O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ота-оналар мактабга ўтин ташияпти

Ота-оналар мактабга ўтин ташияпти
118 views
02 February 2012 - 16:00

“Агар болангиз совқотиб қолишини истамасангиз, мактабга ўтин келтиринг!” Қишда газ таъминотисиз қолган, кўмир билан ҳам таъминланмаган Ўзбекистон мактаблари директорлари ота-оналарга шундай мажбурият юкламоқда.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги 17-умумтаълим мактаби маъмурияти қишли-қировли кунларда болаларни мактабда шамоллатиб қўймаслик учун ота-оналарга ўтин олиб келиш мажбуриятини юклади. Қизи шу мактабда ўқиётган, исмини сир қолишини сўраган оталардан бирининг Озодликка айтишича, ҳар куни рўйхат бўйича бир ота мактабга ўтин олиб бориши шарт:

– Қаттиқ совуқ бошлангандан бери биз яшаб турган жойдаги мактабда журналдаги фамилия бўйича болаларнинг ота-онасига буюрилади. Ота-онаси олиб боради ўтинни. Бугун бизнинг навбат экан олиб бордим. Ўтинни қанча кўп олиб борсангиз, 4-5 соат дарс ўтилади. Бошланғич мактаб энди. Печкани ҳам ўзимиз қилиб бердик. Ота-оналар пул йиғиб, карнайларигача қилиб, ҳаммасини ўзимиз ўрнатиб берганмиз,- дейди жиззахлик мактаб ўқувчисининг отаси.

Унинг айтишича, тумандаги аксарият мактабларда шу аҳвол. Газ танқислиги боис, қишлоқ мактаблари оддий печкалар билан имкон қадар иситиляпти.

Дўстлик туман халқ таълими бўлимининг телефонлари қарздорлиги учун ўчириб қўйилгани боис, расмийларнинг бу ҳолатга муносабатини олиш имкони бўлмади.

Бироқ, мактабларни иситиш вазифаси ота-оналарга юклатилгани биргина Жиззах вилояти учун хос ҳодиса эмас. Қизи Қўқон шаҳридаги 27-мактабда ўқиётган яна бир суҳбатдошимизнинг айтишича, улар бир қишлик ўтинни аллақачон мактабга топшириб бўлган:

– Қизалоқни мактабга жўнатганимиз йўқ. Бир кун бориб икки кун дам олаяпти. Қиш бошланганда бир куни қарасам, кўчада пакетга хас-чўп териб юрибди қизим. 1-синфга борадида. Ҳа, десам, опой айтди, ўтинсиз келманглар, деб. Кичкинада ҳали қизалоқ. Совуқ, дейди. Бўлмаса куннинг совуғида жўнатмаймиз, барибир бетондан қурилган бинонларда. Дириллаб келади. Келиши билан уст-бошини алмаштирамиз. Оëқлари нам бўлиб қолади. Келиши билан ярим соат, бир соат ухлайди. Ўтиннинг бир сезонлигини ташиб қўйганмиз. Кўмирларгача олиб бориб берганмиз, ота-оналар,- дейди қўқонлик ота.

Фарғоналик Қаюмжон эса Марғилон мактабларида ўқувчилар дарсга китоб-дафтар билан бирга ўтин олиб бораётганлигини айтди. Унга кўра, Марғилондаги 14- мактаб ўқувчиларига шундай “солиқ” солинган:

– Марғилон шаҳрида 14-мактаб бор экан. Бошқа мактабларда ҳам бўлса керак бу ишку, 2-3-4-синф ўқувчиларига газ йўқлиги учун “Ҳар куни келганингда озгина-озгинадан ўтин олиб келасан. Ўзларингни иситиб шу ерда дарс берамиз” деб ўқитувчилар мажбур қилишар экан. Марғилоннинг ўзида ҳам газ йўқ. Ўтинни уйига ëқадими, ë мактабга берадими. 14-мактабда ўқийдиган боланинг отаси билан гаплашиб қолган эдим, мана шунақа деди,- дейди фарғоналик Қаюмжон.

Озодлик Марғилондаги 14-мактаб билан боғланди. Мактаб директори Абдувоҳид Мамасиддиқов ўқувчиларга бундай мажбурият қўйилганига оид хабарни рад этди. Директор, газ таъминоти йўқлигини айтар экан, мактаб қишга етарли ўтин ва кўмир билан таъминланганини билдирди.

ozodlik.org