O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бани Омир элчилари

Бани Омир элчилари
222 views
01 March 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 149
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

БАНИ ОМИР ЭЛЧИЛАРИ

Булар ичида Омир ибн Туфайл, Арбад ибн Қайс, Жаббор ибн Саламий деган қабила бошлиқлари, элчилар раислари эди.

Бутун қабила устидан раислар бошлиғи қилиб Омир ибн Туфайлни сайламиш эрдилар. Мунинг кўриниши кўркам, эгиз бўйлик, юзи чиройлик, чечан тиллик киши эрди.

Исломиятдан илгари араблар ўз одатларича ҳар йили Укоз, Зулмажоз деган машҳур бозорларга йиғилишиб мушоира-муфоҳара (музокара) қилишур эди. Яъни, араб шоирлари, хатиблари ораларида сўз мусобақаси бўлур эди. Қайси қабила шоирининг шеъри фасоҳат, балоғат тўғрисида бошқаларникидан устунлик қилар экан, уни келтириб ҳурматини кўтариш учун Каъба деворига осиб қўйишар эди. Мундоғ шеър эгаларининг халқ ичида қадри кўтарилиб, уларга улуғ шоирлик унвони берилур эди. Бу иш эрса ўшал замон араблари олдида улуғ шарафга эга бўлгани учун шеър сифати энг олий даражага етмагунча Байтуллоҳ деворига осишга йўл қўймас эдилар.

Мана шундоқ жойларда халқ йиғилиб тўлганида шу Омир ибн Туфайлнинг амри билан унинг жарчилари халқ ичини оралаб: «Ким пиёда эрса от миндирамиз, ким оч бўлса тўйғизамиз, душмандан қўрққан бўлса қутқазамиз», деб қичқиришур эди. Лекин Омирнинг кўнглида ҳасади бўлғонликдан Расулуллоҳга қаттиқ душманлиги бор эди. Қабила ичидаги яхши кишилар:

— Эй Омир, Маккани Муҳаммад фатҳ қилди, Қурайш унга иймон келтирди, бутун араб халқи Ислом динига киргани турдилар. Энди сен ҳам кўп қаторида иймон келтиргин, — дедилар.

Анда ул:

— Ҳой, мен унга қандай иймон келтираман? Бутун араб халқини ўзимга қаратаман деб онт ичган эдим. Энди Қурайшдан чиққан бир кишига бўйсунмоқни ўзимга ор кўрурман, — деди.

Шундоғ бўлса ҳам элчиларга бош бўлиб Мадинага келди. Энг яқин кўрган йўлдоши яна қабила раисларидан Арбад ибн Қайс деган киши бўлуб, мунинг ҳам ёмонлиги ундан қолишмас эди. Расулуллоҳга йўлиқиш олдида Омир унга:

— Қачон Муҳаммад олдиға кирдук эрса, мен уни сўз билан алаҳситиб тургайман, ул чоғда сен пайт пойлаб чаққонлик билан унга қилич солур бўлсанг ўзимизни ва бутун араб халқини ундан қутқазган бўлурмиз, — деди.

Бу хиёнатни қилишга қаттиқ ваъдалашдилар. Шу билан Расулуллоҳ устига кириб кўришгандан сўнгра Омир сўз бошлаб:

— Эй Муҳаммад, икковимиз дўстлашиб иш қилсак яхши бўлур. Шаҳар халқи сенга бўлсин, дала халқи, кўчманчилар менга бўлсин, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Аллоҳга иймон келтирур бўлсанг, дўст бўлурмиз, — дедилар.

— Агар иймон келтирсам, сендан сўнгра ҳукумат иши бизда бўлғайму? — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Уни Аллоҳ билур, ул эрса Аллоҳ хоҳлаганича бўлур.

Ул яна сўради:

— Агар иймон келтирсам, бошқалардан ортиқча нима топқайман?

— Фойда-зиённи мусулмонлар билан тенг кўрурсан, сенга улардан ортиқча иш йўқдур, — дедилар.

