ҳаракатларни жонлантиришга бўлган интилиш Америка Қўшма Штатларининг демократиялаштириш сиёсатини обрўсизлантириб, Президент Бушнинг сўнгги “Миллатга мурожаати”га тамомила зиддир. Мабодо, АҚШ маъмурияти Ўзбекистон фуқароларини қонга ботирган бу диктатор билан ростдан ҳам алоқа ўрнатишга ҳаракат қилса, Америка сиёсий қадриятларининг таназзулга юз тутишини кузатишдан бошқа иложимиз қолмайди.

Каримов билан муваффақиятли амалга оширишнинг иложи бўлмаган сиёсатни яна давом эттириш ва ё жонлантиришга бўлган ҳаракат региондаги вазиятни издан чиқарувчилар учун демократия ва умуминсоний қадриятлар ҳақида оғиз кўпиртириб гапираётган Американинг барча учун теппа тенг ва баробар бўлмаган “ўз
демократияси” борлигидан ёрқин нишона бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга бу ҳолат – Америка куч қудрати ва шуҳратининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини эмас, балки аксинча, унинг ожизлигини, инқирозга юз бурганини англатади. Ўзбекистонга нисбатан ўйланмай қилинган бу ҳаракат, дунёдаги бошқа регион диктаторлари тегирмонига сув қўйиш билан баб баравар.

“АҚШ билан яқинлашиш сенга кўп манфаатлар олиб келади” деган ақидага ишонтириб яшаш – ҳозирга қадар демократия бастиони ва таянчи бўлиб келган Америка учун хатарли бўлиб, демократиянинг асл қадриятларига зиёндир. Америка сиёсий стратегияси ва йўналишларини белгиловчи таниқли олимлар, эксперт ва таҳлилчилар Каримов билан яқинлашишдан олдин ўн карра ўйлаб, сўнг қарор қилишлари лозим.

Акс ҳолда, АҚШ оддий одамлар назарида ўз таъсир кучини йўқотиб, охир оқибатда бу халқаро майдонда ҳам унинг обрўсига путур етишини, дарз кетишини бошлаб беради. Агар Америка ташқи сиёсати шундай аморф ҳолда қолиб, “ўз танлаган демократияси” йўлидан бораверса, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа озод, эркин ва ҳур давлатлардаги ҳамкорларимиз ёрдамида ҳали Ўзбекистонда жуда кўп иш қилиниши лозим бўлади.

Иқтисоди кундан кун таназзулга юз тутаётган, инсон ҳуқуқлари ақл бовар қилмас ҳолда оёқ ости қилинаётган Ўзбекистондаги бу сиёсат – Каримов режимининг инқирозидан далолатдир! Айнан шу фожеали ҳол боис Каримовнинг бутун бир регион тинчлигига дахл солаётган жиноий ҳатти ҳаракатлари Вашингтон экспертларини соғлом ақл билан ҳаракат қилишга ва ҳушёр бўлишга даъват этмоғи керак!

Биз сенатор Джон Мак Кейннинг ўзбек халқини қўллаб қувватловчи Ўзбекистонга оид позициясини қутлаган ҳолда, бошқа кўзга кўринган сиёсатчи ва таҳлилчиларни ҳам ундан ўрнак олишга чақирамиз. Шу билан бирга биз Премьер Министр Тони Блэр жанобларининг Каримовга ва Андижон қирғинига берган баҳоси ва муносабатини қутлаймиз ва Британия ҳукуматидан бу борада амалий ҳатти ҳаракатлар ва изчил чора тадбирлар кутиб қоламиз.

Биз – ўзбек мухолифати аъзолари Марказий Осиё муаммоларини тўла англаб етиш борасидаги сайи ҳаракатлари учун Британия Парламенти фолиятидан жуда мамнунмиз. Фурсатдан фойдаланиб, инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент қошидаги кенгайтирилган ва аралаш гуруҳи ҳамда Марказий Осиё гуруҳи аъзоларининг хайрли ва савобли ишлари учун ўз миннатдорчилигимизни изҳор этмоқчимиз. Шу муносабат билан биз бу самарали ва зарур фаолият давом эттирилишига умидвор бўлиб қоламиз. Бизда Американинг Ўзбекистонга бўлган муносабати ўзгаришига умид учқунлари бор. Бу умидворликни биз – АҚШ Давлат департаменти позицияси ўзгаришини урғулаган Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Ричард Баучер шарҳларида кўрдик. Давлат Департаментининг бу адолатли ва холис шарҳига Каримов раҳбарлигидаги “алоҳида ва махсус топшириқлар бўйича” тузилган қўшин “юзлаб” қуролсиз тинч намойишчиларни отиб ўлдирганлиги асос қилиб олинган. Бир сўз билан айтганда, бизда ҳали Марказий Осиёга эътибор беришлари учун етарли асослар мавжуд… Каримовнинг исломчилар билан дунёни
қўрқитиб келишига ишонишни бас қилиш фурсати келмадими?

