O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ғоя ва мақсадларимиздан узоқлашмайлик

Ғоя ва мақсадларимиздан узоқлашмайлик
142 views
12 March 2013 - 11:59

Dr. Namoz Normumin2011 йилнинг апрел ва май ойида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши ҳақида матбуотда хабарлар пайдо бўлиши билан чин дилдан бу ташаббусни олқишладим. Янги ҳаракат Муассисларидан Муҳаммад Солиҳ акага бу ҳақдаги ўз фикр ва таклифларимни юбордим. Кейин Берлинга, ЎХҲнинг биринчи қурултойига у киши билан бирга кетдик. Самолётда ягона мавзуни, яъни янги ҳаракатнинг ғоя ва мақсадларини муҳокама қилдик:

“Янги ҳаракат қандай ҳаракат бўлади?”

[soundcloud id=’82912477′ color=’#B8240D’]

1990 йилда “Эрк”га аъзо бўлиб, Муҳаммад Солиҳ ака билан танишганимда ҳам шунга ўхшаш мавзуни гаплашгандик. У пайт биз Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши учун курашга бел боғлагандик. Масала ойдин ва кураш йўлимиз аниқ эди: Ўзбекистон Коммунистик партиясининг СССРда қолиш расмий сиёсатини рад қилиш ва бу орқали Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиш. Ўша йиллар менинг сиёсатдаги илк тажриба йилларим ва эътирофи этишим керакки, ҳаётимнинг энг ҳаяжонли йиллари эди…

Истанбулдан Берлинга кетар экан Солиҳ акага янги ҳаракатнинг мафкураси қандай бўлиши керак, деб сўрадим. Чунки бир сиёсий ҳаракатни мафкурасиз тасаввур қилиб бўлмайди:

“Эркинлик ва Адолат” деди Солиҳ ака вазминлик билан…

“Ажабо ўзи учун айтаяптими”, деган фикр ўтди хаёлимдан. Чунки Муҳаммад Солиҳ ака ва оиласининг Каримов диктатурасидан энг қаттиқ азоб чекканлар сафида экани маълум. Золим режим у кишини ноҳақлик билан 1999 йилги Тошкент портлашларида айблаб 15 йилга қамоқ жазосига маҳкум қилган ва укалари ҳам ўнларча йиллаб Каримовнинг зиндонларида азоб чеккан ва чекмоқда эди. Лекин мен бу фикримдан дарров қайтдим. Чунки Муҳаммад Солиҳ фақат ўзи ва оиласи учун “Эркинлик ва Адолат” истаганда эди сиёсий фаоялиятни йиғиштириб қўйган бўларди. Бу билан диктатор Каримовни чексиз қувонтирарди, балки Муҳаммад Солиҳга ватанга қайтиш учун рухсат берилар ва ҳозирда қамоқда сақланаётган укаси Муҳаммад Бекжон дарҳол озод қилинган бўларди…

Аммо гап 30 миллионлик ўзбек деган халқнинг Эркинлиги ва бу халқ учун Адолатни таъминлайдиган янги жамият қуриш ҳақида кетаётганди. Қисқача айтадиган бўлсак, диктатор Каримовнинг режими дунёга қандай Қуллик ва Зулм билан танилган бўлса ЎХҲ ва унинг лидери ҳам бу машҳур диктаторга қарши “Эркинлик ва Адолат” байроғини кўтириш билан танилиши керак эди…

Шунинг учун ҳам ЎХҲ нининг биринчи қурултойида мен янги ҳаракатнинг ғояси ва мақсади “Эркинлик, Адолат ва Ҳуқуқга асосланган фуқаровий жамият” қуришдир шиорини ўртага ташладим. Бу ғоя ва мақсад қурултойда овозга қўйилди ва қабул қилинди.

