O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жаноб Комилов андазасидаги “музлар эриши”

Жаноб Комилов андазасидаги “музлар эриши”
725 views
03 November 2021 - 10:11

Одатда ички сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикридан ўзини тиядиган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тўсатдан хорижда “пистирма”да турган “мухолифатчилар”дан ёзғирди. У 22 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россиянинг НТВ телеканали журналисти саволига жавоб бераркан, дастлаб тизимли мухолифат нима эканлигини тушунмади. Кейин эса Ўзбекистондаги ҳукмрон режимни танқид қилаётган ўзбек мухолифатчиларини айблай бошлади.

Келинг, гап нима ҳақида борганлигини бир бошдан аниқлайлик ва ҳаммасини бирма-бир ҳотиржам жавонга терамиз.

Гапни, “тизимсиз” мухолифатдан бошлаймиз. Аслида Ўзбекистонда шундай нарсанинг ўзи йўқ. Чунки тизимли мухолифат ҳам йўқ. Парламентда ўтиришга рухсат берилган чўнтак партиялари мутлақо тизимли мухолифат эмас. Чунки улар умуман мухолифат ҳам эмас.

«Тизимли» ва «тизимли бўлмаган» мухолифат атамалари, умуман фақат авторитар режимларга нисбатан қўлланилади, лекин фақат у ерда ҳеч бўлмаганда ҳақиқатан ҳам фаол мухолифат мавжуд бўлган тақдирда. Масалан, Россия Федерациясида тизимли мухолифат – бу ҳақиқий сиёсий партиялар, КПРФ, ЛДПР ва Яблоко партияларидир. Уларнинг сайловда қатнашишига рухсат берилган бўлса-да, босим, сохталаштириш ва овоз бериш натижаларини уйдириш йўли билан уларнинг керакли миқдорда овоз тўплашларига йўл қўйилмайди. Тизимли бўлмагани эса парламентга умуман киритилмагани. Ўзбекистонда ҳалигача бунақаси йўқ. Тахтда фақат хон ва унинг вассаллари бор.

Кейин, жаноб Комилов режимнинг барча танқидчиларини «мухолифат» деган атама остига бирлаштириб мутлақо хато қилди. Ахир журналистнинг саволида гап фақат мухолифат партиялари ҳақида бораётган эди. Ҳорижий диаспорамизда эса бу тоифага фақат «Эрк» билан «Бирлик»ни киритишимиз мумкин. Боз устига «Бирлик» аллақачон фаолият кўрсатмай қўйган, «Эрк» эса ҳозирча жуда заиф ва фаолияти суст тизилмадир.

Хорижий диаспорада сиёсий мухолифатдан ташқари ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар ҳам бор. Лекин уларни ҳечам мухолифат дея атамаслик керак. Уларнинг ўз кун тартиби ва ўз иш услублари бор. Ҳукмрон тузумнинг қора ишларини танқид қилишлари ёки фош қилишлари бу сиёсий мухолифат дегани эмас.

Аммо Комилов айбловининг марказий нишони, хориждаги режим танқидчиларига қаратилган бўлиб, улар гўёки ўзларининг шахсий ғарази йўлида ёки Ғарб донорларидан маблағ олиш умидида режимга душманлик қилишмоқда. У буни қаердан билади?

Аслида эса қувғинда юрган бу омма ичидаги саноқли фаолларгина грант олишади ва буни улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳужжатлаштиришгани учун олишади.

Сиёсий қочқинларнинг аксарияти эса умуман жим бўлишган ва аллақачон овоз чиқармай қўйишган, масалан, андижонлик қочқинлар. Балки улар сиёсат ёки инсон ҳуқуқларига алоқаси бўлмаган ишлар билан тирикчилик қилаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Бунга тузумни тез-тез танқид қиладиган, бироқ ўзи қўриқ хизматида ишлаб ҳаёт кечираётган Алишер Таксановни ёрқин ва типик мисол сифатида келтириш мумкин. Билишимча, унинг бошқа бирор даромади ҳам йўқ.

Ва ниҳоят Комилов шундай баёнеот қилади: агар ватанингизга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, шу ерга келиб ишланг, сизнинг хавфсизлигингиз кафолатланади дейди. Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда бир қанча ўзбек сиёсий қочқинлари ватанларига қайтишди. Бу чиндан ҳам музларнинг эриши аломатими? Мен бундай ҳулоса қилишга шошмаган бўлардим. Ҳозирча режим учун анча ҳавфсиз бўлганларгина, уни очиқ танқид қилишни бас қилишганларидан сўнг қайтиб келишди.

Ҳозирча биз режимни айбловчилардан бирортаси қайтиб келиб, яна ўз танқидларини давом эттирган бирорта ҳолатни кўрмадик. Аксинча, маҳаллий танқидчиларга нисбатан ҳамон репрессив чоралар қўлланилаётганини кўраяпмиз ва бунга мисоллар кейинги пайтларда тез-тез учрамоқда.

Режим танқидчиларига нисбатан ҳақиқатан ҳам музларнинг эриши ўрнига, балки қандайдир ўйин, аллақандай пиар-лойиҳа амалга оширилмоқда. Бундан мақсад, мамлакатда камчиликларни конструктив танқид қилувчилар учун майдон яратиш эмас, балки аксинча, аввал режимни танқид қилиб келган қочқинларнинг бир қисмини зарарсизлантириш орқали бундай танқидлар учун майдонни торайтиришдир. Кейин эса эҳтимол, ҳатто сургунда қолган, ҳалигача фаол бўлганларни обрўсизлантириш мумкин.

Ишончим комилки, жаноб Мирзиёевнинг ўзи ҳаммамизни чақираётган жойда, танқидсиз олға силжишнинг иложи йўқ. Унинг ҳаракатини танқид қилувчилар бўлмаса, бу каби «фақат олға!» шиорини у қандай уддалайди? Давлат идоралари фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар танқид қилинмаса, улар қандай аниқланади?

Албатта, танқид конструктив бўлиши керак. Бундай конструктив танқид эса сургундаги фаоллар оғзидан етарлича янграмоқда. Коррупцияга чек қўйиш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш, фермерлар ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан реал чоралар кўриш чақириқлари аллақачон янграган. Таклиф этилаётган конструктив чора-тадбирлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Шу тариқа, жаноб Комилов журналист саволига жавоб бераркан, камида, ўзининг лаёқатсизлигини, нохолислигини, ўзи ўйлаб топган нарсани рост деб билишини кўрсатди. Умид қиламанки, ўзбек ҳукумати бундай ёндошувдан воз кечади ва музларни чиндан эритишга киришади.

Алишер Илҳомов,

Манба: Eltuz.com