O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Танбеҳул ғофилийн

Танбеҳул ғофилийн
127 views
03 July 2017 - 8:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(1)

Абуллайс Самарқандий ҳақида 

Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.

Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.

Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.

Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.

“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.

Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муҳаммад бин Лабиддин (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Сиз учун қўрққаним нарсалардан энг қўрқинчлиси –  кичик ширкдир”.

Саҳобаларнинг  “кичик ширк нимадир?, деган саволига эса: “Кичик ширк риёдир”. Оллоҳ  таоло қулларига амалига кўра бадалини бераётганда бу кабиларга (риёкорларга) “дунёда амалларингизни кўз-кўз қилганингиз кишиларга боринг-чи, улардан сизга фойда тегармикин”, деяжак.

Оллоҳу Таолонинг риёкорларга бундай муносабатининг сабаби шудир: уларнинг дунёдаги амаллари сохта ва алдовга қурилгани учун охиратда ҳам шундай муомалага тавба тутилажаклар.

Зотан, Оллоҳу Таоло шундай буюрган: “ Мунофиқлар амал қилса хўжакўрсинга қиладилар ва Оллоҳни жуда оз зикр қиладилар. (“Нисо” сураси, 142).

Яъни Оллоҳ мунофиқларнинг алдовларига бадал ўлароқ, улар қилган амалларнинг савобини бекор қилади. “Дунёда ким учун амал ишлаган бўлсангиз, энди ўшаларга мурожаат қилинг, менинг наздимда сизга бериладиган савоб йўқ”, дейди. Чунки бунақаларнинг амали фақат Оллоҳ учун ишланган амал эмасдир. Қул фақат Оллоҳ учун ишлаган холис амаллари учун савоб қозониши мумкин. Агар у ишлаган амалга Оллоҳдан бошқа бири ўртоқ қилинса, унга Оллоҳу Таолонинг ҳеч бир алоқаси бўлмайди.

Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деган: “Оллоҳу Таоло “Мен ширкдан энг узоқман. Бошқаси шерик қилинган амалнинг мен билан боғлиқ тарафи қолмайди. Ишлаган амалига мендан бошқасини ўртоқ қилганнинг амали мендан узоқдир” дейди”.

Бу шуни кўрсатадики, ишланган амал холис бўлмаса, бунинг савоби йўқдир. Ва бу амал соҳибининг боражаги ер ҳам жаҳаннамдир. Бунинг далили эса Оллоҳу Таолони шу ояти каримасидир: “Кимки, нақд (дунё)ни истаса, биз ўзимиз истаган кимсага ўзимиз хоҳлаган нарсани (дунёдан) нақд берамиз. Сўнгра уни жаҳаннамликлардан қиламиз. Қувғинга учраган ва мазаммат ҳолда у ерга киражак. Ким охиратни истаса ва мўмин бўлиб амалини охиратга кўра қилса, саъй-ҳаракати мақбул қаршиланажак. (“Исро” сураси. 18-20).

Яна Абу Ҳурайранинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Неча рўза тутганлар борки, тутган рўзаси эвазига очлик ва сувсизликдан бошқа ҳеч нарса қўлга киритолмайди. Неча намоз қилганлар борки, қилган намозлари дунё истаганларга ҳам, охират истаганларга ҳам эвазига чарчоқ ва уйқусизликдан бошқа ҳеч нарса ола олмайдилар”.

Яъни тутилган рўза ва адо этилган намоз Оллоҳ ризоси учун бўлмаган эса, бу амаллар учун савоб йўқ.

Аҳли ҳикматдан бир зот шундай дейди: “Кўз-кўз қилиш учун, шуҳрат қозониш учун ибодат қилган кимса – ҳамёнига чағир тош тўлдириб, бозорга борган одамга ўхшар. Уни кўрганлар: “бу одамнинг ҳамёни жуда қаппайган экан”, дейишади, аммо бу унга ўша оломоннинг гапидан бошқа ҳеч нарса қозонтирмайди. Чунки қаппайган ҳамёнидаги тошларга бозордагилар ҳеч нарса беришмайди.

