O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

27 сентябрь − Ўзбекистон Халқ шоири Рауф Парфи туғилган кун

27 сентябрь − Ўзбекистон Халқ шоири Рауф Парфи туғилган кун
876 views
26 September 2021 - 21:24
Ўтган асрнинг 90-йили. Сирдарё ва Жиззах вилоятлари қўшилиб, марказ Жиззах шаҳрига кўчирилган, Гулистон бир провинциал шаҳарга ўхшаб ҳувуллаб қолган эди. Наврўз байрами арафасида бир гуруҳ сирдарёлик ойдинлар Рауф Парфи ва Гулчеҳра Нуруллаевани Гулистон тумани “Ишонч” хўжалигига байрамга чорлаган эди. Не бахтки, Рауф Парфи байрамдан бир кун олдин ташриф буюрдилар. Кечқурун севимли шоиримизнинг шогирди Рустам Эминнинг акаси уйида йиғилдик. Кечки соат 23.00 гача қизғин гурунг бўлди. Сўнгра ҳамма уй уйига теба туйига тарқалди. Рауф ака: “Сиз қолинг. Бугун бир икковлон Лайлатул қадр кечаси қилайлик”, дея каминага юксак илтифот кўрсатдилар.
Ўша куни ярим кечагача ҳаёт ва адабиёт ҳақида суҳбат қурдик. Шоир айниқса, сиёсат ва қадриятларимиз ҳақида теша тегмаган гапларни айтдилар. Ул зотнинг айрим фикрлари мустақилликдан кейин рўёбга чиқди. Масалан, Рўза ва Қурбон ҳайитлар юртимизда умумхалқ байрами сифатда нишонланса, деган орзуси ушалди. Дам олиш куни ЖУМА кунига кўчирилиши керак, деган таклифи ҳалигача муаллақ осилиб турибди. “Биз, мўмин-мусулмонлар жума куни дам олишимиз, масжидларга бориб ЖУМА намозини эмин-эркин ўқишимиз керак”, деган эди Рауф ака.
Яна бир фикри эсимда қолган. “Иттифоқда (СССР назарда тутилмоқда) бағишлов шеърлар битилиши бўйича Пушкиндан кейин иккинчи ўринда тураман”, деган эдилар. Рауф аканинг шу гапидан кейин шоирларнинг шеър китобларини варақлаганда албатта, Рауф Парфига бағишланган шеърларга кўзим тушарди. Ул зот ижодда ҳам, ҳаётда ҳам барчага намуна бўладиган шахс эди. Ҳамма билан бирдай тил топишиб кетарди.
Эртанси куни эрталаб адабиётнинг чин муҳиби, дўстимиз Убайдулла Эгам (жойлари жанннатда бўлсин) енгил машинасида Гулчеҳра опани олиб келдилар. Кун анча совуқ бўлганлиги учун (шу йили кўклам совуқ келганди) хўжаликнинг усти ёпиқ саройида катта байрам тадбири бўлди. Рауф Парфи ва Гулчеҳра Нуруллаевалар миллатни уйғотувчи шеърларидан ўқидилар.
Ушбу учрашувдан кейин Рауф ака тез-тез Гулистонга ташриф буюрадиган бўлиб қолдилар. Бир неча китобларига дастхат ёзиб берганлар. (Аниғи, 6 та китобига). Қизиқ бир воқеа: ўша пайтларда шоирнинг Чўлпон нашриётидан “Сукунат” деган шеърий тўплами чиққан экан. Ўтиришларимиздан бирида китобнинг муқовасини қайчи билан қийиб, “Суку” қисмини қолдирдиларда, арақ шишасига ёпиштириб қўйдилар. “Мана, сизларга Рауф Парфининг янги арағи − “Суку”, дея барчамизни кулдирдилар.
Қанча мулоқотда бўлсак-да, шоир билан бирор марта суратга тушиш хаёлимизга келмабди. Ёки ўша пайтлари суратга тушиш урф бўлмаганмикин?! Бироқ севимли шоиримиз Тўра Сулаймоннинг архивида Рауф Парфи билан тушилган бир сурат сақланиб қолган экан. Унда камина ҳам бир чеккада турган эканман.
Биламан, Рауф Парфи билан ёру биродар, дўст, шогирд бўлган инсонлар кўп. Улар шоир ҳақидаги ажойиб хотираларини биз билан ўртоқлашишар. Камина эса шундай буюк шоир билан замондош бўлиб, икки оғиз суҳбатини олганимдан ўзимни бахтиёр санайман. Шундай пайтда Абдулла Ориповнинг “Танишлар” деган ҳазил шеъри ёдимга тушаверади.
Шоирларнинг азал танишлари кўп,
Улар ўтгандан сўнг яна кўпаяр.
Ҳар хил шаҳарларда яшашар тўп-тўп,
Баъзан гап йиғишар, баъзан гап ёяр.
Балки бирга ичган бир пиёла чой,
Ҳамсуҳбат бўлгандир замона талаб.
Гар шундай бўлдими, аҳволингга вой,
Тириклай устингга ташлар гап қалаб…
Дарҳақиқат, Рауф Парфидай шоир билан умрида бор-йўғи бир мартагина мулоқотда бўлган киши ҳам ул зотни асло унутолмайди.
Рауф ПАРФИ
ЁШЛИК ШЕЪРЛАРИ
***
− Ойи, ойи, айтиб беринг,
Борми менинг ҳам ўз йўлим?
− Ҳамма яхши йўллар сенинг,
Энг яхшиси сенинг ўғлим.
−Ойи, надир баланд учган,
Нега менинг етмас қўлим?
− Ердан Осмон узра кўчган
Хаёлингдир сенинг, ўғлим.
− Ойи, уруш нима айтинг,
У нимадир − номи ўлим?
− Бўлса айтар эди отанг…
Уруш − бу йўқ нарса, ўғлим…
1965
***
Деразамга урилади қор,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.
Бир ажойиб қор ёҳар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга.
1963
***
Жуда бахтли эдинг у билан,
Жаҳонни тўлдириб юрардинг.
Сен ўшани ўйлайсан ҳамон,
Ўша билан банддир юрагинг.
Унинг билан кечган дамлардан
Сенга қолган ширин хотира.
Менинг эса аччиқ ғамлардан
Тортиб кетди кўзларим хира.
Лекин севгим жой тополмади
Хотиралар ётган қалбингдан.
Сен уни ҳеч унутолмадинг,
Мен ҳам кеча олмасман сендан.
1962
***
Балки, ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?
Сени ўйлаб келмайдир уйқу −
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб, гулрў,
Мен ухларман мангу, эҳтимол
Гўзал тушлар тилайман, Лайло…
Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..
1963
Бу шеър ўз вақтида ҳофиз Дадахон Ҳасанов томонидан қўшиқ қилиб куйланиб, ёшлигимизнинг энг ширин таронаси сифатда хотирамизда михланиб қолган. Шоирнинг “Сайланма”сида бу исмга шундай изоҳ берилади: “Лайло − Рауф Парфининг ёшлик даври шеъриятида маҳбуба исми, тимсол даражасига кўтарилган. Шоир ўзини Мажнунга нисбат бериб, ёрини Лайло деб атаган сатрлар ҳам мавжуд”. (Қаранг: Рауф Парфи, “Сайланма”, “Akademnashr”, 2013 йил, 408-бет).

Муҳаммадали Аҳмадий

Манба: Facebook