Бу сўзни англагач, Омирнинг шайтони келиб бўйнига минди. Ғазаби қўзғалиб:

— Эй Муҳаммад, сенинг устингга отлиқ, яёв йигитлардан сонсиз аскарни келтирурман. Мадинанинг хурмоли боғларини аскарга тўлғизиб ҳар туп хурмога биттадан от боғлатурман. Худо ҳаққи, шундоқ қилурман,— деб дўқ уриб қўрқитмоқчи бўлди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Сени бу ишдан Аллоҳ қайтаргай, бу сўзнинг уддасидан чиқолмагайсан. Ичган қасамингга ёлғончи бўлурсан.

Ансор саҳобаларнинг раисларидан Усайд ибн Ҳузайр ҳам шу ерда эди. Расулуллоҳ олдида буларнинг шундоғ адабдан ташқари айтган сўзларини англаб, анинг аччиғи келиб:

— Эй маймунлар, Расулуллоҳ олдиларидан чиқинглар, — деб Омирнинг бошига бир урди.

— Ҳой бизга шундай журъат қилган сен ким эдинг?— деди.

— Усайд ибн Ҳузайр эрурман.

— Отанг Ҳузайрни кўрган эдим, ул киши сендан яхши эди, — дейишди.

— Отамдан ва сендан албатта мен яхши эрурман, чунки отам мушрик эди, сен дағи мушриксан. Мўмин киши Худо олдида албатта мушрикдан яхшидур, — деди.

Аларнинг аччиқлари ҳаддин ошиб, қаҳр-ғазаблари тўлиб тошиб, Расулуллоҳ олдидан чиқишлари билан ўз юртларига жўнадилар. Қилчалик бўлса ҳам Ислом муҳаббати дилларига кирмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг иймонидан умид уздилар. Бани Омир қабиласи эрса араблар ичида атоқли катта қабила аталур эди. Раислари иймон келтирмай кетганлари учун Расулуллоҳ қайғуриб қолдилар. Раислари иймон келтирур бўлсалар, буларни юборган қабила халқининг ҳам Ислом динига киришлари аниқ эди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алар ҳақига дуо қилиб:

— Эй бор Худоё, Бани Омир қабиласини ҳақ йўлга бошлагил, Омир ибн Туфайлнинг ёмон қасдидан бизни сақлагил, давосиз дардга йўлиқсин, ўзини қутқаролмай, бизни унутсин, — деб қарғадилар.

Расулуллоҳ қошларидан чиқишганда Омир ибн Туфайл йўлдоши Арбадга айтди:

— Эй Арбад, сенга нима иш буюрган эдим, меним айтган сўзим қаён қолди? Араблар ичида сендан бошқа бирорта кишидан қўрқинчим йўқ эди. Синовдан ўткач энди билдим, энг қўрқоқ киши эрмишсан, бу кундин бошлаб кўнглим тинчиди. Энди сендан қўрқмас бўлдим, — деди.

Анда ул:

— Эй Омир! Бу сўзда кўп шошқинлик қилма. Сен буюрган ишни қилмоқчи бўлиб уч қайта қасд қилдим. Биринчи марта қиличга қўл урдим эрса, унинг ўрнида сени кўрдим. Сени чопгали бўлурми? Иккинчида орамизга темир қўрғон қурилди. Учинчида қилич сопига қўлим қадалди, на эрса бу ишларни кўрдим. Бўлғон иш шудир. Энди қолганини ўзинг билурсан, — деб тўхтади.

Эй раббим Аллоҳ, бу нима сир, бу қандай йўриқдурким, шунчалик улуғ мўжизалик, улуғ қудратни кўзлари кўратуриб бу кишиларнинг кўнгиллари яна очилмади-я? Мундоғ бўлишнинг сабаби эрса, уларга Аллоҳ тавфиқ бермади. Чунки Аллоҳнинг тавфиқ беришига банданинг талаби шартдур. Аллоҳ инсонни ўз ҳикмати билан яхши-ёмонни, бузуқтузуқни ажратишга ақл бериб, бу икки йўлнинг қайси бирига бўлсин, ўз ихтиёрича юришга эрклик қилиб яратмишдур.