Зотан Оллоҳу Таоло шундай буюрган: Улар не амал қилган бўлса, олдига чиқиб, амалларини чанг-тўзонга айлантирди. (“Фурқон” сураси. 23)

Сўфиёний (с.а.в.)дан ривоят этилишича, бир кун саҳобийлардан биттаси Расулуллоҳ алайҳисалломга: ”Ё, Расулуллоҳ, мен берган садақам билан ҳам Оллоҳ ризосини қозонишни, ҳамда одамларнинг мен ҳақда яхши гапиришини истайман”, деди.

Шунда тубандаги оят нозил бўлди: “Айт, шубҳасиз, мен ҳам сиз каби бир одамман. Менга тангрингиз фақат Оллоҳ экани ваҳий этилмоқда. Ким роббига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, яхши амал қилсин, Роббига қулликда унга шерик қўшмасин”.

Яъни ким Оллоҳ қаршисида туриб, жавоб беришдан қўрқса – бошқа ривоятга кўра, ким Оллоҳ қошида савоб ишламоқчи бўлса – солиҳ (холис) амал ишласин ва қилган ибодатида ҳеч кимни Оллоҳга шерик этмасин.

Ҳикмат аҳлидан бир зот шундай дейди: Кимки шу етти ҳолатни ўйламасдан қастдан етти нарсани қилса, қилгани ишларининг ҳеч биридан фойда кўрмас:

1.Мен Оллоҳ азобидан қўрқаман деб, гуноҳ ишлашдан қўрқмаса – бу сўзнинг унга фойдаси йўқдир.

2.Савоб орқасидан қувмай, фақат савоб ишлашни истаса, яъни “мен Оллоҳнинг савобини истайман”, деб солиҳ амал ишламаса – бу истакдан унга фойда йўқ.

3.Фақат яхши ният қилиб, яхшилик қилмаса, бу қуруқ ниятдан унга наф йўқдир.

4.Оллоҳдан хайр ишлашга муваффақ этишни тилаб, дуо қилса-ю, бу хайрни амалда қилмаса, дуонинг унга фойдаси бўлмас. Зотан, Оллоҳу Таоло “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилганларга биз мутлақо йўлларни кўрсатамиз. Оллоҳ яхшилик қилганлар билан баробардир” (“Анкабут” сураси, 69) дея буюргандир.

5.Инсон гуноҳларидан пушаймон бўлмасдан, фақатгина истиғфор билан чекланса, бундай авф сўрашдан унга фойда тегмас.

6.Инсон фақат ташқи кўринишини тузатиб, ички дунёсини ислоҳ қилмаса, бузуқлигича қолдирса – ташқи кўриниш унга ҳеч бир наф келтирмайди.

7.Одамнинг амаллари Оллоҳ ризоси учун бўлмаса, бутун ғайратини ишга солиб қилган амаллари унга фойда келтирмас, бу билан ўзини алдаган бўлади.

Ҳолбуки, Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Охир замонда шундай қавмлар келади-ки, улар дунёни худди сигир соғган каби соғажаклар. (Динлари эвазига дунёни еяжаклар) уларнинг тиллари шакардан ширин бўлишига қарамай, қалблари бўриники каби йиртқичдир”.

Абу Солиҳдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, саҳобийлардан бири Пайғамбаримиз алайҳисалломнинг ёнига келиб, “Мен бир амал ишлаётибман, уни яширишимга қарамай, у ҳақда одамлар эшитаяптилар. Бу эса менга хуш келаяпти. Бундай амалдан мен савоб олишим мумкинми?”, деди.

Расулуллоҳ алайҳисаллом “Сенга бу амалинг эвазига иккита савоб берилади! Биттаси амални ишлатганинг учун, иккинчиси бу билан бошқаларга ўрнак бўлганинг учун”, деб жавоб берди. 

Пайғамбаримиз алайҳисалломнинг яна бир ҳадиси шарифлари шундай: “Кимки, яхши бир йўл (шиғир) очса, у ҳам қилган яхши амалининг, ҳам очган ўша юрган йўлидан Қиёмат кунига қадар инсонларнинг савобини қозонади. Кимки ёмон бир йўл (шиғир) очса, бу қилган ёмонлигининг каби, ўша ёмон йўлдан Қиёмат кунига қадар юрган инсонларнинг гуноҳи ҳам бўйнида бўлади” (Бухорий).

Фақат шуни айтиш керакки, яхши амал қилган киши буни атрофига ўрнак бўлиш учун эмас, атрофидагиларнинг мақтови учун қилган бўлса, бу амал савобсиз қолиши мумкин.

