O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ҳукумати болаларнинг илм олишини зинҳор истамайди

Ўзбекистон ҳукумати болаларнинг илм олишини зинҳор истамайди
140 views
25 September 2012 - 8:24

Улуғбек Ҳайдаров

Бу йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда кутилмаган ва фавқулодда бир ҳолат кузатилаяпти. Ҳар йили мактабларда ўқиш даври бошланиши ҳамон, пахта далаларига ҳайдаладиган Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари негадир мактабларда қолдирилди. Чунки, пахта терими мавсуми бошланишидан сал олдинроқ, мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этишни таъқиқловчи қарорга имзо қўйган эди.

Бу ҳақда хабарлар тарқатилганидан кейин, Ўзбекистондаги бир муаллим танишимиз, “Бу қарор хам хўжакўрсинга, болаларсиз пахта терилмайди бизда!” деганди.

Ҳар йили миллионлаб мактаб ўқувчиларини пахта далаларида қулдек ишлатиши туфайли, Ғарб давлатларининг танқидига дучор бўладиган Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатда ноқонуний болалар меҳнати йўқлигини ҳар доим тинмай такрорлаб келади.

2010 йилда эса Ўзбекистон ҳукумати ҳаттоки, болаларга тегишли қарорга жиддий ўзгартиришлар киритиб, “Мана, бизда энди болалар меҳнати эксплуатация қилинмайди!” дея оламга жар солганди.

Балоғат ёшига етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш ҳақидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар 2010 йилнинг феврал ойидан кучга кириб, унда, болаларни далада ишлатилишига йўл қўйган фермер хам, ўқитувчи ҳам жавобгарликка тортилиши,  ҳаттоки пахтага чиққан боланинг ота оналари хам жарима тўлаши кўрсатилган эди.

Бироқ, 2010 йилнинг пахта терими мавсуми олдидан Ўзбекистон ҳукумати ўзи чиқарган қонунларни яна топтади: ўзбек болалари ўша йили ҳар доимгидек пахтани сўнгги граммигача йиғиб-териб топшириб, кеч кузда синф хоналарига қайтиб келишди. 2011 йилда хам “Оқ олтин” болалар кўллари билан териб олинди. Бир иккита халқаро ташкилотлар озроқ шов-шув қилганини ҳисобга олмаганда, ўзгартиришлар киритилган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун борлигини биров эсламади.

Шунинг учун ҳам, 2012 йилги пахта хосилини йиғиб териб олишни ташкил этиш бўйича қабул қилинган ҳукумат қарорининг, мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилишни таъқиқлаш ҳақидаги бандини Ўзбекистонда ҳеч ким жиддий қабул қилмади. Деярли барча мактабларда, 1 сентябрга келиб,  пахта теримига тайёргарлик ҳар йилгидек тахт қилиб қўйилди ва ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятнинг имосини кута бошлашди.

Кутилганидек, белгиланган куни маҳаллий ҳокимиятлардан мактабларга чопарлар келди. Лекин, улар келтирган хабар ғалати эди: БУ ЙИЛ БОЛАЛАР ПАХТА ТЕРМАЙДИ, ПАХТАНИ ЎҚИТУВЧИЛАР ТЕРИБ БЕРАДИ!

Жиззах шаҳридаги К. Фозилов номидаги 12 ўрта мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, вилоят бўйича барча мактабларнинг 18 минг нафарга яқин ўқитувчи ходимлари Дўстлик, Гагарин, Арнасой ва Зафаробод туманларида пахта теришга сафарбар қилинган.

Бугунги кунга қадар, бирорта ҳам мактаб ўкувчиси пахта теримига жалб қилингани йўқ, дейди номини айтмасликни сўраган ўша ўқитувчи.

Бу хабарни эшитиб аввалига қувондик. Чунки, неча йиллардан буён, бир қанча халқаро ташкилотлар ҳамда мамлакат ичидаги ва ташқаридаги ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг болаларни пахта далаларида қул каби ишлатилишига барҳам бериш борасидаги курашлари сезиларли натижасини бермаётган эди.

Бироқ, Ўзбекистон вилоятларидаги мактаблардан олинаётган маълумотлар, қувонишимиз асоссиз эканлигини кўрсатди.

Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган С. исмли аёлнинг 6 синфда ўқийдиган ўғли, мана бир неча кунки мактабга боргани йўқ.

“Сабаби шуки, мактабда ўқитувчи йўқ. Болалар мактабга бориб, бекор ўтириб қайтиб келишяпти. Адабиёт, Тарих каби дарсларни умуман мактабга алоқаси йўқ одамлар ўтаяпти экан” деди С. куйиниб.

Зафаробод тумани марказида истиқомат қиладиган бир гуруҳ ота-оналар ҳам фарзандлари мактабда илм олишмаётганидан нолишди.

“Болаларни пахтага чиқарма, дейишди-да, ўқитувчиларни далага ҳайдашди. Алихўжа эди, Хўжаали бўлди. Мактабдаги малакали ўқитувчи далада пахта терса, болага ким дарс беради?” дейди Иброҳим исмли киши.

“Кеча бордим мактабга. Тарих фанидан бир қиз дарс ўтяпти. Кимсиз десам, вақтинча келдим, домла қайтгач кетаман дейди. Мактаб директори ўз қариндошини олиб келиб хўжакўрсинга дарсларни ўқитаяпти” дейди яна бир Арнасойлик аёл.

Бундай ҳолат республиканинг деярли барча вилоятларида ҳам кузатилаяпти. Мактаблар ўқувчилар билан тўла, бироқ у ерда ўқитувчилар кам. Жуда кўп дарс соатлари мактабларда тасодифий кишилар томонидан, дарс журнали тўлдириш учунгина ўтилаяпти.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳукумати миллатимизнинг ёш авлодларини тўлиқ ва малакали илм олиш ҳуқуқини бузишда давом этаяпти.  Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг, болаларни пахта теримига чиқармаслик ҳақидаги қарори, ўзбек пахтасига нисбатан санкциялар жорий қилаётган хориж ширкатларини чалғитиш учун қилинган бир ҳаракатлиги аён бўлиб турибди.

Ҳаммамиз ўзбек болаларининг тўлиқ илм олиши истаймиз ва айни шу мақсадда неча йиллардан буён демократик давлатларнинг эътиборини  мамлакатимиздаги болаларнинг поймол этилаётган ҳақ ҳуқуқларига қаратишга уриниб келамиз.

Энди Ғарб давлатлари ва ўзбек пахтасига санкция қўяётган хорижий ширкатлар “Мана, Ўзбекистонда ҳукумат болаларга пахта тердирмаяпти” дея ўз қарашларини ўзгартиришса, бу хато бўлган бўларди. Чунки, ўзбек ҳукумати ўзининг сўнги “оламшумул” қарори билан болаларимизнинг илм олишларини эмас, уларнинг ҳар куни мактабга қатнашларини таъминлади холос.

Дунёда болалар қуллигини мониторинг қилувчи халқаро ташкилотлар, “Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказа олдик” деб гердайишаётган бир пайтда, маҳаллий ҳуқуқбонлар илм бериш ўрнига пахта тераётган ўқитувчиларни кузатаяпдилар.

Мактаб ўқувчилари эса “биз туш кўраётган бўлсак керак, ишқилиб уйғониб қолмайлик-да…” деб мактаб ховлисида мазза қилиб ўйнаб юришибди…