O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ўзкимёсаноат” Хитой корпорацияси билан шартнома имзолай олмади

“Ўзкимёсаноат” Хитой корпорацияси билан шартнома имзолай олмади
178 views
28 May 2014 - 10:33

shartnoma imzolanmadi«Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси «Навоийазот» корхонаси базасида поливинилхлорид ишлаб чиқариш бўйича кимё мажмуасини қуриш бўйича Хитой миллий кимё-муҳандислик корпорацияси (CNCEC) билан шартнома имзолай олмади. Бу ҳақда, “РИА Новости”нинг вазиятдан хабардор манбаси берган маълумотга таяниб “Новый век“га хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, Хитой компанияси тендер якунларига кўра мақсадга мувофиқ молиявий таклифларни тақдим эта олмаган, шу сабаб ҳозирги вақтда танловнинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар олиб борилмоқда.

“РИА Новости” манбасининг сўзларига кўра, «Ўзкимёсаноат» май охиригача лойиҳани амалга ошириш бўйича қайта тендер эълон қилиш ёки бевосита музокаралар олиб боришни кўзда тутувчи якуний кўринишини ҳукуматга тақдим этиши керак.

CNCEC 2013 йили сентябрида кўрсатилган объектни қуриш бўйича тендерда ғолиб деб топилганди. Бошланғич нархи 440 миллион долларга тенг бўлган лойиҳага кўра, бош пудратчи йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 64 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуани қуриб бериши керак.

Режа бўйича, лойиҳа 31 ой ичида якунига етказилиши керак. Умумий қиймати 501,1 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа хорижий кредиторлар ва Ўзбекистон томони маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган эди.

“Новый век”нинг ёзишича, «Ўзкимёсаноат» сўнгги беш йилдан бери ушбу лойиҳани амалга оширишга муваффақиятсиз уриниб келмоқда. Бунгача уни амалга ошириш учун Россиянинг «Каустик», Жанубий Кореянинг ISU Corp ва БААнинг Mubadala Development каби компаниялар ҳам жалб этилганди.

«Навоийазот» корхонаси Ўзбекистондаги энг йирик кимё корхонаси бўлиб, 1964 йили фойдаланишга топширилган. Завод азотли ўғитлар, нитрон толалар, шунингдек, органик синтезнинг интеграл маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Ҳамидулло Шерматов ишдан олинганди. Ўзбекистондаги кимёвий заводларни бирлаштирувчи давлат ширкати бошқарув назорати кенгаши 25 март кунги мажлисда, 4 йилдан бери раис лавозимни эгаллаб келган Шерматовнинг ўрнига унинг ўринбосари Нормат Иброҳимовни тайинлаганди. Расмийлар давлат компаниясининг қарзи кўпайиб кетганини, яъни 3 триллион сўм (1,3 миллион АҚШ доллари)дан ошиб кетгани боис Шерматовнинг тўрт йиллик фаолияти самарасиз, деб баҳолагани ва ишдан олинганини билдиришганди.

ЎХҲ ахборот бўлими