Орадан бир йил ўтиб Прагада ЎХҲ нинг иккинчи қурутойи бўлди. Унда ҳаракатимизнинг ғоя ва мақсади янада тиниқлашди ва ЎХҲ “Миллий Озодлик ҳаракатидир” (русчаси “Национально Освободительное Движение”) деган хулосага келинди. Зеро, 2011 йилнинг йилда ўртага чиқиб, қисқа вақтда дунёни ларзага солган “Араб Баҳорининг” шиори ҳам “Эркинлик ва Адолат” эди. 20 асрда Ҳиндистонда Неру, Жанубий Африкада Манделла, Чехияда Ҳавел ўз халқларининг миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилган эдилар. Ҳозирда Туркияда Тоййиб Эрдўғон, Мисрда Муҳаммад Мурсий ҳам ўз халқлари ва давлатларида “Эркинлик ва Адолат” учун курашмоқдалар. Қисқача айтадиган бўлсак, ЎХҲ Ҳиндистонда, Жанубий Африка Республикасида, Чехияда, Мисрда ва Туркиядаги миллий озодлик ҳаракатларига ўхшаш бир ҳаракатдир ва Неру ҳиндистонликлар, Манделла жанубий африкаликлар, Ҳавел чехияликлар, Мурсий мисрликлар, Эрдўғон туркияликлар учун озодлик ҳаракатининг раҳбари ҳисоблангани каби Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзбеклар учун мана шундай “Эркинлик ва Адолат” учун кураш ҳаракатининг раҳбаридир. Бу бир ҳақиқатдир, машҳур золим ва унинг малайлари буни тан олмаслар ҳам ҳақиқат барибир ҳақиқатдир…

Ўтган деярли икки йилда ЎХҲ ўзбек халқи наздида ва дунё сиёсатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Аллоҳ таолонинг инояти билан сўнги йилларда Австралияда бошқа барча қитъаларга саёҳат қилдим ва ЎХҲ ва унинг раҳбарининг довруғи дунёнинг турли бурчакларига етганлигига ўзим гувоҳ бўлдим. Бу гапни ўзимизнинг машҳурлигимиз билан мақтаниш мақсадида айтаётганим йўқ, албатта. Гап ЎХҲ шиор қилиб олган ““Эркинлик ва Адолат” ғоясининг дунёнинг тўрт бурчагига тарқалгани ва дунёга анор доналари каби тарқалиб кетган ўзбеклар орасида машҳур бўлиб кетгани ҳақидадир.

Бугун алҳамдулиллаҳ Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ЎХҲ танилди, бу вилоятларнинг туман ва шаҳарларида сон саноқсиз аъзо ва хайрихоҳларимиз фаолият олиб бормоқдалар. Шаҳарларда ва қишлоқларда сд ларимиз, варақаларимиз, китобларимиз тарқалмоқда. Хуллас, ўзбек халқи диктатор Каримов режимининг қулашини кутгани каби ЎХҲ раҳбарлигида ватанимизда эркинлик ва адолатга асосланган янги жамият қурилишини ҳам интизорлик билан кутиб турибди…

Мана шундай масъулиятли кунларда ЎХҲ ва унинг курашини ҳам, унга қарши қилинаётган фитна ва туҳмат сафарбарликларини ҳам табиийлик ўрнида кўришимиз керак. Чунки зулмнинг энг қоронғу нуқтаси ойдинлик яқинлашганининг ишорати ҳамдир. Диктатор Каримов ва малайлари бутун кучлари билан ЎХҲ га тўсиқ қўйишга, ҳаракатимизни ва унинг раҳбарларини обрўсизлантиришга уринмоқдалар. Бу мақсадда ҳаракатимизнинг оммавий ахборот воситаларига ҳужумлар қилинмоқда ва ЎХҲ нинг Ўзбекистондаги ваиклларига турли тазйиқлар ўтказилмоқда. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмайди, золимлар қанчалик ҳаракат қилмасин ЎХҲ ўзининг мақсадига тобора яқинлашиб бораётганига шубҳамиз йўқ. Ўзбекистондан ҳаракатимиз қилаётган ишларга келаётган акс садолар бунинг очиқ далилидир. Бир сўз билан айтсам, алҳамдулиллаҳ ЎХҲ бугун халқимиз билан бирлашди ва бундан кейинги масала диктатор Каримов режимининг у ёки бу шаклда қулаш масаласидир…

