O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўз ишингни яхшилаб қил…

Ўз ишингни яхшилаб қил…
252 views
18 April 2016 - 6:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 32

(давоми)

Макка мушриклари Расулуллоҳга қилмаган ёмонликлари, кўрсатмаган жабр-жафолари қолмаган эди. Бунинг устига у зотни ўлдиришга ҳам қасд қилган эдилар. Охири ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур қилдилар. Энди у душманларнинг даҳшатлик дардларига қон чиқаришдан бошқа чора қолмаган эди. Мана шу чоғда қуйидаги оятлар Пайғамбаримизга нозил бўлиб, урушга изн берилди:

«Вақотилув фи сабилиллаҳиллазийна юқотилунакум вала таътадув, инналлоҳа ла юҳиббул муътадийн».

Маъноси: «Эй мўминлар, сизлар билан уришганлар билан Худо йўлида уришинглар, аммо уруш ишларида чекдан ташқари чиқманглар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар ишда ҳаддидан ошгувчиларни яхши кўрмайдур».

Киши қўлидан келадиган ҳар бир ишларда Ислом қонуни уни адолат қилишга буюради. Шунинг учун ҳаёт кунларининг энг оғир кунларидан бўлган — сўқиш вақтларида ҳам, шуни риоя қилмоққа амр этмишдур. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. «Аллоҳ таоло ҳар ишда бандаларидан эҳсон қилмоқни истайди». Бу ҳадисдаги эҳсоннинг маъноси бир киши иккинчи бир кишига инъом қилиш, хайр-эҳсон бериш маъносида эмасдур. Балки бунинг маъноси ҳар бир киши ўз қилган ишини, биринчидан, шариатга тўғри келгудек, иккинчидан, ақлга ёққудек қилиб ишламоқдур.

Бу ҳадиснинг кўрсатишича, ҳар косиб ўз касбини, ҳар хунарманд ўз ҳунарини қўлидан келганича яхшилаб ишлаши керакдур. Инсоннинг қиладурган ишлари дунё тирикчилигига тегишлик ёки унинг охиратига фойда берарликдур. Буларнинг ҳар бирида ҳам эҳсон бордур. Ибодатдаги эҳсон шулки, Аллоҳ олдида тургандек, Аллоҳни ўз кўзи билан кўриб тургандек огоҳлик билан ибодат қилмоқдур. Чунки Расулуллоҳ айтдилар:

«Ан таъбудаллоҳа кааннака тароҳу, фани лам такун тароҳу, фаиннаҳу ярока».

Маъноси:

«Намоз ўқиб, ибодат қилган чоғингда сен Аллоҳни кўролмасанг ҳам, ул сени кўриб турадур. Шунинг учун сен ҳам Аллоҳни кўриб тургандек, ҳушёрлик билан ўқишинг керак».

Яна ривоятда шундоқ келибдур: Саҳобалардан бир киши вафот топди. Пайғамбаримиз уни узатиб, қабристонга келдилар. Майит (ўлик) қабрга қўйилгандан сўнгра лаҳад оғзига гўрков кесак терди. Булар орасида бироз жой очиқ қолганини Расулуллоҳ кўрдилар. Дарҳол шу жойга тўғри келгудек бир парча кесак олиб, унинг қўлига бердилар. Бу билан у тешикни беркит дедилар. Анда гўрков туриб:

— Ё Расулаллоҳ, бир оз кундан кейин бу қўйилган кесаклар ҳам тўкилиб кетар. Бунчалик кичик тешикларни тўсиб ўлтиришнинг ҳожати йўқдур, — деди. Анда Расулуллоҳ:

— Ҳар ҳунарманд ўз ҳунарини, ҳар ишловчи ўз ишини яхшилаб қилса, Аллоҳ уни дўст тутқай, сен ҳам ўз ишингни яхшилаб қил, — дедилар. Расулуллоҳнинг шу юқорида айтган ҳикматли сўзлари ҳамма умматларига икки дунёда фойдаланиш учун етарлик насиҳатдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Юқоридаги оят ҳукмига қараб, энг аввал Қурайш мушрикларига қарши жиҳод қилмоққа тайёргарлик кўрдилар. Чунки у оят мазмунида «урушганларга қарши урушгин», деб буйруқ берилган эди. Бу тўғрида уруш бошлаганларнинг биринчилари Қурайш мушриклари эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз Макка аҳлидан бошқа араблар билан яраш йўлини тутдилар. Қачонким, улар ҳам душманларни ёқлаб, мусулмонларга ёғийлик қилиб эдилар, шу чоғда бу оят келди:

«Вақотилул мушрикийна каффатан кама юқотилунакум каффаҳ».

Яъни:

«Сизларга қарши душманлик кўрсатувчи барча мушриклар билан уруш қилинглар», деган мазмунда буткул араб бутпарастлари билан ғазот қилмоққа буйруқ бўлди. Мана шу кундан бошлаб, жиҳод даври бошланди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр ичида қилган сафарлари тўрт турлик эди. Биринчиси, ҳижрат сафарларидурким, Маккадан чиқиб, Мадинага келдилар. Иккинчиси, ҳижратдан сўнгра олтинчи йилнинг охирларида Умра ибодатини қилиш нияти билан бир минг беш юз киши биргаликда Мадинадан Маккага сафар қилдилар. Бу сафарларида Қурайш мушриклари тўсқинлик қилиб, умралари қазо бўлди. Маккага кириша олмасдан Макка билан Жидда оралиғида Худайбия деган ерда бир неча кун турганларидан кейин яна Мадинага қайтдилар. Ўн йиллик муддат билан машҳур Худайбия сулҳи шу ўринда тузилган эди. Сулҳ шартининг йўсинига бир йил ўтгандан сўнгра, ўтган йилдаги сафар йўлдошлари билан Мадинадан чиқиб, Маккага келиб, қилолмай қолган умра қазосини ўтаб ёндилар (қайтдилар). Учинчиси, ҳаж сафарлари эрдиким, қудрати етган ҳар бир мўминга буни адо қилиш фарз бўлди. Ҳижратнинг ўнинчи йилида Пайғамбаримиз тўқсон минг киши бирлигида шу ҳаж сафарига чиқдилар. Ҳаж фарз бўлгандин кейин бундан бошқа ҳаж қилмадилар. Бу ҳажларида бутун умматлари билан видолашдилар. Шунинг учун буни «Видо ҳажи» деб атадилар. Тўртинчиси, ғазот сафарлари эди. Пайғамбаримизнинг бутун умрлари ичида қилган сафарларининг энг кўпроғи ҳам шулдир. Ўзлари бош бўлиб, йигирма еттита ғазотга чиқдилар. Қирқ етти маротаба йўртавал йўсинида саҳобалардан бир бўлук аскарларини ғазотга чиқардилар. Қилган сафарларининг барчаси етмиш тўрт юриш бўлди.

(давоми бор)