O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎХҲНИНГ ДАСТУРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАҚИДА

ЎХҲНИНГ ДАСТУРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАҚИДА
134 views
22 December 2011 - 8:07

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг фаолияти Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда оммавийлашиб бормоқда. Бунинг сабаби, ҳаракатимизнинг аввало тўғри бир низом ва дастурга эга бўлиши, қолаверса унинг аъзолари ва раҳбарларининг ҳаракатимизнинг ғоя ва мақсадларига бўлган мустаҳкам ишончидир.Шунинг учун ўтган ярим йиллик муддат ичида ҳаракатимиз Ўзбекистон мухолифатининг асосий кучига айланди. ЎХҲнинг мақсади Ўзбекистондаги ҳозирги диктатура тузуми ўрнига ЭРКИНЛИК, ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТГА асосланган ФУҚАРОВИЙ жамият қуриш эканлиги Низомимиз ва Дастуримизда очиқ-ойдин ифодаланган.

Ҳаракатимиз аъзолари ва хайрихоҳларининг ортиб бориши билан бирга, унинг фаолиятида иштирок этишни хоҳлаганлар, бизга қилган мурожаатларида ЎХҲнинг мақсадлари яна-да тушунарли бўлиши истагини билдирмоқдалар. Улар Ҳаракатимиз амалга оширадиган ислоҳотларнинг аниқ режалари ва уларнинг тафсилотлари билан ҳам қизиқмоқдалар.

ЎХҲ Муассислар Мажлисининг шу йилнинг 18 декабрь кунги мажлисида ушбу масала ҳам муҳокама қилинди. Муҳокамада иштирок этган Муассислар Мажлиси Раиси Муҳаммад Солиҳ, Исмоил Дадажонов ва бошқа аъзолар навбатдаги Қурултойда ЎХҲнинг дастурини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу масалада аввало ҳаракатимизнинг аъзолари, хайрихоҳлари ва умуман Ўзбекистондаги ҳозирги диктутура тузумидан норози бўлган оддий фуқаролар, зиёлилар, турли соҳа мутахассисларининг фикрларини ўрганиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Ушбу мақсадда ЎХҲ нинг фаолиятига қизиққан барча ўқувчиларимизнинг ЎХҲ мавжуд дастури ва унга киритилиши лозим бўлган ўзгартиришлар ҳақидаги таклифларини  бизга юборишларини сўраймиз.

Бу таклифлар ижтимоий сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида ўтказиладиган ислоҳотлар ҳақида бўлиши мумкин. Яъни, мустақил Ўзбекистон давлатида мафкура, сиёсий тизим, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий адолат, ҳуқуқ ва тартибот, маориф, маданият, ахлоқ ва ҳ.к. қандай бўлиши керак? Албатта бу соҳаларда ўтказилиши зарурий бўлган ислоҳотлар ҳақидаги таклифлар халқимизнингг миллий ва маънавий қадриятларига, шунингдек умуминсоний қадриятларга мос бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Бу масаладаги таклифларингизни ЎХҲ мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўминга ortayol2010@gmail.com  адреси орқали юборишингизни кутиб қоламиз.

ЎХҲ Матбуот Бўлими