O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ТУШ

ТУШ
125 views
20 August 2013 - 11:13

(“Йўлнома”дан парча)

Турғунлик ҳавоси шу қадар нафасни қиса бошлаган эди-ки, бунга наин-ки, ҳимоясиз мардум, ҳатто хусусий табиблари бўлган давлат раҳбарлари ҳам дош беролмади, изма-из ўла бошладилар.

1982 йил охирида Брежнев, ундан кейин унинг тахтига ўтирган Андропов, ундан кейин унинг ўрнига келган Черненко зудлик билан вафот этишди. Гўё орқаларидан бири ҳайдаб келаётгандай, тез-тез ғойиб бўлишди. Минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойида Черненко ғойиб бўлишга тайёрланаётган эди. Мен ҳам у пайтда Дўрмонда эдим. Илҳом париси келавермаганидан зерикиб, ухлаб қолибман. Туш кўрдим. Тушимда Дўрмоннинг кунчиқарида уруш бошланганмиш. Осмон портлашларданми қирмизи тусга кирган эди. Учоқлар бомба ташлар, танклар ўрмалар, одамлар нотаниш тилларда бақириб қаергадир чопар эди. Мен эса, мен нима қилардим, денг – мен қувончдан йиғлардим, тилимдан «ниҳоят-а, ниҳоят!», деган калималар учарди. Юрагимнинг бир ваҳший илҳомдан портлагиси келарди, гўё мен кутган, биз ёзувчилар кутаётган илҳом париси ўрнига бир даҳшатли илҳом деви келган ва бу турғунлик ботқоғида чириб кетаётган жамиятни остин-устин қилаётганди. «Офарин!», деб бақирардим, ўзимча. «Офарин!» дердим, аммо бу олқишни кимга айтаётганимни билмасдим.

Завқ-шавқдан бўғилар эканман, муздай ақл ҳам бир чеккада соат каби «чиқ-чиқ» юриб турарди. У менинг туш кўраётганимни билар ва рашк қиларди. Менинг бундай ҳаяжонни ўнгимда эмас, тушимда яшаётганимга ҳасад қиларди. Моддий дунё ва унинг ҳаками инсон ақли ўзидан тепароқда жойлашган ботиний идрокка рашк қиларди. Ва менинг зудлик билан уйғонишимни истарди. Мен эса уйғонмоқ истамасдим. Мен бу гўзал манзарани томоша қилардим, томоша эмас, бу манзаранинг ичида, унинг ўртасида яшай бошлагандим. Турғунликда узоқ вақт турғун қолиб, шалвираган мушакларимга қувват сиза бошлаган эди. Узоқ вақт чопмаган юрагим чопа бошлаганди, узоқ вақт йиғламай саҳрога айланган кўзларимдан тинмай ёш оқарди!

Мен бу жунбушни, бу ҳаяжонни қандай тарк эта олардим! Яна уйғонишми? Яна ўша алмисоқдан қолган манзарани кўриш учун уйғонишим керакми? Яна ўша ўроқ-болғали байроқ, унинг соясида кетаётган бир сурув масхарабоз, улар орқасида қўлларида «Биз бахтлимиз» қабилидаги шиорларни кўтариб олган, аммо бошлари хам, бўйинлари букик, сассиз оломон.

Фақат гоҳ-гоҳ карнайдан «Яшасин совет халқи!», дея бақиради Левитанникига ўхшаган бир фаросатсиз сас…

Шуни кўриш, шуни эшитиш учунми зудлик билан уйғонишим керак? Муздай ақл «Ҳа, уйғонишинг керак, бошқа чоранг ҳам йўқ, зотан», дерди.

