O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ф.Тиллаев иши. “Протокол”даги сохта айбловлар

Ф.Тиллаев иши. “Протокол”даги сохта айбловлар
137 views
08 October 2013 - 9:44

тиллаев

2013 йилнинг 5 октябр куни ЎХҲнинг фаол аъзоси Фахриддин Тиллаев 15 кунлик қамоқдан  чиқди

 Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Жиноий ишлар бўйича суди”нинг чиқарган қарорига кўра: “Ўзбекистон Республикаси МЖТКсининг 52-моддаси (енгил тан жароҳати ),183-моддаси (майда безорлик), 39-моддаси (ОАВ орқали туҳмат қилиш) ва 34-моддаси “энг кам иш ҳаққининг ўн баробаридан ўн беш баробаригача яъни, 1 миллион 750.0 минг сўм миқдорида жаримага тортилсин. МЖТксининг 34 моддаси асосида 15 “сутка” қамоқ жазосини ўташ давомида ИИБнинг ходимлари қарорни тўлиқ амалга оширсинлар.   Фуқаро Тиллаев Фахриддиннинг озиқ-овқат билан таъминлаш борасидаги харажатлар  205.60 сўм миқдорида ундириб олинсин”, деб қарор чиқарган…

2013 йилнинг 20 сентябр куни Чилонзор тумани “Жиноий ишлар бўйича суди”нинг чиқарган қарори ва Чилонзор тумани ИИБнинг ходими Илҳом Остонaқулов томонидан тузилган, “протокол” юзасидан суриштурув ишларини олиб бордик. Протоколдаги ғиж-ғиж соxта айбловларни кўрган одамнинг   “Эй, Аллох! Ўзинг бизни бу туҳмат ва бўҳтондан асра!”дейиши ҳеч гап эмас:

  1. Протоколнинг биринчи бетига “2013 йил 31 август куни, “Суд медэкспертизасининг хулосаси” тикилган. Хулоса юзасидан, “суд мед экспертизаси”нинг ходимларидан суриштирганимизда, (уларнинг илтимосларига кўра, фамилия исимларини келтирмадик). “Бунақанги хулосалардан минг-минглаб беришимиз мумкин. Чунки, ким “кўки”дан берса, “хулоса” шу заҳотиёқ тайёр бўлади. Ваҳоланки, ҳар бир хулоса берилаётган вақтда даъвогар  ва ИИБнинг ходимларидан ташкил бўлган масъул шаxслар бўлмоғи лозим. Бу ерда берилган “суд мед экспертизаси”нинг хулосaсида ИИБ томонидан ҳеч қандай вакил қатнашмаган. Бундан ташқари, даъвогарнинг ИИБга мурожаат қилган аризаси йўқ… ”деб жавоб беришди. “Олинган хулоса жавобгарлигини ким бўйнига олиши мумкин?” деб сўрадик. Улар албатта ўша, “жабрийди”-да деб жавоб беришдилар…
  2. Фуқаро Ф.Тиллаевнинг “даъвогари”, Юлия Лыкованинг паспортидан кўчирмалар келтирилган. Унинг пaспортида Тошкент вилояти Қибрай туманида доимий “прописка” қилингани айтилган. Аммо. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 7 даҳаси, 50 уй, 43 хонадонида  “прописка” қилингани ҳақида ҳеч қанақанги хужжат йўқ. Хаттоки, “Боғистон” маҳалласининг раиси томонидан билдирилган фикрга кўра, “Ю.Лыкова ҳеч қачон бизнинг маҳалламизда яшаётганлиги тўғрисида расмий хужжатлар қайд қилинмаган. У вақтинчалик яшаб келаётган хонадон бошқа фуқаро номига расмийлаштирилган. Бу аёл Чилонзор тумани ИИБнинг маъсул ходими Илҳом Остоноқулов томонидан “вақтинчалик прописка” қилинган. Бунақа норасмий хужжатларни фақат ва фақат ИИБнинг ходимлари ўз жиғилдонларини ўйлаб қилишади.
  3. “Даъвогар”, Юлия Лыкованинг  ИИБга ёзган шикоят аризасини “Маъмурий иш”дан тополмадик. Унинг номидан ёзилган рус тилидаги, “тушунтириш хати” борлигига амин бўлдик. Бироқ у ўзининг “тушунтириш хати”да қайси куни воқеа содир бўлгани хақида  ёзмаган…
  4.  Чилонзор тумани ИИБнинг ходими Илҳом Остоноқулов томонидан, “маъмурий иш”да “Билдирги”лар  ёзилган бўлиб, даъвогар Ю.Лыкованинг енгил тан жароҳати олганлиги ҳақида “суд мед экспертизаси”нинг хулосаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖТксининг 52 моддаси асосида “маъмурий иш” қўзғатилган.
  5. Фуқаро Ф.Тиллаевни билган ва билмаган номаълум шаҳслар томонидан аризалар олиниб, аризани ёзиб берган фуқароларнинг “воқеа”дан қанчалик “хабардор” эканликлари “маъмурий иш”да кўриниб турибди. Улар фуқаро Ф.Тиллаев ва Ю.Лыковаларнинг ўзаро жанжалларини кўрмаган бўлса-да, ИИБ ходими И.Остоноқулов фуқаролардан олинган “тушунтириш хати” юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖТКсининг 183 моддаси яъни, “майда безорилик содир этган” деб “билдирги” (рапорт) ёзган.
  6. 2013 йилнинг 25 август кунида www.uznews.net сайтида нашр этилган мақола ва фуқаро Фахриддин Тиллаевнинг расми  “маъмурий иш”да кўрсатилган. Бироқ  мақола муаллифи хақида бирон-бир исм-шариф келтирилмаган. Бу ҳаракат Ўзбекистон Республикаси “ОАВ тўғрисида”ги қонунига зид ҳисобланади. Чунки “муаллиф ҳақлари” ( “авторскиe права”) деган байналмилал бир ҳуқуқ бор.  “Узнюснет”даги  мақола ҳуқуқан “aнoнимка” дир.