Абу Ҳабибдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин), ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳисаллом шундай деган: “Малаклар Оллоҳнинг қулларидан биттасининг амалини муҳим кўрсатиб, мақтаб, кўкка кўтарадилар ва Оллоҳ изн берган нуқтага чиқарадилар. Оллоҳу Таоло уларга ваҳий йўли билан, “Эй малакларим, сизга у қулимнинг ишлаган амалини кузатиш вазифаси юкланган. Мен эса унинг қалбини ва ички дунёсини муроқаба этаман. Бу қулимнинг амали менинг ризом учун қилинган холис амал бўлмагани учун уни жаҳаннамликлар рўйхатига киритиш”, дея буюради.

Ёки Оллоҳу Таоло қулларидан бирининг амалини камситиб, хор кўриб, Оллоҳу Таоло изн берган нуқтага чикаришганда, Оллоҳу Таоло ваҳий йўли билан “Эй, малакларим, сизга у қулимнинг ишлаган амалинигина кузатиш вазифаси юкланган, мен эса унинг қалбини муроқаба этаман. Бу қулим ушбу амалини фақат менинг ризом учун, ихлос билан ишлади, шундай экан, уни жаннатийлар рўйхатига ёзинг”, деб буюради.

Бундан кўринадики, миқдор жиҳатидан оз амал, агар у Оллоҳ ризоси учун ишланган бўлса, бошқа мақсадда ишланган кўп миқдордаги амалдан яхшироқдир. Зеро, Оллоҳу Таоло Ўзининг ризоси учун ишланган амалларни кўпайтиргувчидир.

“Агар бир яхшилик бўлса, уни қат-қат орттиради. Унга Ўз тарафидан буюк ажр (мукофот) берар” (“Нисо” сураси, 40).

Бир гуруҳ фикҳ олимлари силсиласига таяниб, нақл этилганига кўра, Самир-ул-Асҳобий Уқба бин Муслимдан ривоят этиб, шундай деди: “Мадинада эканлигимда атрофида кўп одам тўпланган бир зотни кўрдим. “Ким бу одам?”, деб сўрадим. “Абу Ҳурайра дейишди.” Мен унинг ёнига бордим, одамларга бир нарсаларни тушунтирар эди. Ниҳоят, у ёлғиз қолди, мен унга: Оллоҳ учун менга Пайғамбаримиз алайҳисалломдан эшитганинг бир ҳадисни нақл эт”, дедим.

Абу Ҳурайра (Оллоҳ ундан рози бўлсин) менга “ўтир, ҳеч ким йўқлигида сенга Пайғамбаримиздан эшитганим бир ҳадисни нақл этаман”, деди ва… бирдан ҳўнграб йиғлай бошлади.

Сўнгра ҳушдан кетди.

Ўзига келганда, юзини қўллари билан ишқаб, менга юзланди ва “Пайғамбаримиздан эшитганим бир ҳадисни сенга мутлақо нақл этаман”, деди.

Сўнгра ҳўнгир-ҳўнгир йиғлай бошлади.

Бу ҳол анча давом этди, кейин ўзига келди. Яна юзини ишқаб, “Пайғамбаримиздан эшитганим бир ҳадисни мутлақо сенга нақл этаман”, деди ва яна йиғлашга тушди.

Учинчи марта ўзига келиб, юзларини силади ва менга қараб:

Пайғамбаримиздан эшитганим бир нақлни сенга мутлақо нақл этаман, – деди ва яна аввалгидай йиғлашга бошлади.

Анча йиғлагандан сўнгра, қўллари билан юзини силади, менга боқди ва шундай деди:

Пайғамбаримиз менга шундай деган эди: “Шони улуғ Оллоҳ Қиёмат куни келганда бутун қулларини ҳисобга тортажак ва ҳар ким унинг ҳузурига чиқажак. У куни илк чақириладиганлар бир ҳофиз, Оллоҳ йўлида жон берган бир шаҳид ва бир бой бўлажакдир.

Оллоҳу Таоло ҳофиздан “Пайғамбарларимга индирилган оятларни ўргатишни сенга насиб қилмадимми?, деб сўраяжак.

“Ҳа, насиб этдинг, ё Рабби!” деяжак у ҳофиз. Оллоҳу Таоло ундан “Хўп, бу билим билан нима қилдинг?”, деб сўраяжак. “Кеча-кундуз ўрганганимни ўқидим”, деб жавоб беражак ҳофиз. Аммо Оллоҳу Таоло ва малаклар унга “ёлғон сўйлаяпсан!”, деяжак.

