Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) кўрсатгичи 2019 йил якунида 58,3 миллиард долларга тенг эканлиги эълон қилинди. Бу кўрсатгични аҳоли жон бошига (35 миллионга яқин одам) булинганда 1 741 доллардан тўғри келади. Шавкат Мирзиёев шу кўрсатгични яқин беш йилликда 100 млрд. долларга, 2030 йилга бориб эса (аҳоли сони у пайтга бориб 40 миллиондан ошиши инобатга олинса) ҳар одамга 4000 доллардан ва жами 160 миллиард долларга кўтармоқчи. Хўш буни иложи борми?
Агар Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳар йили камида 10 фойиздан ўсиб борса, шу рақамларга яқинроқ бориш мумкин. Лекин ҳозирги сиёсат билан бундай (10 фойиз) ўсишга эришиш осон эмас. Қолаверса дунёда бунақа темпда ўсишга эришган мамлакатлар жуда саноқли. Ҳозирда 3-5 фойиз ўсишга эришаётган мамлакатлар ўзини “энг омадли” деб ҳисоблаяпти. Ўзбекистонда ҳам ЯИМ 2021 йилда максимум 3 фойизга ўсиши башорат қилинаётган бир пайтда Ш.Мирзиёев нега бунақа баландпарвоз ваъда берди?
Ислом Каримов ҳукмдорлигининг охирги йилларида Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 10 фойизга чиқди, деб роса кўкларга кўтариларди. Бу “ўсиш” ёлғон эканлигини Ш.Мирзиёв ўзи бир неча бор таъкидлаганига қарамай, ўзи ҳам ўша “приписка” йўлидан бораётганига ҳайронман.
Ўзбекистонда ЯИМнинг 10 фойизга ўсишига эришиш учун мамлакатга инвестиция селдай ёғиб, кириб келиши керак. Демократик қадриятлар ҳурмат қилинмайдиган ва қонунлар ишламайдиган мамлакатга шунақа кўп инвестиция кириб келишига ким ишонади. Бу пуфак яқин 2-3 йилда ёрилиб, Ш.Мирзиёев ваъда қилаётган “ўсиш” қуруқ ваъдавозлик эканлигига гувоҳ бўлмасайдик…