O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Би-би-си меҳмони Максим Шевченко билан суҳбат

Би-би-си меҳмони Максим Шевченко билан суҳбат
136 views
19 July 2012 - 21:33


Би-би-си: Ҳурматли жаноб Шевченко, суҳбатимизни бизнинг доимий мухлисимиз А. Муҳаммадсолиҳнинг саволидан бошласак: Ҳурматли Максим сизни мусулмонларни муаммоларини чуқур тушунадиган Россиядаги кам сонли мутахассис деб таниймиз. Русияда асрлардан бери мусулмонлар яшайди. Шунга қарамай Русияда исломофобия йўқ деяолмаймиз. Бугунга келиб Марказий Осиё Республикаларидан келган мусулмон гастрабайтерлар ҳам Русияда тазйиққа учрамоқда. Бу ҳам иш берувчилар томонидан ҳам миллатчилар томонидан содир бўлмоқда. Саволим – Русияда бу борада ижобий ўзгаришлар бўладими яқин орада?!

Максим Шевченко: Ўйлайманки, ҳозир Россияда муҳокама қилинаётган ва йил охирига бориб қабул қилиниш кутилаётган Россия миллий сиёсати концепцияси ҳозир мамлакат ҳудудида қонуний яшаётган бошқа мамлакат фуқаролари масалаларини ҳам қамраб олади. Бу жуда муҳим масала, чунки ҳар бир мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон ҳам хорижий фуқаролардан бу мамлакатда бўлиш тартиб-қоидаларига бўйсунишни талаб қилади. Россия ҳокимиятининг асосий вазифаси мамлакат ҳудудида қонуний яшаб ишлаётган Россия фуқаролари ва фуқароси бўлмаган инсонларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлашдир. Айни пайтда биз Россия фуқаролари ва меҳмонларнинг диний урф-одатларни адо этишларига имконият яратилиши тарафдори бўлишимиз керак. Бу урф-одат, маросимларнинг ўтказилиши жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини бузмаслиги лозимлигини ҳам назарда тутиш керак. Кўпчилик бир неча марта жанжаллар “Қурбон байрами”ни нишонлаш пайтида келиб чиққанини яхши билади. Албатта, жониворни жамоат жойларида, кўча, майдонларда сўйишни умуман оқлаб бўлмайди. Мен биладиган бирорта мусулмон мамлакат бунақа ўзбошимчаликка йўл қўймайди. Мен кўплаб мусулмон мамлакатларида, хусусан Қурбон Ҳайити нишонланган кунларда бўлганман. Қурбонликка жонивор сўйиш бунинг учун махсус ажратилган жойларда, санэпидстаня назоратида ўтказилади. Бу ўзаро келишиб олиш талаб қилинадиган мисоллардан бири. Менинг фикримча, Россияда яшайдиган миллат, халқларнинг диаспоралари қандайдир бир ташкилот шаклида уюшишлари керак. Хусусан ўзбеклар диаспораси ҳам. Улар ўзларининг инсон ҳуқуқлари марказларини, ўзларининг қанақадир ташкилий қўмиталарини, юридик ҳуқуқларни ҳимоя қиладиган ташкилотларини тузишлари лозим. Бу ишда мен қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман. Менинг бу борадаги мавқеим шундай: Мусулмонларнинг, жумладан ўзбекларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш авваламбор мусулмонлар ва ўзбекларнинг ўзларининг биринчи галдаги вазифасидир. Мен Россия президенти қошидаги миллий сиёсат бўйича кенгаш аъзоси сифатида Россия фуқаролари ва мамлакатимиз меҳмонларининг конституцияда кафолатланган ҳуқуқлари, хусусан диний ҳуқуқларига тегишли қонуний шикоятларини қўллаб-қувватлашга шахсан тайёрман. Мисол учун мен ҳеч ким аёл кишидан ҳижобсиз юришини талаб қилишга ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайман. Мен буни диндорларнинг конституцион ҳуқуқларининг поймол этилиши ва диндор инсонни таъқиб этиш, деб ҳисоблайман. Ҳеч ким мусулмон кишини намоз вақтида ибодатини адо этишини тақиқлаш ҳуқуқига эга эмас. Худди шунингдек ҳеч ким насронийлардан бўйнига хоч осиб юрмаслигини талаб қилиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг, бошқа анъанавий динларга эътиқод қиладиган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиши лозим. Лекин яна бир бор урғулаб ўтмоқчиман: бунинг учун мусулмонларнинг ўзларидан ҳам саъй-ҳаракат талаб қилинади. Мисол учун ҳозир ана шу муаммоларни ҳал қилиш йўлида биз бирга ишлашимиз мумкин бўлган шерикнинг ўзи йўқ.