Мундай бўлгач, яхши-ёмон ишларни банда ўз эрки билан қила олур. Савоб ишларни қилиб жаннатга кирмак, гуноҳ ишларни қилиб дўзахга тушмак банданинг ихтиёрига боғлиқдур. Шайтон йўлида йўқотган кучни раҳмон йўлида ишлатиш банданинг ўз қўлидадур. Инсон ақли етмайдирган диний ишларда йўлбошчилик қилиш учун Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Буларнинг биринчиси Отамиз Одам Сафиюллоҳ, энг сўнггиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар. Бу икки орада ўтганлар бир ривоятда бир юз йигирма тўрт минг, иккинчи ривоятда икки юз йигирма тўрт минг пайғамбардурлар. Буларнинг келтирган динлари замонларига яраша турлича бўлса ҳам барчаларининг диний асослари шу уч нарсага қаралмиш эди:

Биринчиси, Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига иймон келтириш;

Иккинчиси, ўлгандан кейин яна қайтадан тирилишга ишонмоқ;

Учинчиси, қиёмат кунининг бўлишига инонмоқдур.

Мана шу хабарларни бутун инсонларга еткизмоқ учун Аллоҳ таоло шунча кўп пайғамбарларни юбормишдур. Аллоҳ ўз раҳматини аямади. Буларнинг ҳар қайсилари ўз устларига юкланган хизматларини ўз вақтида ўринлатдилар. Бу тўғрида чиққан ҳар турли оғирликлар бўлса, сабр қилдилар.

Айниқса, Расулуллоҳга бу ҳақда бўлган қийинчиликлар, ўтган пайғамбарларнинг ҳеч бирига бўлмаган эди. Энди ишлар тугаб, Худо ва унинг Пайғамбари ўз вазифаларини адо қилгандурлар. Расулуллоҳга Қуръон тушган кунидан бошлабоқ юзага чиққан ҳақиқат эрса Ислом динидур. Инсон даври тугагунча дунё, халқига мослашгудек бундан бошқадин йўқдир. Расулуллоҳ марҳамат қилдилар:

«Бир кун келурким, мен келтирган шу Ислом дини ер юзини бутунлай қоплаб, кирмаган уйи қолмагай, бу динга бўйсунганлар эса ҳурмат кўргайлар. Қаршилик қилганлар хорликка қолгай», дедилар.

Агар бу сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бўлсалар, албатта, бу иш бўлғусидур. Мунинг белги ва аломатлари бўлаётганини узун йиллардан бери пайқаб келамиз. Расулуллоҳ айтишларича, ҳар юз йилнинг бошида Ислом динини янгиловчилар чиқиб туришлари лозимдур. Биринчи юзидан бошлаб ўн учинчи юзга етгунча узилмай улардан чиқиб турганлиги мўтабар китобларда ёзилган экан, ўқиб кўрдим. Энди олдимиздаги ўн тўртинчи юзни кутиб турмоқдамиз.

Эҳтимол, бу юзга етгунча катта ҳодисалар, зўр воқеалар бўлиб, улуғ ўзгаришлар кўрилгусидур. Чунки ҳар ишнинг камолга етиши ул ишга завол келиши демакдур. Ислом динига қарши зиёнлик нарса кўрилмиш эса, шу аср маданиятининг диний ҳалокатимиз учун тайёрламиш оғули ошлари, заҳарли шарбатларидур. Ислом дини ер устига тарқалгандан бери, ҳеч даврда бундай хорликка қолган эмас эди. Энди кўп узоқ эмас, устимиздаги йилларни юзга тўлдирсак дин янгилайдиганларнинг даврига етишган бўламиз.

Расулуллоҳнинг хабар беришларича, албатта мусулмонлар учун кўп яхшилик кунлар келиши керакдур. Лекин у бахтли кунларга ким етгай, ким етмагай. У кунларни кўрган бахтли мўминлар, кўролмай ўлган ғариб мўминларни дуода ёд қилгайлар.