ЎХҲ га золимано муносабатда бўлаётганларнинг “далилларидан” бири сиёсий нуқтаи назардан ҳаракатимизнинг муҳофазакор (ғарбдаги консерватив тушунча) чизгисига яқинлигидир. Бу ҳам табиийлик ўрнида кўрилиши керак, чунки аҳолисининг 90 % мусулмон бўлган мамлакатда адолат ва эркинликни мақсад қилиб олган ҳаракатнинг миллий ва эътиқодий муҳафазакорлиги фитрий бир хусусиятдир. Агар биз америкадаги қизил танлиларнинг ёки ғарбдаги либерал ва атеист гуруҳларнинг (улар албатта ўзларининг жамиятларида ўз ғояларига эргашадилар) қадриятларини ўзимизга шиор ва байроқ қилиб олганимизда бу нотабиийлик бўларди ва асосан мусулмонлардан иборат бўлган халқимиз ҳам ўзига бегона бўлган бундай “қадриятларни” қабул қилмасди. Ёки исми ўзимидан, ичи тамоман бизга ёт бўлган ақлсизлар каби “имония” мазҳабини яратдик, бу мазҳабга кўра Ислом динида фарз ибодатлар йўқ, ҳалол ва ҳаром деган нарса ҳам йўқ, яхши ахлоқ ва маънавият қолоқлик ишоратидир, деганимизда мусулмон ўзбек халқи бизга эргашар эдими? Бундай ақлсизликларни иддоа қилаётганлар эртага Ўзбекистонда эркинлик ва адолат тантаъна қилганда мусулмон халқнинг уларни сайлаш у ёқда турсин, юзларига тупуришларини биладиларми? Ҳой инсофсиз, ўзинг Ҳақ динни ёқтирмас экансан, ҳеч қурмаса, ғарблик атеист демократларга ўхшаб, мен динга ишонмайман, аммо диндорлар билан ҳам ишим йўқ, демайсанми? Бу маънода баъзиларнинг бизни “соқол қўйганлар” деб ҳақоратлашлари тарбиясизлик ҳамда савиясизликдир. Улар бунинг ўрнига ўзларининг “соқолсиз”, яъни ялтираган юзларини реклам қилсалар бўлмайдими? Балки бу билан халқнинг эътиборига тушиб ҳам қоларлар. Аммо сирти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлганлар буни ҳам эплаша олмайди…

Ҳақиқат шундан иборатки, Ислом дини ва мусулмон уммати бугун дунёда бўлаётган жараёнларнинг марказида ўрин олди. Бунинг учун Парвардигоримизга қанча шукр қилсак оз. Чунки бундан 30 йил олдин дунёда Ислом дини ва мусулмон уммати борлиги ҳақида ҳеч ким гапирмасди ҳам. Демак, Ислом динининг ва мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишини ўйлайдиган, бу йўлда ҳаракат қиладиган мўътадил сиёсий ҳаракатларга ҳам эҳтиёж пайдо бўлди бугун. Зеро, Исломий йўл охиратпарастлик (роҳиблик) ва дунёпарастлик (материализм) орасидаги ўрта йўлдир. Яъни, динимизга ҳар қандай “парастликлар” (измлар), ҳаддан ошишлар (радикаллик) ётдир. Шунинг учун ҳам ЎХҲ ва ҳаракатимиз вакилларини радикалликда ва террорчиликда айблаётганлар аслида ўзлари материлизмнинг фикрий ва амалий террорчилари ҳисобланади.

