O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ГУНГ ВА КАРЛАР ҚИШЛОҒИДАГИ ҲОДИСА

ГУНГ ВА КАРЛАР ҚИШЛОҒИДАГИ ҲОДИСА
213 views
03 April 2012 - 8:22

(Ҳикоя)

 Тақдир тақозаси билан бир қишлоқда гунг ва кар инсонлар яшашарди. Уларнинг аҳволи ўз – ўзидан тушунарли эди. Гаплаша олмас эдилар, товуш нималигини билмас эдилар.

Айтмоқчи бўлган гапларини фақат имо- ишора ёрдамида тушунтиришга  ҳаракат қилишарди. Бу камчиликлари дардларини бир- бирларига тушунтиришда қийинчилик туғдирарди. (Гуё тили бийрон ва қулоғи супра бўлганлар ҳар доим ҳам  бир- бирларини тушуниб кетаверадигандек). Бундай қийинчилик бу қишлоқдаги баъзи кишилар орасида ўзаро тушунмовчиликларга, жанжалларга, қўйди- чиқдиларга, уруш- тўполонларга сабаб бўларди. Бу эса бу инсонларнинг ўзаро душманликларни ортириб, кимларнингдир жароҳатланишига, ҳатто ўлимига, баъзи болаларнинг етим, баъзи аёлларнинг тул қолишига сабаб бўларди. Бундай фожеали аҳволнинг олдини олиш мутлақо шарт эди. Шу сабаб бир куни қишлоқнинг ўртасидаги майдонга тўпландилар  ва қишлоқ оқсоқоли уларга шундай имо -ишорат қилди:

-Эй гунг ва кар инсонлар! Бу кетишда орамиздан баъзилар бир-бирларини қириб битирадилар. Бизнинг дардимизни бир-биримизга тушунтириш муаммомиз бор экан, келинглар бундан кейин шу имо-ишора билан ўзаро алоқа қилишни ҳам тўхтатайлик. Фақат савдо-сотиқ қилаётганда кўрсаткич бармоғимиз билан оладиган нарсамизни ишорат қилайлик, сотувчи ҳам бармоқлари билан ўша нарсанинг нархини белгилаб берсин. Ҳар ким ўзининг нияти ва мақсадини ўзи билади. Бир-биримизнинг ният ва мақсадларимизни эса янги усулда баён қилайлик. Фақат ҳамамиз учун фойдали фикри бўлганлар келиб менга имо ишорат билан фикрини тушунтиришлари мумкин. Аммо ўзаро муносабатларда фикримиз ва мақсадларимизни кулиш ёки хўмрайиш орқали изҳор этайлик. Кўнгилимиздан ўтадиган яхши ва ёмон гаплар эса ҳар кимнинг ўзига тегишли бўлсин. Ким бу қонунни бузадиган бўлса, йигирма дарра таёқ ейди. Мен ҳар бир кўчага миршаблар қўяман. Ўзаро имо -ишора қилаётганларни кўрган заҳоти миршаблар уларни қўлга олиб, шу майдонга олиб келишади. Ҳаммамиз тўпланамиз ва гуноҳкорларнинг жазосини бирга берамиз. Ҳеч кимнинг кўз ёшига қараб ўтирмаймиз . Ақли йўқларнинг ақлини дарра киритсин энди…

