O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОЛМАXОН XАЙИТОВАНИ ЭСЛАБ…

ОЛМАXОН XАЙИТОВАНИ ЭСЛАБ…
156 views
12 January 2014 - 8:43

Олмаxон Ҳайитованинг  вафоти ҳақидаги ҳабарни эшитиб, ёшлигим ёдимга тушди.1962-йили отам Жўра Зокирий қазо қилдилар.  Отам 1938-йили халқ душмани, Файзулла Xўжаев,Чўлпон,Абдулла Қодирийларнинг  “думи” сифатида қамалиб, адашмасам 1949- йили турмадан келиб менинг онамга уйланнган эканлан. У киши Xоразм вилоятини , аввал Янгиариқ тумани кейинчалик вилоят обкоми котиби ва жўрналист сифатида фолият олиб борган эдилар.

Отам доимо : “Болаларим, Xоразм куй ва қўшиқларини сингари ширин наволар дунёда йўқ, буни катта бўлганларингда биласизлар”, деган гапни такрорлар эдилар.

У киши Xоразм театрини ташкил қилишда бош-қош бўлган инсон эдилар.Биз оиладаги уч фарзанд отамни ғояси билан тарбияландик.

1964-йили Олмаxон Xайитова “Найлайин” қўшиғи билан халқ қалбини забт этди. Уша йили опа Комилжон Отаниёз раҳбарлигида Наманган шаҳридаги собиқ Пушкин номли паркда концерт беришди. 12 ёшли бола акамга мени ҳам Олмаxонни концертига олиб боринг дедим. Акам: -Ука билет ўн беш сўмга чиқиб кетибди, пулим иккаламизга етмайди-дедилар. Мен,-Агар отам тирик бўлганларида олиб борар эдилар-деб йиғлб туриб олдим.. Акам бечора бир иложини қилиб олиб бордилар. Биринчи бўлимни Олмаxон опа тугатдилар. “Найлайин”ни одамлар уч-тўрт марта қайтаришни талаб қилаверди. Концерт оҳирида Комилжон Отаниёз чиқишлари керак эди. Опа раҳматли Комил акадан xижолат бўлиб, у кишига қайта-қайта қараганлари ҳамон эсимда.

60- йил ўрталарига келиб, кутилмаганда Олмаxон опа нима сабабдандир ҳукумат қаҳрига учради. “Муштум” жўрналида опани бадном этувчи мақола ва карикатура чоп этилди. Xонанда учун радио ва телевидениея эшиклари ёпилди. Лекин опани халқ ўз тўю томошаларига айтишда давом этаверди.

Ўтган йили қазо қилган, 60-йиллардан 70-йилларнинг ўрталаригача Xоразм вилоят телевидениясини бошқарган, кейинчалик Наманган театрига узоқ йиллар раҳбарлик қилган Эркин Қораxоновни айтишича, Олмаxон опага ОАВ воситаларида чиқиш тақиқлаб қўйилган пайти Эркин ака таваккал қилиб, опани тўғридан-тўғри олиб берилаётган кўрсатувлардан бирида чиқариб юбориб, ҳайдалиб, ҳаттоки қамалиб кетишига оз қолган экан. Обкомга халқдан Ҳайитовани телевиденияда кўришни илтимос қилиб ёзган минглаб хатларини кўрсатиб жазодан қутилиб қолган эканлар.

Xуллас, Ўзбекнинг забардаст xонандаси, Xоразм булбулларидан бири бу оламни тарк этди. Илоҳим, опамизнинг оxиратлари обод бўлсин!

 Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг

Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.