O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлгани ва унинг васиятномаси

Муфти Маҳмудхўжа ҳазратларининг қандай шаҳид бўлгани ва унинг васиятномаси
121 views
26 May 2017 - 9:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(72)

МУФТИ МАҲМУДХЎЖА ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ҚАНДАЙ ШАҲИД БЎЛҒОНЛИҒИ
ВА ОНИНГ ТОМОНИДАН ЁЗИЛҒАН ВАСИЯТНОМА[1]

Туркистон тараққийпарварларининг устози ва пешвоси бўлғон самарқандли муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг Туркистонда танимайтурғон киши бўлмаса керак.

Ўз ватани ва халқи учун, фикр ва қалами ила йигирма йил чамаси хизмат қилғон мана шундай пешвомиз, охири вазифа ва хизмат йўлида Бухоро тупроғида золим беклар қўлида ваҳшиёна суратда шаҳид этилди.

Беҳбудий афанди 1919 йил 25 мартда, йўлдошлари Мардонқули Шомаҳмуд ўғли ва Муҳаммадқул Ўринбой ўғиллари билан Самарқанддан Бухоро тупроғиға ўткан ва шундан қаерға борғонлиғи билинмай, бу тўғрида турли сўзлар сўйланган ва мухталиф гумонлар қилинғон эди. Охири халқ орасида шойиъ бўлғон сўзлардан гумон ғолиб ила онглашилғон эдиким, Беҳбудий афанди мазкур икки йўлдошлари билан золим амир Олимхоннинг ғаддор беклари қўлида шаҳид бўлғонлар. Мана шул гумон ғолиб ила муҳтарам шаҳидларимизнинг ғойиб бўлғонлариға бир йил тўлиш муносабати ила 1920 йил 25 мартда Самарқандда тантанали суратда таъзия маросими ижро этилган эди.

Бултур (1921 йил) март ойида Бухоро тупроғидан келган ўртоқ Ҳожимурод Худойберди ўғли Беҳбудий ҳазратлари билан йўлдошлари Муҳаммадқул Муродқул афандиларнинг Қарши шаҳриға беги Тоғайбек томонидан қандай шаҳид этилганлиги ҳақида маълумот келтурди.

Ўртоқ Ҳожимурод Бухоро инқилоби бошланғон кунда Самарқанддан ҳукумат томонидан бир маъмурият ила Шаҳрисабз ва Китоб тарафларға бориб, онда бир иш ила Қарши шаҳриға ўтган ва ўшал тарафларда 6-7 ой хизмат қилиб юрғон бу муддатда хейли ишлар қилган ва кўп воқеаларни кўрган.

Ҳожимурод афанди Қарши бегида бир неча вақт «маҳрамлик» хизматида бўлғон фарғонали 17 яшар Содиқжондан Беҳбудий ва онинг йўлдошлари ҳақида кўб маълумот олғон.

Беҳбудий афанди ва йўлдошлари бошлаб Шаҳрисабзда қўлга тушуб, тахминан икки ойдан сўнг Қарши шаҳриға юборилиб, онда (зиндонда) бир неча кун ётқондан кейин мазкур Тоғайбек томонидан шаҳид қилинғон.

Беҳбудий афанди ва йўлдошлари Қарши зиндонида ётқон вақтларида, Қарши бегининг биринчи маҳрами ҳам зиндонбони Аҳмад ила 2-нчи маҳрами Содиқжон Беҳбудий ўртоқлари ила ёшурун мусоҳаба этиб аларнинг ким эканликларини билганлар. Ва ҳар вақт оларнинг аҳволидан хабардор бўлиб турғонлар. Ниҳоят, Беҳбудий афандиларнинг суҳбатлари таъсири билан мазкур икки маҳрам буларға мухлис ва меҳрибон бўлғонлар.

Ҳатто, бир кун мазкур маҳрамларнинг рижо ва хоҳишлари ила бек Беҳбудий ва йўлдошларини ўз ҳузурига чақириб: «Сизлар на учун қўлға тушдингиз?» – деб сўрағон. Беҳбудий афандилар: «Бизлар Байтуллони зиёрат этмак учун Самарқанддан чиқғон эдик, йўлда амир маъмурлари «сизлар Жадид, кофир ва тилчи, деб бизни қўлға олдилар. Тафтиш қилинсун, бизнинг гуноҳсизлигимиз шоят маълум бўлур», — деганлар.

Бек: «Сизлар жадид ва кофирдирсиз. Бухороға жаноб олийға тиғ тортқон сизнинг маслакдошингиз эмасларми эди? Сизларни ўлдурмак керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллога бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз», — деган.

Бекнинг биринчи маҳрами ва зиндонбони Аҳмад бекнинг бу ҳақсиз сўзлариға чидай олмай, Беҳбудий афандиларни мудофаа учун бекка қараб: «Тақсир. Ул буларнинг ишларини ҳақиқатлаб кўринг. Агар гуноҳлари сабаб бўлса, сўнгра ўлдурунг», — деганда, бек аччиқланиб: «Эмди билдимки, сен ҳам жадид экансан, чунки жадидларға тарафдорлик қиласан. Улдурулатурғон жадидлар учта эди, энди сен билан тўртта бўлди, сени ҳам ўлдурмак керак», — деб Аҳмадни таҳдид эткан, Аҳмад кўзига ёш келган ҳолда, қўрққонидан индамай турғон.

Сўнгра бек, одамлариға Беҳбудий афандиларни ҳам мазкур Аҳмадни зиндонға қамарға буюрғон ва амирдан яқинда келатурғон фармойиш ила буларнинг ўлдуражагини билдирган.