Тарих ҳижратнинг бир минг икки юз йиллигида вафот топган ҳадис олимларининг устозларидан Имом Шавконий Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, имом Маҳдийнинг хуружи, Дажжолнинг чиқиши— шу уч воқеа устида бир китоб ёзмишдур. Шуларнинг чиқишларини исботлаб эллик ҳадис Маҳдий охирзамон ҳақида, йигирма тўққиз ҳадис Ҳазрати Исо ҳақларида, юз ҳадис Дажжол малъун ҳақида шу китобда келтирмишдур. Бу ҳадисларнинг қайси бирлари гумонлик бўлса ҳам, кўпчилигига қаралса, бу воқеаларнинг бўлишига шак қилиш мусулмон кишиларга тўғри эмасдур.

Мен бу китобимни Пайғамбаримиз айтган, қиёматгача иймондан ажралмайдиган мўминлар учун ёзганлигимдан бу ўринда очиқроқ қилиб гапирдим. Шундоғ бўлса ҳам, яна, кўп сўзларим қаламга келмасдан кўнглимнинг бир четида яширинганича қолди. Иншааллоҳ, уларни ҳам вақти келгач, кўнгил зиндонидан қалам майдонига чиқазиб, тилакдош дўстларимиз, ватан болаларимиз учун эсдалик қўлланма қилиб қолдириш виждоний вазифадур.

Яна ўз сўзимизга қайтдик.

Шундоғ бўлиб, бу улушсизлар Мадинадан ўз юртига қайтиб кетаётганларида Омир ибн Туфайлнинг бўғзида ёнғоқдек бир дона без пайдо бўлиб, катта бўлгани турди. Бунинг оғриғига чидаёлмай, йўл устида кўринган бир чодирга кириб тушди. Бу эрса Салулий қабиласидан бир камбағал тул кампирнинг чодири эди. Бу уйда бир неча кун бетоб бўлиб ётди. Ўзини бутун арабларнинг сайиди ҳисоблаган киши мундоғ ўринда оғриб ётмоқлик бек оғир эди. Чунки араблар олдида Салулий қабиласи эрса энг олчоқ, паст қабиладан саналур эди.

Шулардан бўлган бир қаллож кампир уйида ётиб ўлишни ўзига қаттиқ ор кўрди. Отимни келтиринглар, деб йўлдошларига буюрди. Алар келтиришгач шижоат билан отига миниб найзасини қўлига олди:

— Эй ўлим, кўзимга кўринсанг эдинг, сен билан уришур эдим, — деб жон аччиғида у ён-бу ён от чопиб, сурон солиб ҳайқирди, охири от устида жони чиқиб ерга йиқилди. Унинг ўлигини йўлда қолдириб, қолган икки йўлдоши ўз юртига етиб боришди.

Қабила кишилари Арбадни кўргач, андин:

— Эй Арбад, иш нима бўлди? Муҳаммад сўзини бизга айтгин, аҳвол қандай? — деб ундан сўрадилар.

Анда ул:

— Айтгудек ҳеч гап йўқдур. Бордик, келдик, ўртада овора бўлганимиз қолди. Унинг айтган худосини кўрар бўлсам, ўқ отиб ўлдирар эдим, — деди.

Арбад бу сўзни қилгач, бир кундан сўнгра туясини миниб далага чиқди. Кун очиқ, осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди. Шу орада қарс-қурс қилиб очиқ ҳаводан яшин тушиб ҳар икковини ҳалок қилди. Бу воқеадин сўнг бутун қабила иймон келтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабиланинг иймонига, Омир ибн Туфайлнинг ҳалок бўлишига дуо қилган эдилар. Ҳар икковининг ҳақига қилғон дуолари қабул бўлди. Арбад ибн Қайс эрса, тил адабсизлигидан ўзига лойиқ жазони топди.

(давоми бор)