Ақлсизларнинг тўполон ва фожеалари қолганларни жонларидан бездирган бўлса ҳам, гунг ва кар инсонлар қишлоқ оқсоқолининг имо ишоратлар билан билдирган бу таклифига ҳайрон қолдилар. Аслида бу оқсоқолнинг таклифи  эмас, буйруғи эди. Чунки оқсоқол бу қишлоқни  зулм ва миршаблари ёрдамида ўз шахсий томорқасига айлантириб олганди. Оломон ичида кимдир бу янги қонунга розилик билдириб кулди, бошқаларнинг юзида эса хўмрайиш пайдо бўлди. Чунки шундайига ҳам ўз фикрларини ифодалашда қийналадиган бу бечора инсонларнинг ўз дардларини ифодалаш ҳаққи энди тамоман ихтиёрларидан олинмоқда эди. Фақат оқсоқол ва унинг югурдаклари бундан кейин “сўз” ҳаққига соҳиб эдилар. Инсонлар орасида ўзаро ёвлар бўлгани каби, ўзаро дўсту биродар бўлганлар ҳам бор эди. Аммо оқсоқолнинг тарозуси бир паллали эди. Унинг учун тушунтириш ва тушунишнинг орасида фарқ йўқ эди. Халойиқдан бир қисми бир -бирини еб битираётган экан, муаммони ҳўлу қуруқ демасдан чўзиш керак эди. Оқсоқолнинг адолат тарозуси шундан иборатди.  Яхши кўрган одамига кулиб қараш, ёмон кўрган одамини кўрганда хўмрайиб бурилиб кетиш, мана шу эди гунг ва кар инсонлар қишлоғининг янги қонуни бугундан эътиборан.  Бировнинг бировга нега кулаяпсан ёки нега хўмрайдинг, нега мени кўрганда бурилиб кетдинг, дейишга ҳаққи йўқ эди энди…

Қишлоқ оқсоқолининг бу янги қонуни  новча Рўзмат билан пакана Эргашга бевосита тааллуқли эди. (Бу қишлоқ аҳли бир -бирларини лақаблари билан таъриф этардилар). Чунки новча билан пакана бир бирига душман эдилар. Душманликларининг сабаби қўшниликлари эди. Бир пайтлар пакана Эргашнинг говмуши бўйнини узатиб, новча Рўзматнинг томорқасидан тут баргини узиб еганди. Буни кўрган новча Рўзматнинг ўғли пакана Эргашнинг сигирига тош отганди. Аммо тош сигирга эмас, сигирнинг думини ушлаб турган пакана Эргашнинг ўғлига текканди. Боласининг йиғлаб уйга кирганини кўрган пакана Эргаш бунинг сабабини сўраганда, ўғли баланд бўйли, дегандек қўлини ва бошини ўйнатиб, новча Рўзмат ва ўғлини ишорат қилди.. “Вой ҳайвонлар”, деб ўйлаганди пакана Эргаш, кучларинг шу ёш болага етдими?

Ҳолбуки ўғлини яхшироқ “тингласа”, тошни новча Рўзмат эмас, унинг ўғли отганини ва шу қурмағур тош ўғлига эмас, сигир учун мўлжалланганини тушуниб етган бўларди. Аммо жаҳл чиққанда, ақл кетади, деганларидек, пакана Эргаш уйидан югуриб чиқдида, қўшни томондан учиб келган тошни, томорқасида ишлаётган новча Рўзмат томонга отди, Тош ўзининг эски майдони бўлган томорқа эгасининг ўнг билагига бориб тегди. Билаги жизиллаб оғриган новча Рўзмат жаҳл билан тош келган томонга қаради ва ўзи томонга мушт кўтариб турган пакана Эргашни кўрди…Шу -шу қўшнилар бир-бирига душман бўлдилар. У буни айблади, бу уни айблади. Бу орада бир неча марта ёқа – вайрон ҳам бўлдилар. Бировининг қоши ёрилди, бошқасининг лаби қонади. Энди бир-бирини ўлдиришга шайланиб туришганда гунг ва карлар қишлоғида янги  қонун қабул қилинди…

Янги қонун кучга киргандан бир кун ўтиб, қўшнилар яна бир -бирига рўпара бўлдилар. Одатда жанжаллари пакана Эргашнинг қўлини тепага кўтариб, кейин кўрсаткич бармоғини чеккасига тақаб айлантириши билан бошланарди. “Новча аммо ахмоқ одамсан”. Новча Рўзмат эса кўрсатгич бармоғини ерга қаратиб, оёғи билан ерни топталарди. “Пасткаш паканасан”. Шундан кейин  тўрт қўлнинг йигирма бармоғи ишга тушиб кетарди.  Бу бармоқ қурғурларнинг ҳам эгилиб букилишининг чегараси йўқ эди-да. Фақат бош бармоқлар ёлғиз ҳолда майдонга чиқмас эдилар. Бир томоннинг икки бармоғи бир ишоратни ясаса, иккинчи томонннинг уч бармоғи бирлашиб бунга жавоб берарди. Охири бутун бармоқлар бирлашиб, мушт ҳолида ишга тушиширади. Шу шаклда икки томон ҳам ҳолдан тойиб, қўшнилар уйларига равона бўлишарди…

Аммо бугун ҳар икки тарафда бармоқлар ишсиз қолдилар. Кўчадан оқсоқолнинг миршаблари ўтиб турарди. Ўзини ақлли ҳисоблайдиганлар албатта бир ахмоқни деб, оқсоқолдан дарра ейишни истамасди. Аммо оқсоқолнинг дарраси ҳам ҳақиқий дарра эдида ўзи. Қалинлиги кетмон сопидек, темирдек мустаҳкам дарраси бор эди оқсоқолнинг. Бу даррадан зарба еган калла албатта ёриларди, у теккан қовурға синмай қолмасди. Шунинг учун ҳам улар янги қонунга кўра ҳаракат этдилар. Аввал пакана Эргаш новча Рўзматга хўмрайиб қаради. Шу заҳоти қаршидаги кўзлар ҳам косасидан чиқадиган даражада хўмрайди…

“Ифлос, пасткаш, пакана”, деди ўзига -ўзи новча , янги қонун бўлмаганда онангни Учқўрғондан кўрсатган бўлардим.

“Ҳайвон, ит, новча  ”, деди ўзига -ўзи пакана , агар янги қонун бўлмаганда онангни Учқўрғондан кўрсатган бўлардим…

Аммо икки тараф ҳам чор- ночор орқага бурилиб кетдилар. Бир-бирларидан қанчалик нафрат қилишмасин, ҳар икки тарафдаги бармоқларнинг қалтираган ҳолда ўзларини тўрт чўнтакка уришдан бошқа чоралари йўқ эди…

Кейинги тўқнашувда айни ҳол такрорланди. Аммо бармоқлар ва уларнинг жамоаси бўлган муштлар хуморларини чиқара олмаганлари учун бутун зарбани икки  томондаги кўнгиллар еди. Чунки икки кўнгилдан ҳам “ҳайвон, ит, пасткаш, ифлос” ва шунга ўхшаш кўнгилларни хира қиладиган қўланса, бадбўй сўзлар ўтганди. Душманлар бир биридан юз ўгирсаларда, хўмрайиш анча вақтгача бу икки гунг ва кар инсоннинг юзларини тарк қилмади. Фақат бу хўмрайиш икки   рақибнинг юзига эмас, ҳар кимнинг ўз кўнглига қаратилганди.

“Ифлос, пакана”, деди ўзига ўзи новча Рўзмат, “Сени деб, кўнгилимни хира қилдим”.

“Ҳайвон”, деди ўзига ўзи пакана Эргаш ҳам. “Ҳайвон, сени деб, кўнгилимни хира қилдим…”

Рақибларнинг бундай, дейишдан бошқа чораси ҳам йўқ эдида.. Кўчадан оқсоқолнинг миршаблари ўтиб туришар, душманини деб, йигирма дарра остида ўлиб кетиш эса ақлли кишининг иши эмасди…

Янги қонун кучга киргандан кейинги учинчи тўқнашувда юзлар яна хўмрайдилар, кўнгиллар нимадандир безовта эдилар, бармоқлар эса яна ишсиз қолдилар. Қизарган ва бўзрайган юзлар дарров бошқа томонга бурилиб олдилар…

“Қўй, деди новча Рўзмат ўзига -ўзи, шуни деб, кўнглимни қон қиламанми? Бир инсон бу шаклда ўзига -ўзи зарар бермаслиги керак…”

“Қўй, деди ўзига-ўзига пакана Эргаш ҳам.  Шуни деб, кўнглимни қон қиламанми? Бир инсон бу шаклда ўзига ўзи зарар бермаслиги керак…”

