O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Эски ва янги донишмандлар

Эски ва янги донишмандлар
148 views
21 March 2017 - 8:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(64)

ЭСКИ ВА ЯНГИ ДОНИШМАНДЛАР

Ер ва осмон тўғрисиға илгаридаги юноний уламолари ила ҳозирги Оврупо донишмандларини аросиға фарқ кўбдур. Юноний ва румийлар барча осмонлар Ерни атрофиға айланадур. «Ер — маркази оламдур» деб қарор бериб эдилар.

Аларни баъзиси Ерни ялпоқ ва охири йўқ, атрофи Қоф деган тоғ ила иҳота бўлган, ерни тўртдан бириға одам туратурғон жой бор, бақияси номаълум ва ул тарафи жин ва париларға тейишли деб айтарларки, юноний ва ибронийларни шул тариқа сўзу ҳикоятлари ҳаммаға ёйилғандур.

Эски одамлар ерни етти иқлим санар эдилар. Ўшал қадима қоидалариға қараганда иқлимни адади юзға турмай ўтадур. Охирги вақтларға бошқа қоидалар юзасидан иқлимларни тақсим қилиб юрмоқ бефойда чиқди.

Эски ҳукамолар ҳозирги катта беш бўлак қуруқ ердан икки парчасини асло билмай, ҳатто, билатургон уч парчани ҳам баъзи жойларини билиб, четларини асло билмас эдилар. Бовужуд, шул эски юноний ва ҳиндистоний ҳукамолар ер ялпоқдур, охири йўқ, фил ё ҳўкиз устиға деб ҳар хил сўзларни айтиб эканлар.

Бир қўлға эски юноний ва ибронийлар Қафқоз, яъни ҳозирги Қафкоз тоғини шарқи тарафидан бехабар ва шул тоғни муҳити оламларни билар эканлар. Ерни сокин ва доим турғувчи гумон қилганларидан кўз ила кўрунгувчи беш сайёрани, Ой ва Офтобни «сабъаи сайёра» деб атар, ҳар бириға бир осмон ва юрмайдургон юлдузларға алоҳида бир осмон ва яна бу саккиз фалакни устиға юлдузсиз бир фалак бор деб, жамъи тўққуз фалак ё тўққуз осмон қарор бериб, осмонлар ниҳоят тезлик ила ўзлариға ёпишган юлдузлар ила бирга Ерни олти жиҳатидан йигирм тўрт соатға бир мартаба айланиб бўладур, деб ҳукм қилиб эканлар.

Шул тоифани «аҳли ҳайъати мутақаддимин»[1] аталадурки, аларни каттаси Батлимус ҳакимдур. Бизни китобларға «тўққуз фалак — на тоқ, на равоқ» деб ёзилган, тўққуз фалакни илгаридаги юноний, румий одамлари тахмин ва эътиқод қилгандурлар. Ва ҳам ушбу осмонларни «қаттиғ нимарса — салб» деб айтур эканлар.

Аммо биз мусулмонларни эътиқодимизға осмон еттидурки, Қуръони шарифға «сабъи самовот» хабар берилғандур (агарда қавли* ҳаким ҳеч керак бўлмаса мусулмон удабо ва шуаролари на учун «тўққуз фалак ва тоқ…» деб китобларни тўлдирдилар). Аҳли ҳайъати мутаохирин[2] Ер, осмон ва юлдузлар тўғрисиға бутун бошқа баён ва далил келтирадур. Қадима ҳукамони эътиқод ва тахмини беасбоблик ва ер юзини ҳама жойини кўрмагонликдан бутун «ғалат»*тур, деб юзлар, минглар ила далил кўрсатадурларки, ҳайъат ва жуғрофия илмидан хабардор юз минглар ила мусулмон ва милйўнлар ила ғайри мусулмонға маълумдур.

Янги, яъни беш юз йилдан бери пайдо бўлган ҳукамолар хоҳ мусулмон ва (хоҳ) ғайри мусулмон бўлсун, айтадурки, Ерни юмалоқлиги ва ҳавоға муаллақ туруб юмаламоғи офтобдек маълум ва шубҳа йўқдур, ани билмоғи жуғрофияи риёзий илмини ўқумоқ ила бўладур. Биз бу китобға андан озгина баён қилармиз.