Мен уйғонибоқ, дарров балконга чиқдим, беихтиёр кунчиқарга қарадим. Табиий-ки, у тарафда бир дала ва у ерда эса, моллар ўтлаб юрарди. Ёки ўтлар бўлмаса-да, менга шундай кўринди. Ҳар ҳолда, мен ўзимнинг ҳали ҳам совиб улгурмаган вужудим, ҳануз гурсиллаб ураётган юрагим билан ўзбек совет ёзувчилар уюшмасининг дам олиш уйи балконида ўзимни шу қадар бегона ҳис этдим-ки…

Пастга қарадим: эвоҳ, ҳамма нарса жойи жойида эди. Дам олиш уйи директори абадий армани Сергей, унинг ёрдамчиси ундан ҳам абадийроқ Вера Сергеевна ва улар ҳозирлаган емаклар, уларнинг ўтирадиган супалари, тепасида чор генерали эккан акатсиялар…

Мен билардим-ки, ундан нарироқда Совет Ўзбекистонининг пойтахти Тошкент, у ерда Дўрмондагидан ҳам кўримсизроқ ҳаёт… Мен билардим-ки, оёғимиздаги занжирни шалдиратиб Дўрмонга келиш, бу ердан яна шалдиратиб Тошкентга бориш билан ҳеч нарса ўзгармасди. Яна билардим-ки, ҳозиргина кўрганим бир туш, реал воқеликка ҳеч бир алоқаси бўлмаган рўё.

Лекин мен бир нарсани билмасдим: бу ёзувчиларнинг дам олиш уйи балконида турарканман, роппа-роса бир йил кейин менинг тушимга кирган илҳом Деви келиб, ер куррасининг олтидан бирини эгаллаган кап-катта Совет империясини ларзага солишини, турғунликни чок-чокидан сўкиб, тарихнинг «қоронғу бурчагига» итқитишини, юз йиллик ғафлатдан зўрға уйғониб, кўз уқалаётган катта-кичик халқларни вақт чархипалагига солиб, шиддатли бир тезликда айлантира бошлашини билмасдим.

Илҳом Деви бу чархипалакни шундай қаттиқ айлантирган экан-ки, ўн уч йил ўтганига қарамай, менинг ҳалигача бошим айланади. Ҳалигача бу чархипалакдан бошқасига, бироз секин айланадиганига ўтолмаяпман. Шундай шиддатли айланган экан-ки, мен, ўз миллатига ҳуррият истаган қул, пешонамни ҳурриятга тақ этиб урганимни билмай қолдим. Чархипалак шунақа тез айланди. Озодлик шунақа онийдан келди.

Мен ёзувчилар дам олиш уйи балконида туриб, яна кўп нарсаларни билмасдим. Масалан, ушбу ёзувчилар уйига ортиқ ҳеч қачон қайтиб келмаслигимни, қаламимни узил-кесил синдиражагимни, шеър ёзиш уёқда турсин, ҳатто ўқишга вақт тополмаяжагимни билмасдим. Ҳолбуки, армани Сергей ўзини нақадар абадий армани деб билса, мен ҳам ўзимни шу қадар абадий шоир деб санардим. Шеърдан бошқа ҳеч бир маслак менга тўғри келмайди, деб ўйлардим. Ҳар қандай бошқа маслак мендай олийжаноб шахсга ҳақорат бўларди, деб ўйлардим.

Мен бу балконда туриб, шунақа гўзал ташбеҳлар тақинган шеърлар ёзиб, халқим ҳуррияти учун жиҳод қиламан, деб ўйлардим. Агар Оллоҳ истаса, ҳурриятни ҳеч бир жиҳодсиз «сенга шу керакми, ол, бўлмаса!», дея бериши мумкинлигини билмасдим.

