O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россия Украинага қурол берилаётганидан яна нолиди

Россия Украинага қурол берилаётганидан яна нолиди
730 views
23 March 2022 - 11:55

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антоновнинг фикрича “Киев режимини қурол-яроғ билан кучайтириш ва хорижлик ёлланма аскарларни Украина ҳудудига ташлаш масъулиятсизлик ва ўта хавфлидир. Украинанинг ҳарбийлашуви Европа ва жаҳон хавфсизлигига бевосита таҳдид солади”. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати маълумотига таяниб qalampir.uz нашри хабар берди.

Антоновнинг таъкидлашича, Ғарб томонидан Киевга етказиб бериладиган қуролларнинг катта қисми қароқчилар, нацистлар, террорчилар ва жиноятчилар қўлида бўлиб, бутун дунёдан Европага келган безорилар Украинада жанговар тажриба орттириб, кейинчалик ундан исталган жойда фойдаланиши мумкин.

Россия дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, НАТО мамлакатларига Қўшма Штатлар “1980-йилларда бутун Яқин ва Ўрта Шарқда афғон мужоҳидларига берилган кўчма ҳаво мудофаа тизимлари ўнлаб йиллар давомида йиғиштириб келинаётганини” эслатиб ўтган.

“Биз Киев режими ҳомийларини Украинада қон тўкилишини рағбатлантиришни тўхтатишга ва уларнинг фаолияти оқибатлари ҳақида жиддий ўйлаб кўришга чақирамиз”, дея хулоса қилган Антонов.

АҚШ Президенти Жо Байден ўтган ҳафта Оқ уйда Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами ҳақида қисқача гапирар экан, унинг мамлакати Украинага қўшимча қуроллар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, дронлар, танкга қарши тизимлар, ўқ-дорилар етказиш ниятида эканини айтганди. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага қўшимча 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратишини, шу тариқа унинг умумий ҳажми бир ҳафта ичида 1 миллиард долларга етганини урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа давлатлари ва АҚШ Украинага қурол етказиб бераётганига норозилик билдирганди.

Манба: Qalampir.uz