Тўртинчи тўқнашув куни келганда душман юзларнинг бир-бирига қарашларига тоқатлари қолмаганди. Чунки иккаласининг ҳам кўнгиллари яна зада бўлишдан қўрқишар, ҳар икки  томондаги бармоқлар андишадан титрар эдилар. Учрашув шу шаклда бошланмасдан ниҳоясига эрди. Яъни, новча ҳам, пакана ҳам бир-бирларига яқин кела олмадилар. Узоқдан эса юзларнинг жилмайганини ҳам, хўмрайганини ҳам билишнинг имкони йўқ эди. Муҳими кўнгиллар хотиржам эди. Шунинг учун ҳам уларнинг кўнгилларидан “юзинг қурисин”, деган нисбатан юмшоқфикр ҳам ўтмади…

Ҳақиқат шунда ки, баъзан инсонларга яхши бўлиб кўринган нарса ёмонликдан, ёмон бўлиб кўринган нарса яхшиликдан иборат бўлиши мумкин. Албатта, бу қоида ўзларини ўнглашни истаганлар учундир. Оқсоқолнинг янги қонуни мана шу ҳақиқат туфайли новча Рўзмат ва пакана Эргашга ижобий таъсир қила бошлаганди. Бу айни пайтда гуноҳкор кишиларнинг тилларини тийиб, аввало ўз ҳоллари ҳақида ўйлаб кўришларига ҳам бир ишорат эди. Аммо инсонлардан баъзиларининг тиллари суяксиз, дея уларнинг барчасини гапириш ҳаққидан маҳрум қилиш ҳам жоҳилано ва золимано бир сиёсат эди.  Хуллас, новча Рўзмат билан пакана Эргаш бир кундан  кейин ҳам, икки кундан кейин ҳам бир -бирларига қайта рўпара бўлмадилар. Учинчи кун ҳам томорқаларда ҳеч ким кўринмади. Чунки ҳафталар ва ойлар давомида қорайган кўнгиллар қоронғу хонада ёлғиз ҳолда ўзидан -ўзи ҳисоб сўраш билан машғул эдилар. Ниҳоят пакана Эргаш чидай олмади. У айб ўзимда, деган қарорга келди. Қўшнининг ўғли ўғлимга тош отса отибдида, бола ахир булар, бугун уришадилар, эртага кулишадилар, мен эса дарров қўшнимнинг ёқасига ёпишиб кетдим, дея ўзини-ўзи койиди. Шу шаклда кўнглидаги хотиржамлик янада ортди. Доимо хўмрайиб юришга ўрганган юзи табассумдан яйраб кетди. Қушдай енгил тортди, ўзи ҳам билмаган ҳолда томорқасига югуриб чиқиб, тоза ҳаводан тўйиб нафас олди. Шу ҳолда беихтиёр юзи қўшнисининг томорқаси томонга бурилди. Қараса шундайгина қаршисида новча Рўзмат юзи табассумдан яйраган ҳолда ўзига қараб келмоқда…

-Ассалому алайкум Эргашжон! Нега бир неча кундан бери кўринмай қолдингиз? Соғлигингиз яхшими ишқилиб?

-Ва алайкум салом Рўзмат ака! Э, нимасини айтасиз? Шу мендан ўтди энди, кечиринг ака? Жаҳл келганда ақл кетади, дейдилару…

Икки тарафдан ҳам ўнг қўлнинг бош бармоқлари ёлғиз ҳолда юқорига кўтарилдилар. Ўнг қўллар  бош бармоқларсиз ярим мушт ҳолини олди, аммо бу муштлар жуда мулойим эди. Шундан кейин икки тарафдан йигирма бармоқ эгилиб, букилишларидан ўзлари ҳам рози бўлишган ҳолда тинмасдан хизматга бошладилар. Бармоқлар майин бўлганлиги учун ҳам улар покланган кўнгиллардан чиқаётган сўзларни таржима қилишда ҳеч чарчашмасди…

-Ўзи нима бўлган эди Рўзмат ака?