Мен орзу қилардим. Рус босқинчиларига қарши тўгарак тузишни, у ерда фақат расида бўлмаган болаларни тарбиялашни хаёл қилардим. Мен ўзимни ва ўзимга тенгдошларни бу ишда қатнашиш учун кексайиб қолдик, дея ҳисоблардим. Бугун ёш бўлсак ҳам эртага, Қарор куни келганда, озодлик учун ҳаёт-мамот жанги бошланганда, биз мункиллаган, чол бўламиз, деб ўйлардим:

“Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Кутаман, мудрайди ҳорғин кўзларим.
Ялқов қаҳр билан пашшани қўриб,
Кутаман, келмади ҳали дўстларим.
Ҳали душманларим тўплангани йўқ,
Юришар узилган симларни улаб.
Ҳар ҳолда, улардан менинг кўнглим тўқ,
Пайт келса, бир-бирин топажак улар.
Пайт келса, билмайман нега ярайман?
Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Бошимни эгганча кунга қарайман:
Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,
Қанотин ёзмади ҳали ҳақорат,
Ҳали қиёмига етмади хўрлик”.
(«Олис табассум сояси» китоби, 1986 йил)

Аслида, хўрлик аллақачон қиёмига етганди, хўрлик юз ўттиз йилдан бери давом этаётганди, ҳақорат ҳам қанотларини ёзиб бўлганди. Буни фақат ялқов ўзбекнинг тан олгиси келмасди. Баъзан унинг лойқаланган шууридан шундай тумтоқ манзаралар ҳам ўтарди:

“Сир

Оғзинг қулоғингда,
Нимани эшитди ўзи қулоғинг?
Кайфиятинг яхши,
Жунбушдасан қандай хабардан?
Қачон? Қайси маҳал? Эрталаб?
Тонг пайтида? Қайси соатнинг?
Қайси лаҳзасида? Қайси радио?
Қайси халқнинг? Қанақа эркка?
Эришганин эълон қилажак?
Оғзинг қулоғингда,
Кайфиятинг баланд –
Биз ҳам воқиф бўлайлик сирдан,
Тонггача ухламай юрайлик биз ҳам!” 
1983 («Олис табассум сояси», 1986)

Ҳар бир сўз орасида ўроқдай бўлиб сўроқ белгиси турмасайди, эҳтимол, бу шеърни цензура ўтказмасди.
Сўроқ белгиси диққатни чалғитади, шеърни чил-парчин қилади, сензорнинг эса бу парчаларни бирлаштириб ўқишга ҳеч вақти йўқ. Ўқиган тақдирда ҳам «бир лотинамерикан халқининг озодлик кураши ҳақида ёзгандир-да», деб қўйиши муҳтамал эди.
Чунки фақат тараққиётдан ортда қолган лотинамерикан халқларигина ўз озодлиги учун курашиши, диктаторларни ағдариш учун инқилобий қўмиталар тузиб, «тонггача ухламай юриши» мумкин эди.
Озодликни хаёл қиларкан, унинг қўлга киритилишини классик андозада кўз олдимга келтирардим. Оврупо андозасида. Халқ ичида ташвиқот, қуролли гуруҳлар тузиш, партизан ҳаракати ва бу ҳаракатнинг умумхалқ ҳаракатига айланиши:

“Бугун менинг уйқум бузилди бевақт,
Деворда лопиллар соялар – улкан.
Кўзим қамаштириб юборди ногоҳ
Олис минтақада ёнган бир гулхан.

Чарсиллаб ёнади олов дамодам,
Зулматда чирилдоқ чириллар нолон,
Гулхан теграсида еттита одам –
Соқоллари ўсган етти қўзғолон.

Улар суҳбат қурар жимгина… аммо
Уларнинг дунёга тушгандир иши!
Гулханни қучоқлаб олгандир гўё
Чордона қурган шу етти киши.

Олов узра парвоз этар бемалол,
Қанотин куйдирмай учади шу тоб:
Менинг қўрқувимга ўхшаган савол,
Сенинг умидингга ўхшаган жавоб…

Мана, тун ҳам дарров ярмидан оғди,
Суҳбат давом этар, гулхан ёшарар.
Ўйнар еттовининг юзида ёғду –
Ўт билан ўйнайди етти башара…
1983 («Олис табассум сояси» китобидан, 1986)

Аммо бу жуда узоқ жараён, ҳатто бизнинг авлоднинг умри буни бошлашга ҳам етмайди деб ўйлардим.
Беловежская Пуща ҳеч бир совет кишисининг, шу жумладан, менинг ҳам тушимга кирмаганди.
Озодлик шу қадар дафъатан, шу қадар йилдирим каби келди-ки, мен бугун ҳам, “Беловежская Пуща воқеаси”дан кейин 8 йил ўтган бўлса-да, воқеанинг миқёсини қамрай олмаяпман.