***

  1. Интернетда яъни, Россия Федерациясига тегишли бўлган, “ОАВ”ларидан бири бўлмиш, “Собеседник.ру” сайтида келтирилишича, “Мардикорлар касаба уюшмаси”нинг вакиллари Фахриддин Тиллаев ва Абдулло Тожибой ўғли ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари орқали Ўзбекистондаги тузумни ўзгартириш учун, диний кучларни ҳукумат тепасига келишида “Мардикорлар”дан фойдаланаётганлиги тўғрисида гап боради. Бу иккала мақолани ёзган “муxбир”нинг фамилияси ва исми келтирилмаган. Бу ҳам “провoкация”нинг бири тури бўлиб, инсонни “жиноятчи”га айлантириши  ҳеч гап эмас. ИИБнинг маъсул ходими буни ҳам инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖТКсининг 39 моддаси асосида яъни, “ОАВ” орқали фуқароларга туҳмат уюштиришда” Ф.Тиллаевни айбдор қилиб кўрсатган. Судда Ф.Тиллаев судья Б.Муҳиддиновдан мақолани ёзган “муҳбир”ларни судда қатнашиши ва улар қонун олдида жавоб беришларини талаб қилган. Судья Б.Муҳиддинов эса кўзини “кўр” қулоғини “кар” қилиб олди…
  2.  Фуқаро Ф.Тиллаевнинг 2013 йилнинг 3 сентябр куни Чилонзор тумани ИИБнинг  бошлиғи А.Юлдaшев ва Чилонзор тумани прокурори И.Ҳакимов номларига ёзилган шикоят аризаси келтириган бўлса-да, судда Ф.Тиллаевнинг аризалари инобатга олинмади. Ҳудди шунингдек, фуқаро Ф.Тиллаев томонидан судья Б.Муҳиддиновга тақдим этилган хужжатлар олинган бўлса-да, судья Б.Муҳиддинов, “маъмурий иш”ни бир томонлама олиб борди. Яъни, “юқори”нинг “закази”ни бажарди. Ваҳоланки, ИИБнинг ходими Илҳом Остоноқулов томонидан тузилган “маъмурий иш” юзасидан фуқаро Ф.Тиллаев судда ўз сўзини айтиб, “протокол” соxта хужжатлар асосида тузилгани ва ИИБнинг ходимига хамда “даъвогар”, Юлия Лыковаларга нисбатан жиноий иш очиш уларга нисбатан чоралар кўришни айтди.  Фуқаро Ф.Тиллаев  суд ишида прокурор ва адвокат бўлишини талаб қилган бўлса-да, судья Б.Муҳиддинов инобатга олмаган ва суд қарорида бу хақида лом-лим дейилмаган. Бундан ташқари, судда “маъмурий иш”ни кўраётган вақтда Ўзбекистон Республикаси МҲҲ томонидан яширин камера билан суд жараёни видеога қайд  қилинди. Албатта, бу судьянинг руxсати  асосида амалга оширилди.
  3. Фуқаро Ф.Тиллаевга тузилган “протокол”да унинг имзоси йўқ. “Маъмурий иш” билан танишиб чиққанлиги ҳақида Ф.Тиллаевнинг “тушунтириш хати” ҳам йўқ. Суд ва ИИБ томонидан фуқаро Ф.Тиллаев номига юборилган “чақирув қоғоз”лари берилмаган. “Маъмурий иш”ни кўриб чиққан судья Б.Муҳиддинов  юқоридаги камчиликларни  кўриб турган бўлса-да, даъвогар Юлия Лыкованинг сўзига амал қилиб, яъни, “Мен суддан фуқаро Ф.Тиллаевни жаримага тортмасдан 15 “сутка” қамоқ жазосини тайинлашларингизни сўрайман” деган сўзи судьяга қўл келди. Шу билан фуқаро Ф.Тиллаевгa  15 “сутка” қамоқ жазоси  белгиланди.

P.S. Фуқаро  Ф.Тиллаев 15 сутка қамоқ жазосини ўтаётган вақтда унинг яқин қариндошлари  Тошкент шаҳри,“панельный” вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси” га боришган.  Улар ИИБ томонидан таъқиб остига олинганлар. Хатто Чилонзор тумани “жиноий ишлар бўйича суди”га ариза билан мурожаат қилган шаxсларнинг аризаси қабул қилинмаган ва  суднинг қарорлари берилмади….

Абдилло Тожибой ўғли