-Э нима десам экан энди Эргашжон? Анови қора говмушингиз бизнинг мана бу тутнинг сарғайган баргини узиб еган экан.  Буни кўрган ўғлим сигирга тош отса, орқада турган ўғлингизга тегибди. Болада, ахмоқ…

-Э, унақа деманг, Рўзмат ака! Асл эси йўқ мана шу сигир жонивор…Биздан ўтди ака, энди хафа бўлмайсиз…

Табассум тўла юзларнинг ва майинликдан лой ҳолига келган йигирма бармоқнинг дўстона суҳбатини икки миршабнинг кутилмаган ҳамласи тўхтатди. Миршаблар узоқдан имо ишора қилаётган новча Рўзмат ва пакана Эргашни кўрган эдилар. Бу иккиси янги қонунга кўра улар қўлга олаётган биринчи гуноҳкорлар бўлганлиги ҳамда оқсоқолга яхши кўриниш учун улар ҳаллослаб югуриб келдиларда, табассум тўла юзларга қараб ҳам ўтирмай, ҳавода сурат чизаётган қўлларга ёпишдилар. Новча Рўзмат ва пакана Эргашнинг юзларидаги табассум ўрнини довдираш олди. Миршаблар билакларига ёпишишлари билан янги қонун эсларига тушди. Аммо бўлар иш бўлганди. Эндиги иш гуноҳкорларни жазолантиришда эди. Миршаблар қишлоқ майдонига судраб борар экан, пакана Эргаш ўзини ўзи еб битирмоқда эди:

“Ҳамма ишни яна сен барбод қилдинг. Шошқолоқ, ахир шу нарсани кечқурун, қуёш ботгандан кейин, биров кўрмайдиган пайтда имо ишора қилсанг ҳам бўлардику? Мана энди жазонгни чекасан…”. Унинг юзида хавотирланиш йўқ эди. Бармоқлари сокин, уларнинг бор-йўқлигини сезмасди ҳам…

Новча Рўзмат ҳам шу ҳолда эди:

“Нима бўлганда ҳам қўшним билан розилашиб олдим. Бундан буёғи дарра тахтасида ўлсам ҳам фарқи йўқ… ”

Томошага ўч оломон дарров қишлоқ майдонига йиғилди. Оқсоқол икки қўлини кўтариши билан оломон тинчланди:

-Халойиқ, дея имо-ишора қилди оқсоқол майдонда тўпланган оломонга. Новча Рўзмат билан пакана Эргаш янги қонунимизни бузди. Уларни жазолашдан бошқа чорамиз йўқ. Буларга бериладиган жазо орамизда яна имо -ишоратга қўл урадиганларга ибрат бўлсин…

Кўприкда туянинг каттаси таёқ ейди, деганларидек оқсоқол миршабларга ишорат қилиб, аввал новча Рўзматни дарра тахтасига ётқиздирди. Миршаблар қўшнисининг қўл оёғини боғлар экан, пакана Эргаш аллақачон ўлиб бўлганди. Чунки у бу ишда ўзини асосий айбдор, деб биларди. Аммо ҳозир дардини кимга айтсин? Қандай айтсин гуноҳ ўзида эканлигини оқсоқолга ва  қишлоқ майдонига тўпланган оломонга? Имо-ишорат қилиш тақиқланган, кулса инсонлар инсофсиз, рақибининг жазоланишидан мамнун экан, деб ўйлайдилар. Йиғласа нимага йиғлаётганини бирибир ҳеч ким сўраб ҳам ўтирмайди…

Оқсоқолнинг дарраси қўл оёғи тахтага боғланган новча Рўзматнинг елкасига келиб тушди.

-Бир…

Новча ўзини қанчалик бардам тутишга уринмасин, оғриқдан инграб юборди. Бу инграшни эшитиш эмас, кўриш кифоя эди. Дарранинг илк зарбаси пичоқ бўлиб пакана Эргашнинг қалбига  ҳам санчилди. Унинг ранги оқариб, ерга тиз чўкиб қолди. Кейинги зарба янада мудҳиш ва инграш янада даҳшатли эди.

-Икки…

Новча Рўзмат кўзларини юмиб олганди. У оғриқ азобидан кўзига ёш келишидан қўрқарди. Гуноҳи бўйнида эди, энди оломоннинг ичида дарра зарбидан йиғлаб шарманда бўлиши қолганмиди…

-Уч…

Оломон новчанинг вужудига урилаётган зарбалар сонини оқсоқолнинг ёнида турган икки миршабнинг юқорига кўтарилаётган бармоқлари сонига қараб ўрганётганди.

Оқсоқолнинг билаги ҳам, навбат билан юқорига кўтарилаётган миршабларнинг бармоқлари ҳам титрамасди.