Би-би-си: Челябинскдан Дилшоднинг сизга саволини юқоридаги саволнинг давоми деса бўлар экан. Ҳозир миллатлараро таранглик кузатилаяпти. Бу тарангликни юмшатиш учун биз мигрантлардан нима талаб қилинади?

Максим Шевченко: Биласизми, менга мигрант деган сўз ёқмайди. Шунинг учун мен сўзлаганда мигрант сўзини ишлатмайман. Россия фуқароси экан, менга унинг миллатининг фарқи йўқ, ўзбекми, русми, чеченми ёки зулус. Россия ватандошлигини қўлга киритганидан кейин у менинг ўртоғим, дўстимга айланади. Агар у Россия ҳудудида қонуний яшаётган бошқа мамлакат фуқароси бўлса, биринчи галдаги вазифа унинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Бунинг учун мисол учун Ўзбекистондан келган ишчининг, ходимнинг барча конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган касаба уюшмалари, ҳуқуқий касаба ташкилотларини тузиш муҳимдир. Бу масалада менинг мавқеим шундай: қайси мамлакат фуқароси бўлишидан қатъи назар, бирор бир кишига Россия фуқаросига тўланадиган маошдан кам ойлик тўланмаслиги керак. Бу камситиш, бу қулликдир. Лекин хорижий мамлакат фуқароси кўпроқ солиш тўлаши лозим. Бу солиқни уларни иш билан таъминлаган иш берувчи тўлаши мумкин. Иш берувчининг хорижий фуқарога Россия фуқаросиникига тенг маош тўлаши ва чет элликни ишга олгани учун кўпроқ солиқ тўлаши хорижликни арзон ишчи кучи деб кўрилишига чек қўяди. Бундан меҳнат бозоридаги сифат яхшиланади. Чет элликларга бирор бир меҳнат тури учун тўланадиган ҳақни туширадиганлар деб қарамайдиган бўлишади. Хорижлик ишчи маҳаллий ишчи билан тенг рақобатга киришолади. Биз яхши биламизки, ўзбекларга хос асосий сифатлар меҳнатсеварлик ва ҳалоллик. Бундан ўзбеклар ёки тожикларнинг ўзлари ютишади. Кейинги муҳим жиҳати, Россияда ишлаётган бошқа мамлакат ишчиларининг ўзлари бирлашишлари керак. Ўзбеклар ўзича, тожиклар ўзича, қирғизлар ўзларича ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилгандан кўра, улар бирлашиб умумий ҳуқуқлари ҳимоясига туришса, ўзларига фойда бўлади. Акс ҳолда уларнинг душманлари уларни бир-бирига қарши қайрашади, бу ишни уларга иш берувчилар коррупцияга ботган милиция билан тил бириктириб қилиши мумкин. Меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқларини бирга туриб муҳофаза қилиш ғоясини Россия Федерациясидаги соғлом ақлли инсон ҳуқуқлари ва юридик ташкилотлар қўллаб-қувватлашади. Ишонинг, биз ҳам меҳнат бозори тартибга солиниши тарафдоримиз, биз ҳам қуллар меҳнатидан фойдаланилишини истамаймиз. Лекин бу йўлда бизга ёрдам керак. Кейинги муҳим масала мусулмонларнинг яшаш-турмушлари билан боғлиқ. Мен юқорида Россияда Қурбон Ҳайити куни қурбонлик сўйилиши ҳақида гапирдим. Қандай қилинса, Москва ёки Россиянинг бошқа шаҳарларида яшайдиган инсонларнинг ғашига тегмайди? Бунинг йўли осон. Менимча, Қурбон байрамини ёки мусулмонларнинг бошқа байрамларини нишонлаш бўйича жамоат ташкилотлари ё қўмиталарини тузса бўлди. Бундай ижтимоий қўмиталар шаҳар маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан баҳамжиҳат иш кўришса бўлгани. Жониворлар қаерда сўйилади, ибодат қачон қаерда адо этилади? Агар келган намозхонлар масжидга сиғмай қолиши эҳтимоли бўлса, ўша куни эмас, олдиндан бунинг йўлини топиб қўйиб керак. Ислом ва мусулмонларнинг ибодати қарама-қаршиликнинг манбаси бўлмаслиги лозим. Аксинча, ярашиш ва бирлашишга хизмат қилиши керак. Бугунги кунда эса биз Ислом ва ибодат можаро маркази бўлаётганини кўриб турибмиз. Мисол учун Ўзбекистондан келган кўп сондаги инсонларнинг яшаши, уларнинг маҳаллий қонун-қоидалар, урф-одатлар билан танишишлари учун шароит яратиш керак. Мени кечирасиз-ку, қишлоқ жойларида яшайдиган одамларнинг пойтахт Тошкентга келганларида муаммоларга дуч келишларини мен яхши биламан. Қишлоқда, маҳаллада катта бўлган одам Тошкентга келиб қолишганида “ақлдан озиб қоладилар”. Чунки бу Тошкент, улкан шаҳар. Тасаввур қилинг, бундай одам Москвага келиб қолганида нима бўлади? Шунинг учун Россиядаги ўзбек, тожик ёки қирғиз диаспоралари ўз юртдошларига катта шаҳарга мослашиш марказларини ташкил этишлари керак. Агар рус тилини билишмаса, уларга рус тилини ўргатиш керак. Рус тилини билмайдиган, маҳаллий менталитетни тушунмаган ёшларга тушунтириш керак, кўчада мини юбкада кетаётган қиз фоҳиша эмаслигини. Бошқа мамлакатдан келган инсонлар кўп истиқомат қиладиган жойларда фуқаролик қўмиталарини ташкил қилиб, уларнинг яшаш шароитлари санитария-гигиена талабларига жавоб беришини, улар маҳаллий қонунларга риоя қилиш яшашларини назоратга олгани яхши. Ахир биз ҳам Россия ҳудудида бир хонада 20-30 киши яшашини истамаймиз. Мен уларнинг имкон қадар қулай шароитларда яшаб ишлашларини хоҳлайман.

