O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жангчи қизлар

Жангчи қизлар
1,043 views
01 March 2021 - 20:59

Миллий тарихимизда ҳарбий аёллар, қизлар мавзусида гап очилса, Тўмарисда бошлаб, Қурбонжон додҳоҳда тугатишади, негадир. Гўёки туркийлар илдизи бўлган, жаҳон маъданиятини тетапоя қилиб берган буюк тарихимиз шу билан кифоядек, токи минг йиллаб пауза олгандек…

Аслида эса, Искандар Македонскийнинг қирғинбаротларни тўхтатиб, адолатлироқ бўлишига замин хозирлаган ҳам, африғийлар сулоласи қирғин қилинганида бутун аёллардан тутиб чақалоқларгача ҳаётларини асраб қолганлар ҳам, султон Муҳаммад қўшинида қаҳрамонона жанг қилган ва қалъаларни ҳимоя қилишда жонларини аямаганлар ҳам, Амир Темур қўшинининг “эркатой”лари бўлганлар ҳам аёллар эди…

Ҳожар

Сарҳадлари ва ҳарбий ҳолати билан тобора европага ҳам ҳавф соладиган мақомга кўтарилган Хоразмшоҳлар империясининг энг гуллаган, энг бой ва кучли давлатга айланган даври султон Хоразмшоҳ даврига тўғри келади. Жангу жадалларда чиниққан, сон-саноқсиз қўшинга эга султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ҳарбий салоҳиятидан бири – бу шубҳасиз Ҳожарни юқори мақомга олиб чиққани эди. Ўша пайтларда европанинг энг кучли давлатларидан саналган Франция, Англия ёки Германия ҳам юришларда олтмиш, нари борса саксон минглик қўшин билан чиқар, минглаб аскарлар эса давлат муҳофазаси учун қолдириларди. Аммо Хоразмшоҳларда истаса икки юз минг аскар билан урушга отланишар, мамлакат ҳимояси учун саноқли аскарлар қолдириларди. Чунки эркаклар бўлмаса, шаҳарни, қалъаларни, уйларни асровчи “фаришталар” – Ҳожар бор эди.

Урушларда онда-сонда, лозим бўлиб қолган паллаларда қатнашадиган, асл вазифаси қалъалар ҳимояси бўлган жангчи қизлар қўшини бўлмиш Ҳожарга қизлар етти-саккиз ёшдан қабул қилинган. Ҳожарнинг амири Сарҳайли Ҳожар унвони билан юритилар, тажрибали саркардалардан таъйинланарди. Ҳожарликка қабул қилинган қизлар дастлаб ватанни севишни, оилани қадрлашни ўрганишар, сўнг Ҳожардаги қизлар билан ўзаро бир-бирлари учун жонларини фидо қилишга ҳам тайёр руҳда тарбияланишарди. Ниҳоят, барча сабоқлар ўзлаштирилгандан сўнг, уларга жанг санъатидан машғулотлар бошланарди.

Қизлар ўн олтига тўлганидан сўнг Сарҳайли Ҳожар уларга қалъа муҳофизи варақасини топширар, шундагина жангчи қизлар фаолияти бошланарди. Ҳожар аскарлари уч ҳил шароитда –оғир дардга чалинса, турмушга чиққудек бўлса ёки оиласидан кимдир зиндонга тортилса фаолияти тугатиларди. Ҳожар аскарлари бевосита Сарҳайли Ҳожар билан битим тузар, маошларини ундан олишар, кайидларга овоз беришарди. Кайидлар – энг кичкина қўшин қўмондони бўлиб, бутун қалъа қўмондони қутвол дейиларди. Бироқ қутволликка ҳожарлар сайланмасди. Ҳожар қўшини аскарларининг энг юқори лавозими кайидлар эди.

Ҳожар аскарларининг қурол яроқлари

Гарчи уларга манжаниқни ишлатиш юклатилмаган, мизрак (найза) ноқулай, гурзи эса оғирлик қилса-да, уларнинг қуроллари ўзларига етарлича эди. Ҳар бир аскарда бўлиши лозим бўлган ўқ ва камондан ташқари, Ҳожар аскарларининг белида қилич, ҳанжар, пичоқ, қўлида қалқон, бошида мигфер (дубулға) ва эгнида зирҳ (совут) бўлган.

Кайидликка кўтарилган қизлар яна иккита аслаҳа билан таъминланарди. Сапан ва каманд. Сапан айри металга тортилган резина орқали тош отадиган аслаҳа бўлиб, каманд эса душманни йиқитишда қўлланиладиган, душманнинг бўйнига ташлаб тортиладиган дордир. Сапан ва каманд улар эндиликда жангу жадалларга ҳам тайёр эканликларини билдирадиган рамз эди.

Таъкидлаш керакки, Ҳожар аскарлари юришларда иштирок этадиган бўлса, уларга ҳам зирҳланган отлар бериларди.

Ҳожар аскарлари шаҳсий муҳофизлар, йўл муҳофизлар, навбатчилар ва айниқса қалъа муҳофизларига бўлинарди.

Ҳожарлар фаолиятини тугатишганидан сўнг саройдан буткул узоқлашишмаган. Хоҳловчилари агар синовдан ўта олса, султонзодаларга жанг санъатидан мураббийлик ёки энагалик қилишган. Ўз вақтида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг муҳофизларидан бири Ҳожар аскари бўлиб, кейинчалик Жалолиддин Мангубердининг кичкина қизи Турконага энагалик қилган.

Ҳожарлар Ҳарб мажлисларида ҳам қатнашишган. Ўз версийларини қўмондон ёки султонга кайидлар орқали етказишган. Яъни, Ҳожарларнинг номидан уруш олди йиғилишларида уларнинг бошчиларинигина гапиришга ваколатлари бўлган. Бундан ташқари, қалъаларга ҳужум бўлган маҳал,

қалъа ҳимояси учун қурилган ҳандақларга сувни қўйиб юбориб, душманни бироз ушлаб туриш ҳам аксарият ҳолларда ҳожарлар зиммасига юклатилган.

Маълумки, султондан мулк ва ер ҳадя олган иқто эгаларининг ўз кичкина қўшини бўлиши, аскарларини эса султон сўраган маҳал мададга жўнатиши лозим. Аммо иқто эгаларида ҳожарлар хизмат қилишмаган.

Ҳожарларнинг ҳам бошқа аскарлар сингари ўз ишига маъсулиятсизлик билан қарашса, маошларидан ушлаб қолинган.

Чингизхон босқини пайти мўғуллар Ўтрор ва Буҳорода асир олинган Ҳожарлардан Самарқандни олишда тирик қалқон сифатида фойдаланишган. Самарқанд босиб олингандан сўнг самарқандлик Ҳожарларни эса Урганчни босиб олишда тирик қалқон қилиш учун олиб кетишган. Мўғуллар қалқон бўлишни истамаган ҳожарларни қатл этишган.

Ваҳоб Рўзимуҳаммад