O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (2)

Ким аслида ким эди ёки ўрганилмаган тарих (2)
268 views
04 August 2012 - 10:34

“Ким аслида ким эди ёки Ўрганилмаган тарих” номи остида берилаётган туркум мақолаларимизнинг бугун иккинчиси қисмини тақдим этамиз. Бу мақолалардан асосан икки  мақсад кўзланган ва шу ўринда уларни яна бир бор такрорлаб ўтамиз.

Биринчидан, Ўзбекистон энг янги тарихи (Мустақилликдан кейинги давр) ҳақида ёлғон маълумотларнинг тарқатилаётгани боис, ўзбек ўқувчиларининг реал фактлар ва объектив муносабатларга асосланган холис маълумотларни олиш имконини вужудга келтириш.

Иккинчидан эса, бу маълумотлар ўз даврида чоп этилганига қарамай, хориждаги кўпчилик мухолифатчиларга етиб бормаган, Ўзбекистон ичкарисидагилар ҳақида айтмасак ҳам бўлади. Ушбу мақолаларнинг муаллифлари Эрк партияси ёки ЎХҲ аъзолари эмас, аммо мазкур воқеа-ҳодисаларни яқиндан кузатиб борган, ҳатто ўзлари ҳам уларда иштирок этган замонамизнинг холис фикрли зиёлиларидир.

***

Бўйсунмайман ҳеч кимга Аллоҳдан бошқа

Муҳаммад Солиҳнинг Туркияда нашрдан чиққан “Давлат сирлари” (Devlet Sırları, Toker yayınları, İstanbul-1997, Sayfa: 5-8) китобига Озарбайжон собиқ президенти Абулфайз Элчибей давлат маслаҳатчиси, Истандул Билги Университети доценти, фалсафа фанлари доктори Ориф Ожолўғли Туронтош тарафидан ёзилган сўзбоши
Баку, 21 Шубот (Феврал) 1997

Ориф Ожолўғли Туронтош

“Бўйсунмайман ҳеч кимга Оллоҳдан бошқа”, бу сатр қизил коммунистлар тазйиқларининг сўнгги босқичларида, коммунистик империализмнинг нафақат Советларда балки ундан ташқарида ҳам, айниқса, Полша ва  Aфгонистонда қонли акциялар уюштираётган бир онда, кўпчиликнинг синдирилиб, овозлари ўчирилган бир пайтда, темир парда орқасидаги асир ўлкада ёзилган ва албатта, нашр этилмаган, аммо тилдан тилга ўтиб юрган бир шеърнинг сатридир.