Мен бундан саросимага тушмаганлардан ҳайратланаман.

Гўё ҳеч нарса бўлмагандай ишга кетаётган, ишдан келаётган худди ўша совет давридаги каби танбаллик ботқоғига ботган, аммо совет даврида сўколмаган раҳбарларини бугун баралла сўкаётган собиқ метрополия халқидан ҳайратланаман.
Мен Беловежская Пущада қабул қилинган Совет Иттифоқини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатдан кейин охирзамон бўлдими, деган кинояларга қўшилмайман.

Совет Иттифоқи яхши эди, деганларни носамимий ёки нонкўр, деб ўйлайман.

Совет Иттифоқини қайтадан тиклаш керак, деганларни жоҳил, тиклаш мумкин деганларни, эса, ёлғончи дейман.
Ҳа, 1991 йил декабр ойида Беловежская Пущада қабул қилинган тарихий ҳужжатдан сўнг Совет Империясининг «охир-замони» келди. Бу шундай бир улкан воқеа-ки, унинг аҳамиятини рус мустамлакачилиги келтирган қўрқув ва қулликдан нафратланган инсонлар ва бу қўрқув ва қулликнинг яратувчилари рус шовинистлари жуда яхши билишади…

Дарвоқе, минг тўққиз юз саксон тўртда, Дўрмонда менинг тушимга уруш кирганди, Беловежская Пуща эмас. Кўрилган туш қаттиқ таъсир қилган экан, балконга чиқиб ҳам ўзимга келолмадим. Бегоналик ҳисси янада кучайганди. Мен ўз тушимдан худди бегона бир мамлакатдан чиқиб келгандай чиқиб келгандим. Бу бошқа мамлакаат менинг асл ватаним эди гўё.

Дўрмонда ҳар нарса бегона эди: армани Сергейдан тортиб, Вера Сергеевнагача, акатсия тагида турган П. Қодирнинг «Волга»сидан тортиб, ошхона ёнида ошпазлардан суяк кутиб ётган кўппаккача.

Мен уйғонишни истамагандим, аммо уйғонгандим.

Мен бу тушни томоша қиларкан, тинчликсевар бир халқнинг «нима бўлса бўлсин, тинчлик бўлса бас, хўрлансак ҳам, зўрлансак ҳам, қул бўлсак ҳам, тул бўлсак ҳам, тинчлик бўлса, бизга етади», дея тинмай ғудурланаётган бир халқнинг руҳий тазйиқидан бир он бўлса-да, қутулгандим.

Ҳозиргина кўрилган тушни йўримлаш хаёлимга ҳам келмас эди. Бу туш менинг ўнггимда кўришни истаган бир Буюк Ўзгаришнинг ҳужжатли филми каби эди. Буюк Ўзгариш бошланишига бир йилдан кўпроқ вақт бор эди, аммо унинг ҳужжатли филмини баракатопгур малаклар аллақачон суратга тушириб улгурган эдилар. Ўзгариш мавзуига ҳассосият билан қарайдиган баъзи инсонларга бу филмни намойиш қилиб, у шаҳардан бу шаҳарга учиб юрарди киночи малаклар. Йўл-йўлакай Дўрмон деган қишлоққа ҳам учраб ўтишганди. Уларнинг кўрсатган филми таъсирида менда зуҳур этилган ҳаяжон ва жунбуш малакларни чўчитиб юборди шекилли, улар кейин бир неча йил давомида менга ҳеч нарса кўрсатишмади. Фақат 1993 йил…

Дарвоқе, тўқсон учинчи йилга ҳануз етиб келмадик.

facebook.com/muhammad.solih