Мирзиёев иқтидорга келиши билан мамлакат пойтахтида турли қурилишларнинг авж олиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо аксар қурилишлар ортидаги йирик коррупцион ишлар, аҳоли турар жойларининг ноқонуний бузиб ташланиши, кўп қаватли уйлар олдидаги болалар майдончаларининг қурилишлар учун пора эвазига ноқонуний пуллаб юборилиши аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.
Юқоридаги муаммолар Саййид Ислом исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси томонидан ўз саҳифасига қўйган мақолада батафсил ёритиб берилган. Мақолада шундай дейилади:
“Ватанни онага ўхшатади. Тўғри ўхшатишган экан. Ватанни аёл киши эканлиги рост экан. Фақат она эмас, ўйнаш бўлса керак. Балки, ўгай онадир. Агар она бўлса, озгина инсофи бор фарзанд онасини бу каби хўрлатиб қўймас эди. Ўгайми, ўйнашми буни хулосаси ҳаммани ўзига ҳавола.
Шаҳарда ажойиб ишлар бўляпти. Президентни алланечинчидир қарорига мувофиқ, Ёш тадбиркорларни қўллаб қувватлаш мақсадида бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш учун, шу ерларни тадбиркорларга бериш бор экан. Ҳокимият шу қарорга “тўла-тўкис” амал қилган ҳолда ҳар бир қарич ерни “тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” мақсадида “беряпти”. Ҳамма жой қўштирноқ бўлиб кетганига эътибор қилманг. Чунки қўштирноқ бўлмаса ҳам, сиз бу гапларга ишонмайсиз.
Бир сотих ер уч минг доллардан, ун беш минг долларгача миқдорда сотиляпти. Ҳар бир қарич ер, деб бекорга айтмадим. Кўп қаватли биноларга ёпиштириб, чатиштириб истаганча қуриб ташланяпти. Совет даврида қурилган Болалар майдончалари шаҳарда қолмади. Ҳамма инсофлик тадбиркорлар бир нарсалар қуриб бўлди. Шаҳарсозлик қонунлари бузилиб, янчилиб ётибди. Ҳеч кимга аҳамияти йўқ. Соққани қил, соққани. Кўп қаватли уйда яшайдиган одамлар эрталаб туриб деразасини очса, табиатни эмас, баланд деворни кўради. Чунки, сизнинг ойнангизга ёпиштириб иморат қурилган бўлади.
Энг ачинарлиси, тайёр инфратузилмага уланяпти. Ҳеч бири алоҳида трубада газ тортиб келаётгани йўқ. Алоҳида трансформатор ўрнатиб свет тортгани йўқ. Алоҳида сув тортиб келгани йўқ. Бор нарсага тайёр улаяпти. Энг ёмони, шу қурилишлар натижасида кўп хонадонларда сув босими пасайиб кетди. Свет тез ўчяпти. Чунки “ТП”лар кўтара олмаяпти. Баъзи жойларда газ бутунлай ўчган. Бу билан ҳеч кимни иши йўқ.
Кинотеатр ўрнига тўйхона, болалар майдончаси ўрнига дорихона. Дарахтзор ўрнига қоринхона қурилди. Домлар орасига коттеж ҳам қурилган.
Тешик қулоқ эшитаётган хабарлар эса асосан икки-уч кишини номини эшитади. Фалон жойни ҳам ўртағи қураётган экан. Жияни қураётган экан. Синфдоши фалон корхонага раҳбар бўлибди. Қудаси, аммаси, қўшниси… Хуллас, охири йўқ.
Бир неча йил олдин кўп қаватли уйлар атрофига ноқонуний қуриб олинган иморатлар, гулзорлар, гаражлар бузиб ташланган эди. Асос қилиб: Ёнғин хавфсизлигига жавоб бермайди. Пожарний мошинага жой қолмаган… Энди эса ҳокимият қарори билан худди ўша қурилишлар янада каттароқ, янада хавфлироқ қилиб қуриляпти. Битта фарқи, илгарисида ҳужжат йўқ эди. Бунисида ҳужжат бор.