Баъзи биродарлар мени сиз шу жоҳилларни ҳам Ҳақ йўлга давъат қилишдан чарчамайсиз, дея танқил қилишади. Тўғри мен бу инсофсиз тоифаларга ҳам насиҳатлар қилганман, уларга шояд фойда олишса, дея китобларимини юборганман. Ахир инсонларнинг аълоси ва пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад (сав) Абу Жаҳлни, яъни аввалги ва ҳозирги жоҳилларнинг ёлғон эътиқод ва маънавиятсизликдаги оталарини такрор ва такрор Ҳақ йўлга даъват қилган эдиларку!

Абу Жаҳл зулмини ва тубанлигини ортирган сари Муҳаммад (сав) адолатларини ортирган эдиларку! Қуръони Карим биз мўминларга “Жоҳиллар сизларга сўз отадиган бўлса, уларга “”сизларга салом бўлсин”, денглар” дея амр қилганку (Фурқон сураси 63 оят)

Демак, биз ЎХҲ вакиллари сифатида бутун кучимизни ҳаракатимизнинг ғоя ва мақсадларини амалга оширишга қаратишимиз керак. Албатта, бизга қарши айтилаётган туҳмат ва иғволарни ҳам жавобсиз қолдира олмаймиз. Фақат бу иғво ва фитналарни қилаётганлар қуллик ва зулм тарафдорлари, биз эса эркинлик ва адолат тарафдорлари эканлигимизни асло унутмайлик. Орада ғоя, мақсад ва савия фарқи бордир. Кечагина туҳумдан хом ҳолида чиққан жўжачанинг самода парвоз қилаётган бургутни сўкиши нақадар кулгули ҳамда ачинарли ҳолдир. Бунинг устига майдонда пайдо бўлиши тубанлик ва ҳақоратдан иборат бўлган арзимас махлуққа нима деб жавоб бериш ҳам мумкин? Ахир тенг тенги билан деган ўзбекларнинг донолари…

Мен ҳарактимизнинг барча вакилларини асосий ғоя ва мақсадимиздан чалғимасликка, бор кучимиз ва имконларимизни Ўзбекистондаги золим режимнинг кирдикорларини фош қилиш ва халқимизнинг тараққийпарвар вакилларини бу йўлда бирлаштиришга ҳаракат қилишга чақираман. Албатта, ЎХҲ ва унинг вакиллари танқид қилиниши керак. Аммо бундай танқид ижобий ва энг муҳими амалий бўлиши керак эмасми? Агар баъзилар ЎХҲ фаолиятидан мамнун бўлмаса, нега улар ҳақиқий халқ ҳаракати мана бундай бўлади, дея янги ҳаракат тузиб, уни сиёсат майдонида ЎХҲ дан таъсирлироқ ва кучлироқ қилиб кўрсата олмайдилар? Ҳақиқий танқид мана шундай амалий танқид, тўғрироғи эркинлик, адолат ва ҳақиқат йўлида мусобақалишишдан иборат бўлиши керак. Бунинг ўрнига фитна ва ҳақоратни ўзларига зийнат қилиб олганларга ҳозирча афсусланишдан бошқа иложимиз йўқ. Ҳозирча деяпман, чунки ўз замонида ҳақ тарафида бўлган Чўлпонларни, Фитратларни, Абдулла Қодирийларни турли фитна ва бўҳтонлар билан дорга остирганлар ҳам ўзбек номини ташиган истеъдодсиз, қобилиятсиз, фитначи ҳасадгўй заволлилар эдилар. Кейинчалик ҳақиқат тантаъна қилганда мана шу туҳматчи ва жосуслар халқимизнинг маломат ва лаънатига сазовор бўлмадиларми? ЎХҲ ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ Чўлпонлар, Фитратлар, Абдулла Қодирийлар юрган йўлни давом эттирмоқда ва бизга қарши ҳақсизлик ва фитна қилаётганларнинг эрта индин адолат тантаъна қилганда лаънат ва маломат селида бўғилишларида ҳеч қандай шубҳамиз йўқдир.

Намоз Нормўмин,
ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси
12 март 2013 йил.