1981 йил. Мамлакат Ўзбекистон. “Темир парда” ҳақида эшитмаган бугунги ўқувчиларимиз учун юқоридаги сатрнинг муаллифи Муҳаммад Солиҳ исмининг бир нарсани ифода қилиши амри маҳол албатта. Аммо тарихнинг катта бир босқичини ўнларча асир халқнинг ички дунёсини ва қутулиш учун кураш даврини англашнинг йўли шу сирли хотиралар устидан ўтади. У ерларда яшалган ва изларини адабиётда, санъатда қолдирган хотираларда воқеаларнинг ҳаммаси ибратдир.
Айниқса, бу ибратларни намойиш этган киши оддий одам эмас, балки воқеларнинг марказида турган инсон  бўлса. Сўзи билан, ҳаракатлари билан, йўлбошчилик қобилияти билан миллий ҳаётнинг ҳар жабҳасида мужодала берган ва бутун бир авлоднинг умиди, ифтихори бўлган бир инсон бўлса, бу ҳақиқатни топганмиз демакдир.
Муҳаммад Солиҳ исмини Туркия асосан газета ва телевидение хабарларидан бир сиёсатчи сифатида эшитди ва таниди. Аслида, мавзу бу  билан чекланмаган. Муҳаммад Солиҳ курашчан, ўз эътиқодига, принципларига содиқ ва тўғрисўз сиёсатчи сифатидагина эмас, модерн Турк дунёсининг буюк шоири, фикр одами ва бу сифатлари билан бир авлоднинг устозидир.
У 1949 йил Улуғ Туркистоннинг, маҳаллий ибора билан айтганда, Туронзаминнинг Хоразм минтақасида туғилди. Ерли ривоятлар, афсоналар ва ўзининг ифодасига кўра бувисининг “Хоразм тарихи” дея тушунгани “Қўрқут Ота” достонини тинглаярак вояга етди. Аскарликдан сўнг, 1970 йилда, Тошкент Университети журналистика факултетига кирди, адабиёт дунёсига қадам ташлади. Бу даврда 1960 ларни тамсил этган зоҳиран исёнкор, ботинан конформист адабий авлод йўл кўрсатувчи сифатида янги етишган мунаввар ёшларни қониқтирмас эди. Фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа Совет жумҳуриятлрида ҳам аҳвол шундай эди. Айни пайтда чиқиш йўли топиш ҳам осон  эмасди. Ҳақиқатан ҳам, бошқа бўлгаларда бу йўл излашлар фақат изланиш савиясида қолиб кетди. Ўзбекистонда эса бу изланишлар ғалаба билан хулосланди ва Муҳаммад Солиҳнинг бошчилик этгани бир гуруҳ санъатнинг турли шохобчаларида янги адабий ва ижтимоий тушунчани жамиятда акс эттиришга эришганини қатьий бир шаклда урғулашимиз мумкин.
Бу оқимнинг профессионал принципларини адабиётда: муросасизлик, инсоний ҳалоллик, тўғрисўзлик ва эътиқод йўлида курашчанлик, сиёсий приципларини   эса  таъқиқиланган миллий тил ва адабиётнинг оқланиши ўлароқ танитиш мумкин. Булар Муҳаммад Солиҳнинг қаламидан чиққан шеър, суҳбат ва мақолаларида аниқ равшан кўринади. Муҳаммад Солиҳ тарафидан ўзбекчага ўгирилган “Француз шоирлари шеърияти”, “Дада Қўрқут китоби”, Юнус Эмрa девони ҳам ўша даврга тўғри келади.
Муҳаммад Солиҳ Совет даврида қизиллларнинг энг кўп синдирмоқ истагани ўзбек туркларининг – инсоний ҳақлари қўлидан олинган, моддий ва маънавий борлиқларига катта зиён етказилган инсонларнинг тилмочидир.
Айни пайтда, Муҳаммад Солиҳ дунё туркларининг масалаларини чуқур тушунган ва уларни очиқ-ойдин айтаолган фикр одами. Адабиётдаги даъвоси, сиёсатдаги мужодаласи айнан шу истиқоматда (йуналишда) давом этди.
Муҳаммад Солиҳ ҳаққи ейилган ҳар қандай инсонга, ҳар қандай халққа ҳамдардлик фазилатига эга  ва бу туйғуни ўз миллий даъвоси ичида  яшатабилган кенг уфқли бир лидер.
У сиёсий шароит юзасидан ўлкасини тарк этишга мажбур бўлди, энди юртидан ташқарида яшамоқда.
Муҳаммад Солиҳ шундай хотирлайди: “1970 йилларда шоир Абдурауф Парфи билан шундай орзу қилардик: бир кун уйғониб, бутун тошкентликларнинг ўзбекча гапираётганини кўрсак, дея орзу қилардик. Мана, Ўзбекистон мустақил бўлди, энди Тошкентда ҳамма, ҳатто руслар ҳам ўзбекча гапиришаяпти..”
Аммо бу кунни орзу қилганларнинг, бу кун учун ҳаётини ҳийба қилганларнинг ўзбекча ёзган китоблари бу ўлкада таъқиқланган, уларнинг ватанларига кириши таъқиқилангандир. Уларнинг айби миллати учун душманлардан садақа эмас, ҳақиқий истиқлол исташи эди. 1981 да дегани каби уларга “бўйсунишни” истамагани эди.  Ҳеч шубҳа йўқ-ки, ёш умри мағлубиятлар, зафарлар, бир сўз билан айтганда, мужодала солномаси бўлган Муҳаммад Солиҳ қуёшнинг мунис туғилган кунида Туронзаминга қайтажак ва янгидан сўзга бошлаяжак, Ўзбекча сўзга.

(1997)