Би-би-си: Пул топиш мақсадида бошқа мамлакатларга чиқиб кетган фуқароларига ёрдам бериш масаласида Ўзбекистон ҳукуматининг ўзининг фаолиятини сиз қандай баҳолайсиз? Чунки яқин-яқингача ҳам Ўзбек расмийлари кўп сондаги ўзбекистонликлар четга чиқиб кетгани муаммосини тан олмай келаётган эди.

Максим Шевченко: Бу мураккаб савол. Бу зиддиятга бормасдан, аксинча, муаммони юқорига олиб чиқиб, ўтириб муҳокама қилишни талаб қиладиган муаммолар. Мен Ўзбекистон ҳукумати қандай чоралар кўраётгани-кўрмаганини яхши билмайман, бу масалани яхши ўрганмаганман. Шунинг учун бир нарса дея олмайман. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бошқа бир мамлакат ҳудудида яшаётган ўз фуқаролари ҳаётига таъсир ўтказишга уриниши керакмикан? Чунки бу Россия Федерацияси, суверен бир мамлакат ҳудуди. Бу ерда муаммоларни ҳал қилишда Россия ҳукумати билан Россиядаги ўзбеклар ўзаро тил топишишлари керак. Ўзбекистон ҳукумати эса Россия ҳудудида фуқаролари муаммога дуч келса, уларга бу муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиши мумкин. Мен юқорида айтганимдай, меҳнаткашларнинг, муҳожирларнинг ўзларининг касаба уюшмаларини тузиб, бу касаба уюшмаларининг россиялик амалдорлар билан бирга ишлашлари қандайдир хорижий мамлакатнинг қайсидир вазирлигини муаммони ҳал қилишга аралаштиришдан кўра кўпроқ самара беради. Элчихоналар бу масалалар устида бош қотиришни унчалик ёқтиришмайди. Россияда қонуний рўйхатдан ўтган ташкилот мисол учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қараганда Россия ҳудудида эркин фаолият юрита олади. Шунинг учун Россия ҳудудидаги муаммога бошқа бир мамлакат ҳукуматини воситачиликка жалб қилиш ортиқчалик қилади.

Ўзбекистондан Илҳом саволи: Айтингчи, Ўзбекистон мустақил бўлгач, то бугунгача ҳам иқтсодий, ҳам сиёсий жабҳаларда қандай ўзгаришлар юз берди ва умуман бугунги кунда Ўзбекистон жаҳонда қандай сиёсий кучга эга?

Максим Шевченко: Ўзбекистон аҳолисининг аксарини ўзбеклар ташкил қиладиган мамлакат. Ўзбекларнинг тарихий келиб чиқиши турлича. Ерлари бир-биридан фарқ қилади. Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хива… Ҳар хил ҳудудлар, ҳар хил замин. Ҳозирги Ўзбекистон заминида турли давлатлар бўлган, кўплаб буюк инсонлар етишиб чиққанлар. Буюк Амир Темур, буюк Улуғбек. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. 1991 йилда кўп мамлакатлар жуда оғир аҳволда қолдилар. Ўзбекистонинг эса ўша пайтдаги аҳволини мен уч кара оғир деб атаган бўлардим. Чунки ҳудуди улкан, марказга иқтисодий қарамлик жуда кучли эди. Ўзбекистон ҳудудида жуда кўп замонавий заводлар барпо этилган эди, илмий-тадқиқот институтлари фаолият юритарди. Тошкент Совет Иттифоқининг пойтахтларидан бири эди, дейиш мумкин. У ерга бутун иттифоқдан энг юқори малакали мутахассислар юборилар эди. Тошкентда юқори технологияли ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари кўп эди. Қишлоқ хўжалиги фақат пахтага ихтисослашган эди. Бу нарса Ўзбекистон учун катта муаммоларни туғдирди, чунки биз 1990 йилларда жаҳон бозорида пахтанинг нархи тушиб кетганини яхши биламиз. Бунинг оқибатида фақат пахта етиштириш билан шуғулланадиган кўп сондаги хўжаликлар касодга учраб кетди. Бунинг устига янги давлатчилик, янги бюрократияни барпо этиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Буларнинг ҳаммаси Фарғона ҳодисалари, Ўш ҳодисалари рўй берган замонларга тўғри келди. Мен Ўзбекистонда 1 йил олдин бўлдим. Машинада Тошкентдан Термизгача бордим. Ўзбекистон менинг юрагимга яқин мамлакат. Ўзбекистоннинг ҳар бир инсони, чойхонадаги ҳар бир “ака” билан ҳатто у рус тилини тушунмаса ҳам дарров тил топиш мумкин. Ўзи ўзбеклар, менинг назаримда, бизга европаликларга нисбатан яқин ва қадрдон халқдир. Хўш, Тошкентдан Термизгача боргунча йўлда мен нималарни кўрдим? Албатта, қишлоқларда одамлар жуда камбағал яшашаяпти, балки Совет давридан ҳам камбағалроқдир. Лекин ҳар бир қишлоқда мактаб бор. Яхши қурилган, мактаб биноси узоқ-узоқдан ҳам кўзга яхши ташланади. Бинонинг деразалари чиройли, томи мустаҳкам, атрофи обод. Бу Ўзбекистон ҳукумати ўз халқининг, ёш авлоднинг саводхонлигига катта эътибор қаратаётганидан далолат. Бу жуда муҳим. Кейинги жиҳат – Ўзбекистоннинг ўз ғазнасини тўлдириш имкониятлари ҳаддан зиёд кам. Атрофга қарайдиган бўлсангиз, Ўзбекистоннинг ҳамма чегараларида келишмовчилик борлигини кўрасиз. Қирғизистон билан алоқалар яхши эмас, Тожикистон билан ҳам. Туркманлар билан муносабатлар ҳам жуда илиқ эмас. Афғонистонда эса уруш кетаяпти. Қозоғистон билан эса алоқалар ўртача, бу алоқаларни ҳам яхши алоқалар, деб бўлмайди. Амалда Ўзбекистон ўзига хос қамалда қолган, дейиш мумкин. Атрофдаги мамлакатлар раҳбарияти билан Ўзбекистоннинг муносабатлари яхши эмас. Бу нарса эса Ўзбекистонни ташқи молиявий ёрдамларга муҳтож қилади. Бундай шароитда Ўзбекистон раҳбарияти олдида иккита муҳим вазифа бор. Мамлакат ягоналигини сақлаш, айниқса, 1990 йилларда кучли бўлган ҳудудий жиноятчи кланларнинг мамлакатни парчалаб ташлашларига йўл қўймаслик. Ундан кейин имкон борича бюджетни тўлдиришга, республикани ижтимоий ривожлантиришга ҳаракат қилиш. Менинг тушунишимча, мамлакатда барибир кўп нарса давлатга боғлиқ. Кейинги муҳим вазифа – ҳокимиятни кейинги авлодга тинч йўл билан топшириш. Истаймизми-йўқми йиллар ўтаяпти. Ислом Каримов кексайиб бораяпти. Бу вазифаларнинг ҳаммаси қийин вазифалар. Менинг назаримда, Ўзбекистоннинг келажаги ташвишли ва оғир. Менинг ўзим Ўзбекистоннинг кучли, эркин, демократик бошқарувга асосланган давлат бўлиши тарафдориман. Бу ўринда муҳим масала бошқарувнинг қандай бўлишида. Ўзбекистонда Ғарбдагидек демократик давлат қуришга ҳаракат қилиш мамлакатда фуқаролар урушини келтириб чиқармайдими? Бундай уриниш Тожикистонда қандай оқибатларга олиб келганини биз кўрдик. Ўзбекистонда бир-биридан фарқ қиладиган ҳудудларни бирлаштириб турадиган ягона кучли марказ керак. Чунки биз Ўзбекистоннинг Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларидан бир сунъий мамлакат сифатида ясалганини яхши биламиз. Шу билан бирга Ўзбекистонда эркин жамиятни, сўз эркинлигини, Ислом эркинлигини ривожлантириш, демократияни ривожлантириш муҳим. Шунинг учун ҳам мен бу саволнинг жавоби осон эмас, деб айтаман.

Саадий исмли ўқувчимиз сўрапти: Сиз Тошкент билан Москва ўртасидаги муносабатларни қандай баҳолайсиз?

Максим Шевченко: Мен Тошкент билан Москва ўртасидаги муносабатлар оғир деб ўйлайман. Чунки Москванинг Ўзбекистонга нисбатан ёки умуман Марказий Осиёга нисбатан аниқ бир сиёсати йўқ. Кўпчилик гапирганда алоқаларни алоҳида шахсларга боғлаб гапиришади, Ислом Каримов, Владимир Путин дейишади. Аммо бу нотўғри. Россия Ўрта Осиё бўйича қандай сиёсат юритмоқчи эканини ўзи ҳам билмайди. Россиянинг минтақа бўйича бир стратегик вазифаси йўқ. Ўрта Осиё, биринчи галда, Хитой экспансияси остидаги минтақа. Хитойнинг Ўрта Осиёда улкан иқтисодий, геополитик манфаатлари бор. Хитой бу минтақадан Форс кўрфазигача чиқишда қулай транзит транспорт йўлаги сифатида фойдаланишни истайди. Россия эса Ўрта Осиёга нисбатан кўпинча инерция билан иш тутади. Шунинг учун ҳам мен Ўзбекистон билан Россия орасидаги алоқаларда инсоний омил, миллионлаб ўзбекистонликларнинг Россияда меҳнат қилаётганларини ўта муҳим омил деб ҳисоблайман. Бу нарсани мен икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлишидан қатъи назар, икки давлат алоқаларини мустаҳкамлайдиган омил, деб айтаман. Россия билан Ўзбекистоннинг муносабатларини Путин билан Каримов эмас, бир-бирлари билан бирга ишлаётган, бирга яшаётган, бир-бирлариникига бориб келаётган миллионлаб инсонлар белгилаб беришлари керак. Бу менинг фикрим.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотидан чиққани ҳақида саволлар беришган, хусусан Илҳом сўрайган: Бугун Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти террорчиларга қарши курашишга етадими?

Максим Шевченко: Мен Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, чунки мен бу соҳа бўйича мутахассис эмасман. Ўзбекистоннинг ОДКБ ташкилотидан чиққани сабабига келадиган бўлсак, бунинг бир неча сабаби бор. Сабаблардан бири, Тожикистон билан Ўзбекистоннинг енгил бўлмаган муносабатлари. ОДКБнинг ҳам аъзоси бўлган Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон билан Ислом Каримов ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани. Ўрталаридаги анчагина жиддий конфликт афтидан уларга бир ташкилот доирасида ҳамкорлик қилишларига йўл бермаяпти. Икки раҳбар ўртасидаги зиддиятга эса шахсий муносабатлар ҳам, Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳисобланган сув муаммолари ҳам сабаб бўлган. Шунингдек, бунга Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан ҳал қилолмаган муаммолари ҳам сабабчи бўлган. Менинг фикримча, ОДКБнинг Ўш қирғини пайти сукут сақлаб тургани ташкилотни мустаҳкамлашга хизмат қилмайди. Ўшда ўзбекларни ваҳшийларча ўлдиришганини кўриб туриб ўзларини кўрмаганга солдилар. Ўзбекистондан эса Қирғиз раҳбарларининг қўлини сиқиш талаб қилинади. Ўйлайманки, бу минтақада сукут сақлаб туриб ёки “реалликка либерал қарайман” деб манфаатли сиёсат юритиб бўлмайди. Ҳар бир нарсани ўзининг оти билан аташ керак, ҳодисаларнинг инсонларни бошқаришига йўл қўйиб бермаслик керак. Ҳодисалар эмас, инсонлар ҳодисаларни бошқариши керак.

Odiljon Mahdumiy, O’sh: Muhtaram Maksim janoblari! Janubiy Qirg’izistondagi hanuz davom etib kelayotgan abgor vaziyatga fikringiz va munosabatingiz? Muammolar yechimini nimalarga ko’rasiz?

Максим Шевченко: Мен ўйлайманки, бунинг сабаби Қирғизистонда Ислом омили эмас, миллатчилик омили устун эканидадир. Мамлакатда миллатчилик ривожланишига бошқарувдаги бюрократиянинг миллатчиликни дастаклаётгани сабаб бўлаяпти. Чунки улар ўзларининг устунлигини, ҳокимиятда қолиш йўлини миллатчиликда кўраяптилар. Агар халқлараро муносабатлар шакли ўзгармаса, ҳеч нарса ўзгармайди. Бунгача ўзбеклар билан қирғизларнинг ўртасидаги мунсосабат душманона эканлигича сақланиб қолади, уларнинг ўртасида Ўш қирғини қурбонларининг қони сақланиб тураверади. Мисол учун Исломга ўхшаган сиёсий бирдамлик шаклигина ўлган инсонларнинг жасадлари билан тўлдирилган, ошиб ўтиш қийин бўлган жарни бир-бирига улашга ёрдам бериши мумкин. Ўрта Осиёда миллатчилик ривожланиши катта сондаги инсонларнинг азоб-уқубатда қолишларининг, оммавий қирғинларнинг сабабчиси бўлади. Турли мамлакатлар тепасидаги амалдорларга эса бу плюс. Чунки улар ўзларининг ҳокимиятини ана шу миллатчилик кайфиятларига таяниб барпо этадилар.
Би-би-си: Бизга ёзган хатига Европадан Алишер деб имзо чеккан ўқувчимиз ёзипти: Сизни Тошкентга чақиришганидан кейин Гулнора Каримовани танқид қилганингизни миннатдор бўлмаслик, деб қабул қилишди. Сиз нима учун Гулнора Каримовани танқид қилдингиз?

Максим Шевченко: Мени ҳеч ким чақиргани йўқ, мени таклиф этишганди. Ким миннатдор бўлмаслик, деб қабул қилипти, бундан менинг хабарим йўқ. Гулнора Каримовани мен жуда ўтказиб танқид қилганим ҳам йўқ. Мен уни ҳурмат қиламан, у Ўзбекистон халқи учун, Ўзбекистон болалари учун кўп иш қилаяпти. Шунинг учун мен айтаётганларидек танқид қилганимни эслай олмайман.

Алишернинг иккинчи саволи: Америка 2014 йилдан кейин ҳам Марказий Осиёда доимий қолишни режалаштираяпти, дейишаяпти. Сиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?

Максим Шевченко: Албатта, америкаликлар бундан кейин ҳам Марказий Осиёни назорат қилишда давом этадилар. Чунки бундай қилмасалар, Марказий Осиё устидан назорат тўлиқ Хитой қўлига ўтиб кетади. Буни эса америкаликлар умуман хоҳлашмайди. Чунки Афғон уруши ҳам, ундан кейинги урушлар ҳам фақат бир мақсад билан бошланган: Хитой Халқ республикасининг бу минтақадаги таъсири кучайишига йўл қўймаслик. Америкаликларда бундан бошқа стратегик мақсад йўқ. Шунинг учун улар минтақадан тўлиқ чиқиб кетишса, уларнинг ўрнини Марказий Осиёда нима қилишини билмайдиган Россия эмас, олдидаги мақсади нимадан иборат эканини жуда яхши англайдиган Хитой эгаллайди. Шу сабабдан ҳам америкаликлар минтақада узоқ вақт бўлишади, деб ўйлайман. Токи улар Хитой муаммоси ҳал бўлди, деб ҳисобламагунларича. Хитой қандай муаммо билан рўпара тургани ҳам аниқ. Яқинда хитойликларнинг сони 2 миллиардга етади, ундан кейин 3 миллиардга. Иқтисод катталашаяпти, бозорлар ҳам. Энергоресурсларга эҳтиёж эса ортиб бораяпти. Шунинг учун ҳам, менинг ишончим комил, Хитой Форс кўрфазига энергетик йўлак очишга қаттиқ ҳаракат қилади. Бу Хитойнинг табиий, тинч иқтисодий экспансияси бўлади. Америкаликларнинг мақсади қандай қилиб бўлса ҳам Хитойнинг бошини урушга суқиш. Хитойнинг вазифаси эса нима қилиб бўлмасин, урушнинг олдини олиш. Ҳар қандай тинчлик шароитида Хитой ютиб чиқади, ҳар қандай уруш шароитининг якуни эса Хитойга ёмон оқибатларга келтиради. Ҳар қандай уруш бошланиши билан Хитой иқтисоди қулайди, чунки мамлакат иқтисоди Америка сармояларига, Америка пулларига, Американинг ташқи қарзларига, Америка бозорларига ва ҳоказоларга қаттиқ боғланган.

Жасур исмли ўқувчимиз сўрапти: Нима деб ўйлайсиз, “Совуқ уруш” тугадими ёки бугун ҳам давом этаяптими?
Максим Шевченко:
“Совуқ уруш” тугади, ҳозир ҳеч қандай “Совуқ уруш” йўқ. Ҳозир фақат мамлакатларни бошқараётган раҳбарларнинг геосиёсий можаролари кечаяпти, холос.

ББС радиоси