Ҳозирги мусулмон уламолари Ерни ҳаракати лўнда ва муаллақлиги дини ислом далиллариға зарар келтурмайдур, деб арабий, туркий тиллариға бир неча китоблар тасниф қилгандурларки, «Маърифатнома» («Таҳофат ул-фалосафа»…), «Танқид ал-осор» «Ҳайъати жадида усулини нусуси шаръийяға тадбиқ» ва бошқа китоблар шу жумладандур.

Хулоса, янги ҳукамолар эски ҳукамоларни бир неча сўз ва эътиқод ва қарорларини ғалат ва нотўғриликға чиқордилар. Дарвоқеъ, хилофи нафс ул-амр[3]дур. Они учун бизни баъзи китобларимизни сўзи ё мўътабар китобларимизға ҳукамони қавлу истидлол* идин ёзилган шарҳ ва тамсилу ҳикоятлар «нақл астки, ривоят кардаанки, овардаан-ки, ва-қийл, гуфтаандки»[4] деган сарлавҳалар ила ёзилган сўзлар, яъни ҳайъат, ҳикмат, тарих китобларидан олиниб, мусулмоний китобларға ёзилган жумлалардан баъзиси хилофи зоҳир ва ялғон чиқиб қоладур. Буларни ялғон чиқиши қадима ҳайъат, ҳикмат, жуғрофияни баъзи жойи тағйир топилганидандур…

Бир неча асрдурки, янги асбоб ва илмлар пайдо бўлиб, илм ва фан тараққий қилди. Дурбин, хўрдабин, болун*, парахўд, тилгироф, симсиз тилгироф, денгиз ичиға чўкиб кетатургон, ҳаво юзиға учиб кетатургон кемалар, минглар нав ҳикмат мошиналари ва бошқалари ижод қилинди. Бу асбоблар ила аҳволи Ер ва осмон ва ажром* аввалги асридан кўра яхшироқ билин ди.

Эски ҳукамо замониға нишонсиз асбоблар чиқди. Они учун эски ҳукамо саҳвини очиқ-очиқ билдирадур. Янги ҳукамолар Ерни сайёр, яьни офтобни атрофиға юргувчидур, офтоб бўлса «Ва-ш-шамси тажаррил мустақар лиҳа» оятини хабариға мувофиқ ўз меҳвариға мустақарриға айлангувчидур.

Юлдузлар ва Ер Офтобии ўзиға нишон тутуб, они атрофиға айланадур ва шул ҳисоб юзасидан Офтобни мағрибдан чиқиши дурустдур, деб қойил бўлдилар. Бу олам йўқ экан, сўнгра халқ бўлиб, боз йўқ бўладур. Фақат Ер эмас, бошқа юлдузлар ҳам йўқ ва фано бўладур деб «Ҳудуси фано»ға иқрор бўлдилар. Бовужуд шул буларни ҳам баъзи сўзлари динимизға баҳс еткурадур, ани учун уламомизға лозимдурки, ҳозирги ҳукамо сўзини билиб, дин тарафидан жавоб ва китоб тайёр қилсунлар, ҳамчунонкй эски ҳукамоларни жавобиға раддиға ўтран уламойи динимиз жавоб ва китоб тайёр қилдилар. Букунғи ҳукамоға эски ҳукамо учун тайёр бўлган жавобларни баъзиси раддия тушмайдур.

Шул важҳдан уламомизни билмоқлари учун янги аҳли ҳайъат ва ҳукамоларни баъзи сўзини ушбу китобға ёздим. Ҳаммасини ёзмоқға агарчи, биз роқими ҳуруф, ҳикоятчи бўлсам ҳам. Яна такфир* тошларидан қўрқуб ёзмадим. Ҳам бирдан ёзиб бўлмайдур…..

(Давоми бор)

*
Қавл – сўз
Ғалат – нотўғри
Истидлол – далил келтириш
Болун – ҳаво шари, аэростат
Ажром – осмон жисмлари
Такфир – кофирга чиқариш

[1] Аҳли ҳайъати мутақаддимин — қадимий астрономлар.
[2] Аҳли ҳайъати мутаохирин— сўнгги давр астрономлари.
[3] Хилофи нафс ул-амр — моҳиятан зид.
[4] «Айтадиларки, ривоят қиладиларки, келтирадиларки ва шундай дейдиларки».