O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нима фарқи бор бизнинг яқинимиз қамалмадику…

Нима фарқи бор бизнинг яқинимиз қамалмадику…
140 views
20 April 2017 - 8:52

Бир яқин қариндошим бор. Ҳамма қариндошларимдан кўра кўпроқ яхши кўраман. Ислом ақидасига зид бўлса ҳам қариндошлик жиҳатидан яхши кўраман. Ақидага зид деганим у инсон бенамоз… Етмаганидек, ўғрилар ақидасида (вор в законе). У қамалган, жуда кўп қийинчликлар кўрган инсон. Лекин шундай бўлсада ўз маслакидан қайтмайди. Ўзи танлаган йўл у учун энг тўғриси. Уни яхши кўришимга сабаб эса – у мард инсон, ростгўй инсон, олийжаноб инсон. Ҳа, бир ўғрида шу сифатлар мужассам. Яқинлари учун доимо қайғуради, вада берса бажаради. Сизни ҳеч қачон унутиб қўймайди. Мен бу гапларим билан шундай инсонларни мақтамоқчи эмасман. Масалани моҳияти умуман бошқа жойда. Гапни кўп чўзмай, мени таъсирлантирган нарсаларга ўта қолай.

У инсон қамоқдан саккиз йил деганда чиқди. Йиллар ўз тасирини кўрсатишига қарамай ҳали ҳам ўша бургут нигоҳ, мард инсон эди. Қамоқдан чиқиши билан ёру-бродарлар, қариндошлар кўргани кела бошлади. Уч кун ўтиб: “мен бир жойга бориб келишим керак” деди-да, сафарига ҳамсуҳбат бўлишимни сўради, йўқ дея олмадим. Биргалашиб юртимизнинг нариги чеккаси, Қорақалпоқ ўлкасига қараб кетдик. Қаерга ва нима мақсадда кетаётганимизни сўрасам, айтмади.

Қорақалпоқ юртидан бошланган саёҳатимиз ортга қараб кетиш билан бошланди. Ҳар бир жойда қўлидаги манзиллар бўйича борар, бозорлик қилиб, манзилдаги уйларга тезда кириб чиқарди. Билдимки қамоқда бирга ўтирган одамларини хабар олгани келганини. Ўзи бу ҳақда шундай деди: “қамоқда узоқ вақт бўлдим, бу уйларига келаётганларимиз ичкаридагиларнинг ота-оналари, оиласи ва фарзандларидир. Қамоқдалик вақтимда уларнинг уйидан ҳабар оладиган ҳеч ким йўқ эканлигини билиб, уларни кўргани келяпман. Ичкаридагилардан салом айтиб, тинчлантириб қўйяпман” деди.

Шу таҳлит Хоразм, Буҳоро, Самарқанд ва токи водийгача бўлган ҳар бир уйга кириб чиқдик. Энг қизиғи ва менинг эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, жуда кўп кирган ҳонадонларимиз “диний экстримизм” “унвони” билан қамалганлар эди. Ўғри ақидасидаги одам, на намоздан, на бошқа нарсадан беҳабар бу инсон нима учун бу даражада “экстримистлар”га меҳрибонлик кўрсатаётгани ажабланарлик ҳол эди.

Бу ҳақида ҳам ўзи гапириб берди: “Қамоқларда энг ҳорланган, энг қийинчиликдаги одамлар мана шулардир. Қолган айбловлар билан қамалганларга “передачалар” келиб туради. Яқинлари ҳам доим хабар олади. Аммо диний қамалганлардан жуда кўп ҳолларда ҳатто яқинлари ҳам кечиб юборади. Асосан аёллари ва ота-оналари келади. Дўстлари ва қариндошларидан ҳат ҳабар бўлмайди. Мана шу учун ҳеч кими йўқ, ҳеч ким ҳабар олмайдиган, ўғилларини кўргани боргани даромади йўқ одамларнинг уйларига келдим” деди.

Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Қамоқда қанчадан қанча жиноятчилар бор?! Қанчадан қанча ўғрилар, каззоблар, муттаҳамлар, давлатни талон тарож қилганлар, қотиллар бор. Лекин уларнинг яқинлари кечиб юбормаган, шотирлари келиб туради. Ўғрилар ақидасида эса доим хабар олинади. “Ўзларидан” бўлганлар ҳам моддий, ҳам манавий қўллаб қувватладилар. Аммо кечагина қариндош уруғчилик қилган мусулмондан кечиб юборадилар. Кечагина елкама елка намоз ўқиган ўша “хоиндан” масжид аҳли ҳам кечиб юборади. Маҳаллада номи қора. Аёлига, болаларига хоин сифатида қарайдилар. Биргина “справка” олиш учун кўзлари мўлтиллаб, бир ифлоснинг эшиги тагида сарғайиб ўтирадилар. Олисдаги эрини, яқинини кўргани боришга шароитлари йўқ. Мусулмонман деган, кўкрагига урган, етти марта ҳаж қилган, қизини тўйини дабдабалик қилиб ўтқизган, қатор қатор кафелари, қатор қатор уйлари бор “ҳожи акалар” ўша кечаги танишидан кечиб юборадилар. Ёрдам бермаганлари етмагандек, ёрдам бераман деганларни қайтарадилар “аралашма, сени ҳам “спискага” солиб қўйишади, узоқроқ юр”, дейишади.

Бирлаша олмайдиган, ўзидан бўлган биргина ўзини “ёмонини” химоя қилмайдиган мусулмонмиз.

Уйидан граната чиқибди, қора дори чиқибди, фалон экан, пистон экан деган гапларни тарқатамизу, аслида ичимиздаги энг яхшиси ўша эканлигини айта олмаймиз. Бу ҳақиқатни тан олсак жирканч башарамизга кўзгу тутган бўламиз. Яхшиси уни қоралаб, лойга ботирсак “пок” виждонимиз бир оз таскин топади.

Ўғриларни бирлаштирган ақидаси уларнинг бошига қандай кун тушса ҳам ажрата олмасаю, мусулмонни бирлаштирган ақида биргина синов билан чил парчин бўлса.

Ҳа, дуогўй мусулмонмиз. Шукрчи мусулмонмиз. Нима фарқи бор бизнинг яқинимиз қамалмадику-а? Нима фарқи бор қон йиғлаётган бизнинг акамиз, укамиз эмаску-а? Эрини олдига боришга пул топа олмай, кечалари қон йиғлаётган аёл бизнинг синглимиз эмаску-а? Ўлиб кетмайдими…

P.S Мен бу гапларим билан ҳамма қамалганлар оппоқ демоқчи эмасман. Ичида беайб қамалганлари бор эканлигини президентнинг ўзи ҳам тан олди.

Ўғри, каззоб, қотилни кечирган жамият уни ҳам кечириши керак. У ҳам хато қилади. Ҳудди қолганлар каби.

Sayyid Islom

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди