O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Биометрик паспортсиз кишини четга чиқармаслик унинг ҳуқуқини поймол қилмайдими?

Биометрик паспортсиз кишини четга чиқармаслик унинг ҳуқуқини поймол қилмайдими?
136 views
10 February 2014 - 15:18

130704092105_uzbek_passport_304x171_none_nocreditПрезидент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида” қарорига кўра, 1 июлдан кейин биометрик паспорти бўлмаган фуқаронинг четга чиқиши мумкин эмас. Биометрик паспортсиз авиа ёки темир йўл чиптаси сотилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг шу мазмундаги қарори 6 феврал куни қабул қилингани хабар қилинмоқда.

Биз билан гаплашган баъзи фуқаролар Тошкентда ва вилоятларда ушбу хабар чиққач, паспорт столларида навбатлар аввалгидан кўпайганини айтишди.

Жумладан тошкентлик суҳбатдошга кўра, ҳукумат қарори бугун радиода эълон қилинган. Иш хоналарда ҳам бир неча кундан буён ходимларга биометрик паспорт олишни тезлаштириш билдирилмоқда.

“Одамлар паспорт алмаштиришга тушиб қолишди. Четга чиқувчилар ҳам кўп. Улар пул билан қисқа муддатга паспорт олишга ҳаракат қилишяпти. Нархини керакли одамлар билан келишасиз. Паспорт столдагилар учун бу қулай бўлди, паспортни 50-100 долларга қилиб берадиганлар бор”, дейди у.

Қашқадарёлик фуқаро билдиришича, аҳолининг қарийб 50 фоизигача паспорт олиб бўлган. “Лекин янги қарордан кейин тижорат билан ёки мардикорликка хорижга борувчилар кўпроқ ҳаракат қилиб юришибди”.

Яна бир суҳбатдошга кўра, биометрик паспорт олгани билан унинг ичида рус тилида саҳифаси бўлмагани қийинчиликларни туғдирган. Қўшимча қоғозлар тўлдириб маълумотларни рус тилида ёздиришига тўғри келган.

Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил январ ойидаги фармонида биометрик паспортларни тарқатишни 2011 йилда бошлаш ва 2015 йил охиригача якунлаш назарда тутилган.

Бироқ паспорт идораларида паспорт бериш жараёнига улгурилмагани боис, бу амалларни мажбуран тезлаштирмасликка қарор қилинган эди.

Эълон қилинган қарорга кўра, биометрик паспорт бериш расман 2015 йилда якунланса ҳам, четга чиқувчилар учун бу муддатнинг 1,5 йил олдин тугатилиши фуқароларга қоғозбозликлардан ташқари янги муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги, уларни ташқарига чиқмасликларига қарши чора, деб ҳам айтилмоқда.

Би-би-си ўзбекистонлик юрист ва инсон ҳақлари фаоли Руҳиддин Комиловдан бу жараён қандай кечаётганлигини сўради.

bbc.co.uk