O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ғайбни Аллоҳ билур…”

“Ғайбни Аллоҳ билур…”
251 views
29 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 220
(давоми)

ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ МЎЖИЗА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зотур Риқў ғазотидан қайтиб келаётганларида Субайҳ деган киши Пайғамбаримиз билан кўришгали келди. Бу эрса Бани Муҳориб қабиласининг раиси эди. Бир отга миниб, бир туяни етаклаган ҳолда Расулуллоҳ қошиға келиб:

— Эй Муҳаммад, сен Худодан келган пайғамбар эмишсан. Агар шу сўзинг чин бўлса, бу миниб турган биямнинг қорнидаги қулуни эркакми, урғочими, айтиб бер, — деди.

— Ғайбни Аллоҳ билур, — дедилар.

— Муни билмас эрсанг, ёмғир қачон ёғар, мен эртага нима иш қилурман, қайси ерда ўлурман — шулардан менга хабар бергил, — деди.

Шу чоғда Аллоҳдан бу оят келди:

— «Инналлоҳа индаҳу илмус-сўати ва юназзилул ғойса ва яъламу ма фил арҳоми ва ма тадрий нафсун маза таксибу ғодан ва ма тадрий нафсун биаййи арзин тамут». Яъни, «Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ билади. Ўзи хоҳлаган чоғда ёмғир ёғдирур, ҳайвон ётқусида (бачадонда) нима бор, ўзи билур, эртага нима иш бўлишини, қайси жойда ўлишини ҳеч ким била олмас», демакдур.

Буни англагач, ул адабсиз:

— Эй Муҳаммад, сенинг Худойингдан менга бу туям яхшироқдур.

Анда Расулуллоҳ:

— Меним Парвардигорим ўзимдан, жонимдан, бола-чақаларимдан менга севиклироқдур, — деб дарҳол бошларини саждага қўйдилар.

Сўнгра бошларини саждадан кўтариб унга:

— Эй Муҳориб, Аллоҳ таоло менга шундоғ хабар бердиким, сенинг юзингга бир ёмон яра чиқиб, пўст гўштларингни оқизиб туширгай. Кўп азоб тортиб шундан ўлурсан, сўнгра дўзахга кетурсан, — дедилар.

Орадан кўп вақт ўтмай, Расулуллоҳ айтганларидек, унинг юзига бир ёмон яра чиқиб, юз-кўзлари оқиб тўкилди. Унинг сассиғидан кишилар қочиб, ёнига яқинлашмайдиган бўлдилар. Муҳаммад бир сўз демиш эди, унинг айтганидек бўлди, деган бўлса ҳам, тавба қилиб иймон келтирмади ва дунёдан шундай ўтди.

(давоми бор)