Сен атрофиндагиларга “Қуръонни чиройли ўқир экан”, деб айттиришни истадинг ва бунинг уддасидан чиқдинг!, -деяжак унга Оллоҳу Таоло.

Навбат бой одамга келганда, Оллоҳу Таоло ундан “Сенга берганим бойликни қайси амал учун сарфладинг?”, деб сўраяжак. “Яқинларимга ёрдам этдим, фақирларга садақа этдим”, деб жавоб беражак бой.

Буни эшитган Оллоҳу Таоло ва унинг малаклари бойга “Сен ёлғон сўйлаяпсан!”, деяжаклар.

Сен бу билан атрофингдагиларга “бу сахий одам экан”, деб айттиришни истадинг ва бунинг уддасидан чиқдинг, – деяжак Оллоҳу Таоло бу бойваччага.

Навбат Оллоҳ йўлида жон берган бир кишига келганда Оллоҳу Таоло ундан “Нима учун жон бердинг?”, деб сўраяжак. “Сенинг йўлингда жанг қилиб жон бердим”, деяжак у одам. Оллоҳу Таоло ва ундан кейин унинг малаклари бу одамга “Ёлғон сўйлаяпсан!”, деяжаклар.

Сен ўзинг ҳақда “фалончи мард одам экан”, деб айтишлари учун урушдинг ва мақсадингга эришдинг, – деяжак Оллоҳу Таоло унга.

Бу сўзларни айтиб бўлиб, Расулуллоҳ алайҳисаллом қўллари билан тиззаларига уриб:

Ё Абу Ҳурайра, бу уч киши қиёмат куни жаҳаннам оташида биринчи бўлиб ёнадиган кимсадирлар.

Муовия ҳазратлари Пайғамбаримизнинг бу сўзларини эшитиб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади ва “Оллоҳ ва унинг Расули тўғри сўйлади”, деди. Сўнгра шу оятни ўқиди:

“Кимки бу дунё ҳаёти ва зийнатини истаса, унга амалларининг бадалини бу дунёда кам-кўстсиз берамиз. Ва уларга бу ерда хасислик қилинмас. Фақат шу кимсаларга Охиратда насиб йўқдир, фақат оташ бордир. Бу ерда қилганлари йўқ бўлиб, ишлаган амаллари ботилга айланиб бекор қилинажак”. (“Худ” сураси, 15-16).

Бу мавзуда Абдуллоҳ бин Ҳаниф Антоқий шундай дейди: Қиёмат куни қул Оллоҳу Таолонинг ҳузурига чиқиб, ишлаган амалларининг савобини сўраганда шу жавобни олажак:

Ишлаган амалларинг савобини сен дунёда экан бердикку! Суҳбат мажлисларида сени ҳамма ҳурмат қилиб, тўрга чиқармадими? Дунёда экан, раҳбарлик қилдинг-ку! Ҳеч қийналмасдан олиш-бериш қилмадингми? Яхши яшамадингми?, деяжаклар унга”.

Аҳли ҳикматдан бўлган бир зот “Кимга ихлос соҳиби дейиш мумкин?”, деган саволга “ихлосли киши қилган яхшиликларини худди қилган ёмонликлари каби яширган киши ихлос соҳибидир”, деб жавоб берибди.

Яна бир аҳли ҳикматдан бўлган зот “ихлос надир?”, деган саволга “инсонларнинг сени мақташи сенга ёқмаслигидир”, дея жавоб берган.

Бир кун Зиннун Мисрий “бир кишининг Оллоҳнинг танланган қулларидан эканини қандай билиш мумкин?”, деган саволга қуйидагича жавоб берибди:

Буни тўрт нарса билан билиш мумкин:

  1. 1.Агар у кўнгилли ўлароқ роҳат-фароғатдан воз кечса,
  2. 2.”Менда оз қолди” демасдан қўлидагини бошқасига бера олса,
  3. 3.Обрў-эътиборини йўқотар экан, буни хушнудлик ила қабул қила олса,
  4. 4.Мақтовни ҳам, танқидни ҳам бир кўра олса, бундай инсонни Оллоҳнинг танлаган қули дейиш мумкин”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси