O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Улуғ Туркистон фожеаси: 7-бўлим

Улуғ Туркистон фожеаси: 7-бўлим
139 views
25 July 2013 - 11:10

МАТБУОТ 

iРусларни буйруқларича мусулмонларнинг матбуотдан истифодаси маҳдуд эди. Озодлиқ, истиқлол, ҳуррият, ҳокимият мавзуларида халқга талқин қилинадурғон китоблар, рисолалар, мақолаларни нашри мамнуъ эди.

Халқнинг фикрини очадурғон ваъз, иршодлар, мусулмонларни танвир этадурғон нутқлар қатъиян мамнуъ эди.

Хулосаси, бу ҳақдаги таълимот ва талқинотларни ҳаммаси инспекторларнинг изни ила мисёнерларнинг чиғириғидан ўтказилар эди.

Мисёнерларча ватан туркистонликларнинг ватани. Лекин ватанга эгалиғини сўйлагон бирини жазоси ўлум ёхуд Сибириёдур. Чунки ватан Туркистон русларнинг амрида, ярим подшонинг фармонида, султаи комиласидадур.

ТУРКИЙ ҚОМУСУЛ-АЪЛОМ Русиядаги мусулмонларни ёзувчи оталари, боболари десак муболаға бўлмаса керак. Қримлик Исмоил мирзо Ғаспиралининг қаламила бир энсиклапедия китоби ёзилди. Исми ҳам туркий “Қомусул-аълом” қўюлди. Шундоқ муҳим ва муфид бир асар майдонга чиқиб, матбаага ҳозирланди. 1чи жузъи тамом бўлди, деб таржимон ғазитасининг 123 сонида 20/04/1344 тарихли нусхасида нашр қилинди, муждаланди. Мусулмонларга баҳрул-улум айни замонда қирғиз дала ғазитасида ҳам шул мазмунда эълон чиқди. Сўнгра китобни исмини “Баҳурл-улум”, деб от қўюлди. Табъ қилишга рухсат сўраб, бу китобни Петербурғга сензурга йўлланди.

Илмий ва одобий бу асарни табъига изн берилиши учун мусулмонларни дили тўқ эди. Зеро, бундоқ бир китобни ўтган замонларда мисли чиқмағон эди. Шунинг учун бу китобни юзага чиқиши мусулмонларни адабиётига янги бир хизмат, янги бир ижод бўлар эди. Сиёсат билан ҳеч алоқаси йўқ эди.

Ҳамиша тетик довраниб русларни машҳур мусташриқларидан Илминскийни қўлиға мазкур икки ғазита кетирилди. Ғазитани ўқуб кўрғон Илминский баҳрул-улум исмлик китобни исмини эшитар-эшитмас, ақли бошидан учди. Ўқуб кўрди. У дақиқада қўлиға қалам олди. Петрбурғдаги бош вазир раисул-вузаро Пўбедантсўфга муфассал суръатли мактуб ёзиб, жўнатди. Мазмуни: Бу китоб босилиб тарқалса, русларга етадурғон маънавий зарарларини баён қилди ҳолда истиқболда мусулмонларни орасида бундоқ илмий асарларни бўлиши ўз ораларида нашри русларни катта зарарларга учратадур. Руслар сиёсатда ютқазгон бўладур. Бу эса муҳаққақдур. Ғафлат этмасдан китобни босмасдан муносиб бир тадбир жорий қилинсин, деб мактубни муҳрлади.

Мусташриқ (бош вазир) Пўбедантсўф бу хатни ўқуб, дарҳол китоб мусодара қилинсин, табъига рухсат берилмасин, деб фармон чиқарди.

ХАЗИНАТУЛ-АХБОР: Китобни табъ қилишга рухсат берилмағони бир дард, китобни мусодара қилинғони икки дард ўлароқ, мусулмонлар учун дард устиға дард бўлди. Катта таъсир қолдирди. Ишни ич-юзи ҳам англашилди. Шундай бўлса ҳам ғайратлик мусулмонлар қораб турмадилар. Тўрт мусулмон мунавварлари бошини бир жойга тўпладилар. Китобни асл нусхасидан яна бир нусха кўчирдилар. Бунга хазинутул-ахбор, деб бошқача янги бир от қўйдилар.

Бу китобни Тифлис (Кафказ) маориф анжуманга жўнатиб бердилар. Ўтган воқеани баёнила эмди бу китобни табъ қилиш, нашр қилишни, бу ҳақда қўлларидан келгон фидокорлиғни дариғ тутмасликларини ражо қилдилар. Биизниллоҳ комёб бўлажақлариға хайрли дуода бўлдилар.

Тифлисдаги Қафқосия маориф анжуманнинг саъйи ва иқдомила устод Сафар Али Валибекўф исмидан “Хазинатул-ахбор” китоби босилди, нашр қилинди.

Бу китобдан бир нусхасини кўргон руслар жони чиқғудек ғазабландилар. Хийла шов-шув бўлди. Илм кишиларини мудофаасила матбаа қопатилмади. Текшириш давом этди. Аммо китобда илмдан, адабдан, луғатдан бошқа мавзу йўғлиғи учун кимса масъулиятга тортилмади. Руслар тортолмадилар. Ғайратлик мусулмонлар шундоқ чолишдилар. Ўшандоқ дин душмани, ватан душмани мисёнер қаршисида шундоқ аёғларини тирадилар. Оллоҳ раҳмат айласун.

1892 МИЛОДИЙДА ИСЛОМ АЛАЙҲИНДА РУСЛАРНИНГ ЧИҚОРҒОН (ПРИКАЗ) ЯНГИ БУЙРУҚЛАРИ 

  • Русиядаги мусулмонларни хорижда илм таҳсил қилиш итлоқила мамнуъдур.
  • Русия ҳудуди хорижда босилган китоблар қўлёзма асарларни у ҳоли мамнуъдур. Мазкур китоблар Русияни қайси минтақасида ва қайси ўлкасида топилса, мусодара қилинадур. Аларни таълими ва ўқиши ҳам мамнуъдур.
  • Русларнинг байрамларина ҳурматан байрам кунлари, якшанба кунлари мусулмонлар дўкон очмайдурлар. Мусулмонлар жумъа байрамларини якшанбаға айландирадир.

Туркистонлилар ва тотарларга бўлғон туркларнинг моддий ва маънавий ёрдамлари .

Русларни бундоқ азиятларини, ситамларини Туркистондан бошқа русга тобе ўлкаларда ўйнагон ўйинларини ёзишга замин мусоида эмасдур. Русларнинг турли ўйинларини бизлардан яна ҳам яхшироқ билғон Қрим татарлари, Қозон нўғойлари, Ўринбурғ, Самара, Уфа мусулмонлари ҳеч чора тополмадилар. Руслардан етгон азиятни дафъи учун бир муносабатила Мулла Охунжон ҳазратни вакил қилиб, у зотни воситасила Истанбул дунёдаги мусулмонларни халифаси, султонига арз-дод тақдим этдилар.

У Султон ибн Султонни тусти ила тотор мусулмонларидан хейли оила Туркияга ҳижрат қилиб кетдилар. 1894да Туркия туфроғиға саломат дохил бўлғон мусулмонларга давлат алайҳ тарафидан Малотия шаҳринда ер-сув, уй-жой берилди. Ҳаммалари искон эдилди (жойлаштирилди).

Ва яна жаҳон ҳарбида Русияга асир тушгон туркларни Сибирёдан қайтганда алардан баъзилари Туркистонда қолуб, орқадошларига қилғон раҳбарлиғи муаллимларни иршоди оз ёрдам эмасдур, зикра лойиқдур.

Туркия султонларини бизинг ҳамсоя давлатларга чунончи, Афғонистонга қилғон ёрдамлари, берғон тикнисиюнлари, мусоадалари Омонуллоҳхон давридаги Кобилга келиб, Кобилни тўлдирғон турк дўхтирлари, турк аскари қўмондонлари аркони ҳарбиянинг раис, муовинлари мактабларда таълим берғон муаллимлари, таълим-тарбия идораларидаги раҳбарлари оз эмасдур.

Онқара ҳукумати ҳам ўзини тутар-тутмас руслар ила қилғон муоҳадалари асносида Туркистон туркларидан Онқарага ҳижрат қилувчиларга Русия тарафиндан рухсат берилишини махсус бир модда ўлароқ, зикр қилинғондур. Аммо бу модда нимадандур амалга оширилмади. Бу ҳақда сўрағувчи ҳам бўлмади. Москов ҳам сукут билан ўтказди.

Вақтоки, Оврупо сиёсий маҳфиллариндаги Туркиянинг тақсимида Дордонил дейилса, орғизлариндан сувлар оқар. Босфор дейилса, ютқинар эдилар. Икки (Ингилтарра (Англия) – Русия) давлат орасиға олтун олма отиши Султон Азизни кўб яхши рўли бўлғон эди. Султон Абдулазизхон барча эҳтиётларини тадбирларини мулоҳаза қилғондан кейин русларни Истанбул сафири Игнатефга бир пешнаҳод тақдим қилмишдур. Аксарияти насоро христиён бўлғон Рум элида рус сиёсати ҳоким бўлуб, Қизил денгиз бандарларида рус баҳрияси бўлунур эса Ҳиндистон йўлларини тўсуш мумкин бўлур. Бунга муқобил Туркистонда Туркия сиёсати ҳоким бўлуб, ижобинда Афғонистон ва Ҳиндистон иттиҳодини таъмин учун халифа салоҳиятдор бўлур эрса сизни ва бизни мақсадларимиз амалга ошгон бўладур, демиш. Яъни, султон Абдулазизхон болқонлар муқобилида бутун Туркистонни олмоқ фикрини сўйламишдурлар.

Игнатиф ҳассос бир доҳий кишидур. Султон Азизнинг фикрини тақдир этмиш. Ҳоло Петрбурғга жўнамишдур. Ҳукуматидан лозим келғон таълимотни олиб, икки ойдан кейин Истанбулга қайтиб келғондур.

Бу тарихларда сафир Игнатиф ила сарой алоқаси ҳарорат ила давом этди. Аммо рақиб сафирлар бу ишни кўролмадилар. Инглиз сафирини рўли яна ҳам суръат ила давом этди. Шойиалар, такзиблар Истанбул ҳавосини тўлдирди. Натижада Туркияни шоён тақдир бўлғон тарихимизни оқ саҳифаларига зийнат берадурғон пешнаҳоди ақим қолди. Кошки у ҳақда бир иттифоқнома имзолаб, Туркияни у фикрий майдонга чиқса эди. Бу кунги Туркистон буюк бир Туркистон бўлар эди. Ҳамма турк қавми, турк миллати бир қувват, бир жабҳа, бир давлат, бир урду шаклини олур эрди. Дунё харитаси ҳам бошқа бир ранг, бошқа бир шаклга кирган бўлур эди. Келайлук содадга, янги фармонға қорағонда мусулмонлар ўрислардан беижозат масжид, мадраса бино қилолмайдурлар. Андижонда мударрисларни азли ва насби (ишга олиш ва ишдан бўшатиш) бирини ериға яна бирини тайин қилишни куллий ва жузъий ихтиёрий ўзи мисёнер вазифаси инспектор бўлғон Петр Евдакимович Кузнетсўфнинг қўлида эди. Андижон шаҳрини тўрт даҳасида тўрт қози бордур. Бу қозилар ҳаммаси Ислом шариатининг кўрсатгон йўли ила фуқаҳонинг қўли ила мусулмонларни муҳокама қиладурлар. Бу қозиларга инспектўрлар воситаси ила ҳукуматдан топширилгон изнак бордур. Бу изнак деган нарса оппоқ кумушдан бир бут салибдур.

Қозилар шариати исломиянинг ҳукмларини унга мансуб муслмонларга ижро қиладурғон аснода ўшал салиб знакни бўйғиға тоқиб туриб ҳукм қиладурлар.

Мабодо қози ҳукм вақтида бўйниға знакни тақмай ҳукм қилса, у ҳукмни ботил деб билинодур. Ва у ҳукм эътибордан соқитдур.

Туркистон ўлкасини ҳамма шаҳарлари икки тақсим қилинғондур. Янги шаҳар, эски шаҳардур. Эски шаҳарда мусулмонлар ўлтуродур. Янги шаҳарда ўруслар ўлтуродурлар. Янги шаҳарнинг имтиёзи бордур. Кўчалари озода, балдатийя, яхши қорайдур. Эски шаҳарни буджасини олуб, янги шаҳарга харжлайдур. Янги шаҳарни ҳамма жодаларига тош ётқизилғон, лой йўқ, тоза ва мунтазамдур. Кўчалари режалик, тўппа-тўғридур.

Аммо эски шаҳарнинг бир икки буюк жодаларидан бошқасида тош ўтқизилмағон, туфроқ, лой ва балчиқ, сув оралашдур. Қиш фаслларида таъриф қилиб тугатиб бўлмайдур, қорамайдур. Шундоқ бўлса ҳам баладийя идораси (KAMUNALNI OTDEL) боқмайдур, ғам емайдур. Баладийянинг қоши, кўзи янги шаҳар, кўз нури янги шаҳар, ой туғса янги шаҳарга, кун туғса янги шаҳарга туғсун дейдур. Янги шаҳарнинг имтиёзларидан бири фасод ахлоқ учун омода қилингон фасодхоналар, фоҳишахоналар, қиморхоналар, синамолар ва бошқалар мавжуддур. Хусусан, ичкилик сотиладурғон дўконлар, ошхоналар бордур. Зикр қилингон жойларни муштарийлари эски шаҳардан ҳам чиқадурлар, деб ёзилса, қалам масъул бўладурму? Аммо у расвохоналар эски шаҳарда йўқдур.

Русларнинг навбатдаги тутган сиёсатларидан бири:

Янги шаҳарнинг кўчаларининг исмлари ҳаммаси рус мисёнерларини, рус қўмондонларини, рус фотеҳларини исмлари ила исмланғондур. Масалан:

Абрамовский жодаси, Курапаткин кўчаси, Жуковский кўчаси…. ва ҳоказо. Катта мағозалар: Варшавский, Боголюбов, Рубо, Универсалний…. ва ҳоказо.

Русларнинг бунга ўхшаш сиёсатларини таъсирлироғи Туркистонни ғарбий Хазар денгизидан келгон темир йўл манзиллари, стансияларини, шаҳарларини то шимолғача бу тарафи шарқ ақсоғача исмларини бошқа қилдилар. Ҳар бир манзилни исмини бир гениролни исми билан исмлантирдилар. Бу хусусда темир йўлнинг йўлчиларини дучор бўлғон мушкилотларини ёзгон билан тугамайдур. Йўлчилар чипта олиш учун янги исмланган шаҳарни исмини айтолмайдур. Бешариғга чипта деса, ўрус уқмайдур. Ёхуд қулоғига пахта тиқилғондур. Мушкилот устиға мушкилот арз-дод, фарёдларни Масков, Оқ Подшо эшитмайдур. Берилғон аризаларила ярим подшо дегон Тошканддаги генирол губернаторга ҳавола бўладур. Андижондан жўнаб, исмлари ўзгартилғон истасюнлардан бизни билганларимиз чунончи

Қубони исми———– FEDCENKO

Марғилонни исми———- GARCEKOF

Сим——— SKOBILOF

Олтиариғ———- VANNOVSKAYE

Бағдод———- SIROVO

Бешариғ———- POSETOVKA

Конибодом———- MELNIKOV

Ашқобод———- PALTERESKIY

Қаҳқаҳа———- GENSBURG

Қизилсув———- KRESNOVODSKIY

Еттисув———- SEMIRECMSKIY

Қарорчиқавм———- VERYAVKIN

Бекобод———- HILKOV

Ҳавос———- CIRNAIF

Ҳавоснинг иккинчи исми— VRSATEVISKIY  LAMAKIN  MILUTIN

Бухоро———- KAGAN

Мирзачўл———- GOLADNIY STEP

Қовунчи———- KAUFMANN

Оқмасжид———– PIROVISKIY

Қозиали———–GEZELIMISKIY

Чор (оқ) ўрусларни фармонларидан яна бири Тошкандда чиқадурғон Туркистонский ведомости газетасида 167чи сонида расмий фармон, пирказ нашр этилди. Бу тарихдан эътиборан ерли аҳолига темир йўл аробаларида сафар қилиш мамнуъдур, деб.

Ва яна рус зобитларига ва маъмурларига кўрулғон ерда ҳолан ерлилар таъзиман салом беродур, деб қатъий суратда амр нашр қилинди.

ТУРКИСТОН АҲОЛИСИНИ РУСЛАШТИРИШ СИЁСАТИНИ ТАЪЙИД ЭТУВЧИ БУЮК МУСТАШРИҚЛАРДАН ОСТРОУМЎФ 

Русиядаги мусулмонларни моддий ва маънавий тараққийлари тўғралиқ рус мусташриқлари, рус мисёнерларининг ва ҳукумат арбобининг тушунчалари шулки, мусулмонларга илм ва фан, санъат ва маданиятни ўлчаб беришдур.

Суҳ рами аҳли истибдод миллат ҳушёр ўлсун,
Буна рози ўлурму бир неча виждонлар, инсонлар.

Бу муҳим мавзуимизни исботи учун машҳур мусташриқ Остроумўфни вақтила мақом оидига ёзғон 15.2.1884 тарихли шикоятномасини айна кўчириш билан иктифоланамиз. Китобхонлар ўзлари мулоҳаза қилсун, ўзлари идрок қилсун.

ОСТРОУМЎФНИНГ РАПЎРТИНИ ХУЛОСАТАН ТАРЖИМАСИ: 

…….. га сизларни назар вақтларингизни энг муҳим бир нарсага жалб этаманки, жиддан муҳимдур. Масала шулдур. Таржимон ғазитасининг муҳаррирлари, ноширлари ва аларга эргашгон бошқа ўлкалардаги мусулмонлар асрий улум ва фунунни Оврупо тарзида Русиядаги мусулмонларга нашр этмакдадурлар.

Нашриётларида исломий ғоя ва мақсад ила ҳар хил киноялар, қочиримлар, ишоратлар ила мусулмонларни огоҳлантирадурлар. Бу амаллари шунга мабнийдурки, Русияда яшагон турли қавмга мансуб лаҳжалари айри бўлса-да, луғатлари бир бўлғон мусулмонларни бошқа-бошқа вилоятларда, ўлкаларда яшашлариға рағман (қарамасадан) ҳаммаларини бир луғат ила сўзлашлари учун саъйи ва ҳаракат қилмоқдалар. У луғат эса усмонлиларнинг луғати, туркча шевасидур. Таржимон газетасининг талқин этган ғояси зикр қилинғон ҳадафга бино қилингондур. Бу мафкурани амалга оширмоқ учун Таржимон газетаси бор қувватини, барча фикрларини харжламоқдадур.

Билдигима кўра, Туркия давлатининг маориф ишлари, мажмуалари, ғазеталари, мактаб ва мадрасалари туркча ўлароқ, давом этдиги ҳолда йилдан йилга тартибга тушуб, тараққийлашиб, Оврупонинг янги услубида етишдирилмак узрадур. Бунга ўхшаш Оврупо тарзинда Русия мусулмонлари ичинда нашр, маорифни мутасаддийлариға Ғасфиринский Исмоилбек ва амсолларидур. Бу Оврупо тарзидаги нашриёт Русия, Москов воситасила бўлмай, бошқалар (Туркия) қонолила, туркларнинг таълимотила бўлиши маъқул эмасдур.

Мусулмонларнинг бу янги услубдаги рафторлари асослик бир тадбир, узоқ андишаларга бино қилинғондур. Мусулмонлар бил-иттифоқ баъзи манбалардан олғон илҳомларича русларни кўзиға ажойиб бир пардани очиб, бу пардани орқа тарафида мусулмонларнинг муқаддаротини яхши бир усулга асослантириб қурмоқчидурлар.

Бундоқ ишларда комёб бўлиш рўлини Уфадаги Ислом жамияти ўйнамоқдадур.

Бу жамият бошқарув татар, қрим, кавказ, қирғиз, қозоқ, ўзбек ва бошқа қавмга мансуб ҳамма мусулмонларнинг марказидур, маржиъидур.

Бу мусулмонлар қавм-қавм ўлароқ, яшасалар ҳам диний мавзуда ҳаммалари якдил ва яквужуддирлар. Қадимий миллий одат, турклик анъаналарини ижобий ўлароқ тарихда собитдурки, русларнинг алайҳинда ҳамиша муттафақдурлар. Гарчи бу кун жамиятда салоҳиятлик зотлар, буюк шахсиятлар кўзга кўринмаса-да, қўюб бераверсак, бора-бора қобилиятлик одамлари чиқар. Келажакда русларни сиқиштира / изъож эта биладур.

Бу қалам ҳурриятини мусулмонларга ким берди? Қайдан олдилар? Бундоқ сиёсий қурулуш Қуръонда йўқ. Шариатда мундоқ жамият йўқ. Назорат диния деган сўзлар йўқ. Ҳадис-да йўқдур.

Баъзи сиёсий андишалар ила иккинжи Екатрина бу Ислом жамиятига ижозат берғон бўлса, замон иқтизосидан бўлса бўлғондур. Попосларни жамияти муқобилида мусулмонларга берилғон имтиёз бўлса эҳтимолдур.

Хитоман, қатъий ўлароқ, шул демак истаримки, бу тарихдан кейин асрни тақозосича бундоқ жамиятларга рухсат йўқ. Ҳозирги мавжуд муфтий вафотидан кейин ўрни бўш қолсун. Янгидан муфтий сайланмасун.

Подшоҳ тарафиндан мусоада қилинмасун. Бошқача тадбир жорий қилинсун, деб.

ОСТРОУМЎФНИНГ ИМЗОСИ 

Остроумўф мақоми оидийга сир ўлароқ тақдим қилинғон рапўртидан кўриниб турадурки, руслар мусулмонларни асрий илм ва мўдерн техник билан тарбияланишига тиш ва тирноқлари билан қаршидурлар.

Мусулмонларни илм ва фандан, ҳаётни инсонларга бахш этган илм ва урфонидан мумкин қадар узоқда қолиши, шунинг билан ғафлатда бўлиши русларнинг муродларидур.

Яна бир мисол:

Машҳур рус муаллифларидан (FADRENZEW) YADRENTSEV “Сибириё” исмлик китобида, асос мақсадимиз мустаъмарамиздаги халқни эзиб, қаҳримиз ила ҳукмдорлиғимизни пойдор қилиш, дейдур.

Асарнинг бошқа бир фаслида:

Ерли халқни заифлатиш, нуфузларини кам қилиш, аларга улум, фунунни ўлчаб бериш ғояи аъмолимиздандур, деб очиқ ёзадур.

Воқеъда ҳам руслар бу назарияларини амалда кўрсатдилар. Қавлдан феълга чиқардилар. Чунончи, Қрим, Идл Ўрол, Бошқирдистон, Қозоғистон, Шимолий Кавкозия саҳнларида кўрулди.

Руслар Туркистонга ва бошқа ғайри рус иқлимларга Оврупо маданиятини келтирдик, деб иддао қиладурлар. Бу иддаолари саҳиҳ эмасдур. Зеро, рус култури ҳақида машҳур олмон донишманди GNEHEMRAT ALARED WEBER деюрки, русларнинг ғарб културиға мансуб эмаслиғи ошкордур. Ҳақиқатдурки, руслик бошқа, ғарбийлик бошқа бир оламдур. Бизга яқин ва баъзи хусусларда таъсири бўлғон руслар крил ҳарфлик ёзувлари билан биз Овруполилар ила адабий коммуникасийўн боқиминдан жуда узоқда қолғон бир ақрабо инсондурлар, деб қиймат берадур.

МУФТИЙЛАРНИНГ ИНТИХОБИ 

Ислом муфтийларининг миқдориятида русларнинг тор кўришлари не даражада таассуфлик ва не даражада адоватлик эканлиғини ёзиб, битириб бўлмайдур. Фақат мисол учун икки мусташриқнинг бу мавзудаги китобат ила ораларинда воқе бўлғон муноқашаларини ёзиш билан иктифо қиламиз. У тарафини ўқувчилар ўзи гула кўтариб, керакли ҳукмларини берсунлар.

МУСО ТУРКИСТОНИЙ

(Давоми бор)