Беҳбўдий афанди, оёқға туруб жасорат ила тубандаги сўзларни сўйлагандан сўнг йўлдошлари ила йиғлай-йиғлай зиндон сари борғонлар:

«Бизлар ўлумдан қўрқмаймиз. Балки ҳақ йўлида ўлмакни ўзимиз учун бир шараф деб биламиз. Мундай йўлда ёлғиз биз ўлмаган, балки кўп кишилар тўғрилик ва инқилоб йўлида шаҳид бўлғонлар».

Мундан бир неча кун ўтгандан сўнг, Содиқжон амирдан бекка қатл буйруғи келганини Беҳбудий афандиларға билдирган. Сўнгра Беҳбудий афанди, ўзининг ҳаётидан умидин узиб йиғлай-йиғлай тубандаги «Васиятнома»ни ёзиб, Содиқжонга тобшурмоқ учун Аҳмадга берган ва ҳар қандай йўл ила бўлса-да, шул васиятноманинг Самарқандға юборишини ўтинган. Васиятноманинг остида бошлаб Беҳбудий афандининг ўзи, сўнгра Мардонқули ва Муҳаммадқули афандилар қўл қўйғонлар.

Васиятнома ушбудир:

«Эй, Туркистон маориф ишларида бўлғон ўртоқ ва ўғлонларим! Мен ўзим гарчанд банди бўлсам-да, сизларни эсимдан чиқармайман ва сизларга бир оз васият қилиб ўтаман. Мани севар ўртоқларим! Маним сўзларимни қулоқларингизға олингизлар! Биз икки ойдан бери Бухоро шаҳарларида банди бўлиб юруб, ахир ўн кундан бери бир ерда (Қарши шаҳрида) бу золимларнинг қўлиға тушиб банди бўлдик. Жадид, кофирлик отини кўтардик. Бу ердан қутулмоғимиз гумон бўлди. Ўртоқларим Сиддиқий, Айний, Фитрат, Қори ва Акобир Маҳдум ва ўғлонларим Вадуд Маҳмуд, Абдулқодир Шакурий!

Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз! Ўртадан нифоҳни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамоат ила қилингизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Бизнинг қонимизни золим беклардан талаб қилингизлар! Маорифни Бухоро тупроғида жорий қилингизлар!

Бизнинг отимизға мактаблар очингизлар! Бизлар ул чоқда қабримизда тинч ётурмиз. Манинг ўғлонларимға салом еткурингизлар. Бу ҳамроҳларимнинг авлодларидан хабардор бўлинглар! Ушбу васиятимни ёзиб Аҳмадга бердим».

Бу васиятномадан 3-4 кун ўтар-ўтмас, Беҳбудий афанди ва йўлдошларини ҳам Аҳмадни ўлдурурга буюрғон ва алар зиндоннинг ёнидаги подшоҳлик бир чорбоққа юборилғанлар. Шунда аларнинг қотиллари ўзларига билдирилган ва ўзлари учун шу боғда тўрт қабр қаздирилғон. Сўнгра Беҳбудий афанди ва йўлдошлари таҳорат олиб намоз ўқимоқчи бўлғонлар. Лекин шу чоқда раҳмсиз жаллод муовинлари ила етишуб келиб, аларни намоз ўқирға қўймоғон ва энг аввал Беҳбудий ҳазратларини жойнамоз устида бошини кесган. Бу ҳолни кўриб Мардонқули, Муҳаммадқули ва Аҳмад афандилар тавҳид ва шаҳодат калималарини ўқиб, ўлимни кутиб турғонлар. Андин кейин жаллод аларни бир-бир бошин кесган. Сўнгра бекнинг хизматкорлари мазкур шаҳидларнинг наъшларини чиқариб, ўзлари қазғон қабрларға кўмганлар ва қабрларни (билинмасун деб) ер ила тегиз этганлар.

Бекнинг маҳрами Содиқжон, бу воқеанинг бошидин охиригача кўрган ва билгани учун ҳам Беҳбудий афандиларға мухлис бўлғонидан шу воқеани бир дафтарчада ёзиб қўйғон ва ондин ўртоқ Ҳожимурод кўчириб олиб, фожиани театр шаклида тартиб этуб, отини «Маориф қурбонлари» қўйғон.

Уч пардадан иборат бўлғон мазкур рисолани биз кўрдук. Рисола керак ибрат, саҳнага қўйиш жиҳатидан хийла нуқсонлидир.

Агар рисола театр оламидан хабардор бўлғон бирор-бир кишининг қалами ила тузатилса, биринчи театру рисоласи қаториға кириши шубҳасиздир.

Ўртоқ Ҳожимуроднинг сўзига кўра, мазкур Содиқжон 1920 йил 21 декабрда амир томонидан Шаҳрисабз, Китоб ва Ғузор тарафларида қўзғатилган исёнчилар тарафидан Шаҳрисабзда ўлдирилган. Шунинг ила Содиқжон ёзған воқеа ила васиятноманннг асл нусхаси-да ўшал чоқда йўқолиб кетган.

Самарқанд, Ҳожи Муин Шукрулло ўғли,
1922 йил, 7 январ

(Давоми бор)

[1] Ушбу “Васиятнома” ва мақола 1922 йилда “Инқилоб” журналининг 1-сонида босилган. 1988 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида (16 сентябр, нашрга тайёрловчи Ш.Турдиев), 1993 йилда “Миллий уйғониш” тўпламида (нашрга тайёрловчи Ж.Худойбердиев) қайта чоп этилди.