O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

БАҲОР ҲАР ЙИЛИ КЕЛАДИ

БАҲОР ҲАР ЙИЛИ КЕЛАДИ
116 views
13 March 2012 - 8:58

Баҳор ҳар йили келади…
Янгиликнинг, янгиланишнинг элчиси бўлиб келади баҳор.
Ўзбеклар бу йилнинг баҳорини жуда соғиниб кетдилар.Чунки қиш қора совуқ билан ўтди. Уйлар музлади, ўйлар музлади бу йилги қишда. Совуқ суякларни имтиҳон қилди бу қиш мавсумида…

Мана яна баҳор келаяпти. Умидлар янгидан туғилаяпти. Чунки қуёш ерни истинтиргани каби, баҳор ҳам инсонларимизнинг кўнглини илитмоқда. Ажабо, бу баҳор бир янгилик бўлармикин?

Ўзбеклар мустақилликдан кейин янгилик кутиб яшамоқдалар. Мустақиллик янгилик эди, кутилмаган янгилик эди. Ким билди унинг келганини, ким эса билмай қолди. Чунки мустақиллик баҳори қисқа бўлди. Бу баҳорнинг орқасидан ёз келмади одатдагидек. Куз ҳам келмади мева ва хирмонлари билан. Мустақилликдан кейин Ўзбекистон қаҳратон қишнинг ҳавосида қолиб кетди. Совуқ ва кимсасиз кунлар бошланди Ўзбекистонда мустақилликдан кейин. Қора совуқдан титраган инсонлардан ҳар бири ўз чопонига ўранишга, ўз вужудини қўришга киришдилар. Кўчалар, жамотчилик йиғиладиган жойлар, шиорлару ёзувчилар тўпланадиган маконлар, азонлар айтилдиган миноралар ёлғиз қолди бу “қишнинг” совуғидан…

Ўрта ҳеч ким қолмади. Бир юзи тирриқ ва башараси заҳар сочган одамдан бошқа…

Аммо баҳор ҳар йили келади…
Чунки бу золим инсон халқимизнинг бутун мавсумларини “қишга” айлантиришга уриниб келаётган бўлсада, баҳор унга итоат қилмайди. Чунки баҳор унинг лаганбордор вазирларидан, ҳокимларидан, миршабларидан, сохта мулларидан фарқлидир. Чунки баҳор Ўзбекистон диктаторининг истаги билан келмайди бу юртга.

Баҳор ҳар йили келади…

Баҳор қалбларга умид келтиради ва инсонлардан яхшилик уруғини экишини истайди у. Яхшиликнинг бошланиши эса эътиқоддаги яхшиликдир. Зеро, эътиқодсиз инсон баҳордан бенасиб инсондир. Эътиқодсиз инсон қуриган ёғоч, сарғайган ўтдир. Уни баҳор тирилтира олмайди. Демак, баҳордан истеъфода этишни истаган ўзбеклар аввал эътиқодларини тирилтиришлари керак бўлади. Бу эса шошилмай, ҳовлиқмай амалга ошириладиган ишдир. Ўзбеклар бу соҳада аччиқ тажрибага эга бўлдилар бу баҳорсиз йилларда. Чунки бировлар “халифат”, бошқалари эса “жиҳод”, дея ўринсиз бақирди. Ҳолбуки, эътиқод аввало маърифатдир ва унинг илк амри “Ўқи”дир. Орзумиз, бу баҳорнинг ўқиш йили бўлишидир. Чунки қалблар “Ўқи” амрини берган Зотнинг кимлигини ўрганиш билан тирилади…

Қалбларнинг тирилиши шуурнинг ва фаросатнинг тирилиши билан давом этади. Бу билан ақл болиғ бўлади, инсон тафаккури тараққиёт қилади. Инсон шу шаклда масъулиятни ҳис қилади. Ўзи учун, оиласи учун, миллати учун, ватани учун, ва ниҳоят Ҳақ учун масъулият эгаси бўлади инсон. Масъулиятли инсон нафсини жиловлайди, худбинлик унга бегона бўлади. Шу шаклда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қиладиган инсонлар кўпайиб боради жамиятда. Бу эса сўз ва фикр эркинлигининг хавфсизлигини таъминлайди. Чунки эътиқоди соғлом ва тараккури очиқ инсон бошқаларнинг ҳам сўз ва фикр айтишидан қўрқмайди, аксинча бошқаларнинг ҳам ўзи каби ҳуқуқлари борлигига ишонади у. Шу шаклда маслаҳатлашиш, муаммоларни умумий тушунча, умумий “ақл” билан ечиш муҳити пайдо бўлади…

Баҳор ҳар йили келади…

Баҳор ҳамманинг мавсуми, аммо аввало деҳқонларнинг мавсумидир у. Бир золим бутун ихтиёрларини қўлидан олган ва диктатура қулига айлантирилган деҳқонларнинг мавсумидир у. Баҳор келиши билан нима қилишини билмай турадиган инсонлар топилади албатта. Аммо деҳқонларнинг табиати баҳорнинг фитратига мосдир. Чунки деҳқонлар ҳам баҳор каби эркин бўлишни, баҳор меваларини эркин етиштиргани каби, улар ҳам маҳсулотларини эркин етиштириб, эркин сотишни истайдилар. Баҳорни, эркинликни энг кўп соғинган, энг кўп истайдиган тоифа шубҳасиз деҳқонлардир. Чунки дастурхондаги неъматлар уларнинг меҳнати эвазигадир. Шундай экан, эркинлик тўрининг эгалари бўлишга ҳам хақлидир деҳқонлар…

Баҳорнинг асл исми баҳордир, аммо унга яхши ният билан “Араб баҳори”, исмини ҳам бердилар. Майли, мадом ният яхши экан ва асосийси бу баҳорнинг меваси ширин экан, унинг исмига илова қўшишда зарар йўқдир. Зеро, баҳор дунёнинг ҳар бурчагига келади. Биз бундай баҳорнинг ўзбекларга ҳам, тожикларга ҳам, туркманларга, қозоқларга ҳам, афғонларга ҳам, умуман дунёнинг барча халқларига ҳам келишини истаймиз.

Биз инсон баҳорини, инсонийлик баҳорини интизорлик билан кутмоқдамиз…

Хуш келдинг,эй яхшилик ва тирилиш мавсуми!!!

Абдурраҳмон Муҳаммад, 13 март 2012 йил.