Бугун эрталаб самарқандлик рассом дўстим академик Аслиддин Исаевдан хушхабар олдим: мени Ўзбекистон рассомлар уюшмасига қайта тиклашибди. “Шухратжон, мен икки қўлимни кўтардим союзга қобул килишда…( обо руки поднял на приём СХ.) Саломат булинг, ОМАД сизга. Сиз катта рассом!!” дея табриклади нафақат кўҳна Самарқанд балки жумла оламнинг рассоми оғаий Аслиддин. Мени ўз сафларига қайтаришда ҳисса қўшган барча рассом дўстларим¸ хоссатан Ширин Тошевага миннатдорлик билдираман. Устозим Янис Салпинкиди¸ академик рассом Владимир Бурмакин¸ ватансевар рассом Шавкат Музаффар¸ рассомдан чиққан давлат арбоби Турсунали Қўзиев¸ ижодкорлар бошини қовуштириб ўтирган Иброҳим Валихўжаев ва доимо мени маънавий қўллаб келган мусаввир Баҳодир Жалолов ва исмини унутганим юзлаб ижодкор дўстларга миннатдорлик билдираман. Ўзбекистондаги энг ҳурфикр вазир Азиз Абуҳакимовга ҳам ташаккурларим. Шу ўринда мени ижодкор дўстларим билан кўришишимга имкон яратган тадбиркор бизнесмен дўстларим Бекзоджон¸ Муроджон¸ Олимжон¸ бухоролик ва хоразмлик Алишерлар ва Муртазо оғамиз ҳамда чет элда университет очган икки ўзбекдан бири Холназарбекка ҳам ташаккурларимни билдираман.
Хўш нима бўлибди? Сенга нима беради бу уюшма деганлар бўлди.
Мен 1988 йили СССР рассомлар уюшмаси ëшлар бўлимига кейин икки йил ўтиб 1990 йили СССР рассомлар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим. Бу уюшма давлатдан пул олмай ўзини ўзи таъминлаган ташкилот эди. (Худфонд буюртмалари асосида шохона яшайдиган иттифоқ эди) Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бу ташкилот Бадиий академия ва ижодкорлар уюшмасидан иборат икки палатали идорага айланди. (Камина бу ўзгаришларни тамсил қилган барча мажлис ва қурултойларда қатнашганман) СССР рассомлар уюшмаси аъзолари автоматик тарзда янги ташкилотга аъзо бўлди. 1994 йили мен укаларим билан бирга Хоразмда мустақил ва ҳусусий телеканал очиб журналистика соҳасида ҳам фаолият юрита бошладим. Ҳукумат ва мулозимларни танқид қилувчи кўрсатувлар ТВ канал бош мундарижаси эди. (хоразмликлар буни эсласа керак) Албатта танқид ëқмаган ҳукумат турли йўллар билан телеканал ғилдирагига таëқ тиқиб бошлади. Тўрт марта ҳокимият билан судлашдик. Натижа дуранг бўлди. Икки марта улар ютди. Икки марта биз. Кейин ҳукумат ғирромликка ўтди. 1999 йил сайлов пайтида ўша даврнинг энг аҳмоқ мулозимларидан бири вилоят замҳокими Ботир Рахимов бизнинг ТВ канални ноқонуний йўл билан ëпди.
Хозир қамоқда жазо ўтаëтган республика Бош прокурори Рашид Қодиров талаби билан мени рассомлар уюшмасидан ўчиришди. Ўшанда прокурор талабига қарши турган ягона рассом бугун мархумга айланган Жўллибой Изинтаевни алоҳида эхтиром билан эслайман. Жўллибой оға Қорақалпоқдаги рассомлар министри мақомида эди. Шу лавозимини йўқотишидан ҳам қўрқмай мени ҳимоя қилган эди раҳматли. Аммо аксар рассом дўстларимни қўрқитиб “Бобожонов билан алоқани уз” дейишди. Баъзилар қўрқиб мендан масофаланган бўлса ҳам аксар рассом дўстларим мен билан алоқани йиллар бўйича сира узмади. Раҳмат. Мана яна рассом дўстларим билан бир сафдаман. Самарқандлик рассом дўстим академик Аслиддин Исаев назарида бу “адолат қарор топиб хато тузатилганидан” далолат. Мен ҳам шу фикрдаман. Барча елкадош рассомларни кириб келаëтган янги йил билан қутлайман. Омон бўлинглар. Касаллик¸ мухтожлик сиздан узоқ турсин. Қаддингиз тик¸ белингиз бақувват бўлсин рассом дўстларим.
Шуҳрат Бобожон



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