Каримов давридан фарқли ўлароқ ажойиб бир жамият шаклланди. “Любая бизнес харашо”, деганда Ортиқҳўжаев ҳақ экан. Ҳар қандай нарса сотиляпти. Виждон, иймон, инсофга қўшиб ҳар қандай нарса.”
Дарҳақиқат муаллиф айтганидек болалар майдончалари каби яшил ҳудудларни пора эвазига қўлга киритиб кўп қаватли турар жой биноларига тиқилиштириб қурилиш қилаётган шоввозларнинг аҳоли учун мўлжалланган тайёр инфратузилмага уланишлари хонадонларда газ ва сув босимининг пасайиб кетишига, свет ўқишига сабаб бўлмоқда.
Масалан мана шундай қўштирноқ ичидаги тадбиркорлардан бири “Карьера образование” МЧЖ ширкатидир. 2018 йилда Чилонзор туманининг собиқ ҳокими томонидан “Карьера образование” МЧЖ га ажратиб берилган ер майдони туманда сақлаб қолинган сўнги яшил ҳудудлардан биридир. Аҳолининг кескин норозилигига қарамасдан кўп қаватли турар жой бинолари ўртасидаги болалар майдончасида қурилиш қилишга бел боғлаган тадбиркорни туман ҳокимияти зўр бериб қўллаб қувватламоқда. Бу иш ортида туман ҳокимияти ва тадбиркор ўртасида зимдан келишув бўлганлиги яққол кўзга ташланади.

Чилонзор 9 кварталдаги болалар майдончасини бузиб қурилиш қилмоқчи бўлган “Карьера образование” МЧЖ вакили
Сайид Ислом ўз мақоласида бундай кимсаларга пора эвазига йўл очиб бераётган мансабдорларнинг бутун бошли ватанни ўзлаштириб олишганини ва хоҳлаган ишини қилишаётганини ёзади. Мақола шундай сўзлар билан якунланади:
“Икки йилча аввал Ҳаёт Бахтиёр Öğли бир нарса ёзган эди: “Тиш докторида навбатда турибман. Бир ёши катта аёл кириб келди. Шанғиллаб ёнидаги одам билан гаплашишни бошлади. Хуллас, онахонни учта фарзанди бор экан. Ҳаммаси уйли-жойлик, тагида машиналари бор экан. Катта фарзанди Самарқанд вилояти ички ишлар бошлиғи экан. Гап орасида қизиқ бир гап айтиб қолдилар “Кароче, котта ўғлим Самарқанда яшавотти. Хиииии. Оиласи билан ўшатта. Любой праблемани шу ўғлим ҳал қилолиди, Самарқанд озузаники!” Лекин, минг афсуски, у опоқини гапларида жон бор. Аччиқ ҳақиқат! Қўлингда бунақа амал бўлса бу ватан сеники, бу юрт сеники, хоҳлаганингни қил. Ҳамма “праблемани ҳал қилолисан”, кўчада кўкрак кериб бемалол айта оласан: “Самарқанд ўзузаники”.
Ичимдан ўтди. Эҳ, менинг бечора Ватаним. Менинг хокисор, Кимларнинг қўлида қолган Ватаним! Агар оддий бир вилоятнинг ички ишлар бўлими бошлиғи ёки ўринбосарининг онаси вилоятни “озузаники” қилиб олган бўлса, сиз тасаввур қилинг ҳокимлар, сенаторлар, вазирлар, MXX раҳбарларининг оналари нималар дейишар экан? Уларнинг ўзлари нималар қилишар экан?!
Минг афсуски, бу гап у аёлнинг шунчаки мақтаниб айтилган гапи эмас, ҳақиқат! Аллақачон, “озузаники” қилиб олинган ўн икки вилоят, бир автоном Республика ва бир пойтахтдан иборат менинг “она” Ватаним! Хоҳлаган амалдор хоҳлаган кўйига солиб еб битираётган, балки, аллақачон еб битирган, таланган Ватаним!!!”
ЭРК партияси матбуот бўлими



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