Наҳотки, бошқарувдаги қонли режим билан баб баробар туриб халқ овозига даъвогар бўлиши мумкин бўлган мухолифат сиёсий партияларига мамлакат ичкарисида эркин сиёсий фаолият олиб бориш имконини яратиш пайти ҳануз келмаган бўлса? Наҳотки, Каримовнинг бу манфур ва аксилхалқ тузумининг амалда давом этавериши нечоғлик оғир оқибатларга олиб келишини англаб етиш шунчалар қийин бўлса! Наҳот Ўзбекистон учун ўзгариш, озодлик ва ҳурлик насимларига навбат етмаган бўлса? Консерватор фикр ва қарашлар ташаббускори ва генератори бўлган Гудзон институтида яқинда Каримов ҳукумати томонидан Андижон фожеаларини нотўғри талқин этиб, сохталаштириб яратилган видеофильмини намойиш этилиши бизда таажжуб ва таассуф уйғотди. Айнан каримовча бу пропаганда – Гудзон институтига обрў келтирмайди.

Андижон фожеасини “Андижон воқеаси” деб аташ ҳақиқатга хилофдир! Адндижонда оммавий қирғин рўй берди! Агар Жон Хопкинс университетининг ҳурматли профессори Фред Стар ростдан ҳам диктатор Каримовнинг айбсизлигига ишонса, марҳамат қилиб менинг қуйидаги саволларимга жавоб берсин: Нега қамоқхонанинг марказий дарвозалари бу қадар осон очилдийкин? Нега турма қўриқланмади ва хавфсизлик чоралари кўрилмади? Қамоқхона қўриқчилари ва офицерлар қаерда эди? Нега камералар эшиклари ланг очилган эди? Қамоқхона коридорида қуролларни ким ва нима учун қатор қилиб териб қўйган эди? Кичик офицерлар гуруҳига ўз постини ташлаб кетишга ким рухсат берди? Агар ниманидир яширишни истамаса, қўрқмаса Каримов бу оммавий қирғин бўйича нега халқаро тергов ўтказишни истамаяпти? Нега у мамлакатдан чет эл матбуот вакиллари ва ноҳукумат ташкилотларини ҳайдаб чиқарди? Шу муносабат билан Колумбия Округи таҳлилчиларининг Каримовни очиқ ойдин ва ё кўр кўрона қўллаб қувватлашга бўлган интилишлари кишида таассуб уйғотмай қолмайди. Уларнинг бу ҳатти ҳаракатлари Каримовнинг яқинда Қора денгиз қирғоғидаги Сочида – Путин ҳузурида қилган маърузасига айнан монанддир. Ўшанда Каримов шундай деган эди: “Мен америкаликлар томонидан босқинчиларча забт этилишдан кўра, россияликларнинг муҳаббатли муносабатларини афзал кўраман…”

Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Каримов демократияга амал қилиш талабини – босқинчилик билан забт этиш деб тушунаркан…

Мен дунёдаги барча демократия ва озодлик тарафдорларини ўзбек мухолифати иштироки таъминланган эркин ва ҳалол сайловлар ўтказиш ҳақидаги талаб ва чақириқларимизни эшитишлари ва бизни қўллаб қувватлашларини истардим. Каримов режимига алтернатива бор ва мавжуд – бу демократиядир. Ғарб Каримовнинг “Ё мен ва ё исломчи радикаллар”, деган сафсата- ларига ишонишни бас қилиши керак.

Ўзбекистон – Ғарб учун – агар у сўздан амалий ишга ўтишни чўзаверса – бир кун келиб портлаш мурвати ишлаб турган бомбадир (мина замедленного действия)! Каримовни жазолашни пайсалга солиш Ғарб обрўсига соя солади ва демократия ғанимларини қуроллантиради. Каримов билан алоқани тиклаш ва жонлантиришни истаганлар Ироқ ва Афғонистонда демократия ва озодлик учун жон фидо этган одамлар ва Коалиция қўшинлари руҳига хиёнат қилганликларини унутмасликлари керак.

Каримов нағмасига учиб, унинг тарафида лўттибозлик қилувчилар эрта бир кун абадий лаънатга дучор бўлишларини эсда тутишларини истардим.

2006

(128)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (375-379-саҳифалар.)

(давоми бор)