-Тўрт…

Оломон аввал оқсоқолнинг дарра тутган қўлларига, сўнгра эса унинг ёнида бармоқларини бирин-кетин юқорига кўтараётган миршабга қарарди.

-Беш…

Оломоннинг нафаси ичига тушиб етди. Улар гуноҳнинг ҳам, жазонинг ҳам нима эканлигини яхши билишарди. Аммо бундан олдин оломондан кўпчилик инсонларнинг қилмишларини ўзларича талқин қилишар, жазони ҳам ҳар ким гуноҳкор, деб билган кишига ўз билганича берарди. Энди эса ораларидан бири қилган гуноҳи учун қўлга тушган ва вужудига урилаётган дарра зарбаларидан инграмоқда эди:

-Олти…

Оқсоқолнинг бу зарбасидан кейин пакана Эргашнинг кўзидан ёш оқа бошлади. У ўзини гуноҳкор деб билар ва ўзининг гуноҳи ҳозир дарра тахтасида инграб ётган новча Эшматни ҳам гуноҳга ботиргани учун изтироб чекмоқда эди. У тиз чўккан ҳолда унсиз йиғлай бошлади. Бу гунглар ва карлар қишлоғида ўзининг гуноҳи бошқаларни ҳам гуноҳга етаклашини тушуниб етган кишининг надомат кўз ёшлари эди…

-Етти…

Пакана Эргашнинг табиати заиф эди. Яъни, у қони чиқмагунча кўз ёши чиқмайдиганлар тоифасидан эмасди. Вужудига устма уст тушаётган дарралардан новча Рўзматнинг эса пешонасидан буғ чиқиб, инграши ҳам фиғонга айланиб борарди…

-Саккиз…

Пакана Эргаш энди ҳўнграб йиғлай бошлади. Новчанинг дарра тахтасидаги ҳоли билан машғул оломон унинг кўз ёши тўкаётганидан бехабар эди. Ниҳоят оломондан баъзиларнинг кўзи дарра тахтасидан беш-ўн метр нарида жазо олиш навбатини кутаётган пакана Эргашга тушди…

-Тўққиз…

Инсонлардан баъзилари пакананинг бу ҳолига ажабланиб қарай бошладилар. У энди ўкириб йиғлашга ўтганди. Бу ҳол қишлоқ майдонига тўпланган оломонни ларзага келтирди.

-Ўн…

Вужуди дарбалар зарбидан тилка -пора бўлаётган новча Рўзмат бир лаҳзага кўзларини очди ва тиз чўкиб йиғлаётган пакана  Эргашни кўрди. У қўшнисини кўрар – кўрмас, пакананинг нима учун йиғлаётганини тушунди. Бир он вужудига тушаётган дарбаларнинг аччиғи тингандай бўлди. “Эргашжон” йиғламанг, дея имо   -ишорат қилмоқчи бўлди. Аммо унинг қўл оёғи боғланган, вужудига тушган дарбалардан бармоқларини қимирлатишга ҳам ҳоли қолмаганди. Шундай кейин новчанинг кўзларидан ҳам тирқираб ёш оқа бошлади…

-Ўн бир…

Оломондан кўпчиликнинг кўзи энди пакана Эргашга тикилганди. Унинг сел бўлиб оқаётган кўз ёшларидан бу гунг ва кар инсонларнинг қалблари титрай бошлаганди. Бу инсонларнинг тиллари сўз айтолмасада, қулоқлари ҳеч нарсани эшитмасада, аммо улар  қалбсиз эмас эдилар. Уларнинг ҳам кўнгиллари бор эди. Аммо шу пайтгача уларнинг кўпчилиги бир -бирларини айблашга ва бир – бирларини ўз билганларича жазолашга ўрганган эдилар. Шу сабаб оломон ичида кўпчиликнинг қалблари тошдай қотган, кўнгиллари кўмирдай қорайиб кетганди…

-Ўн икки…

Новчани дарралаётган оқсоқол ўзини вазифасини букаму кўст бажариш учун масъул, деб биларди. Шунингдек, у янги қонунни жорий қилар экан, оломонни гуноҳкорларнинг кўз ёшларига қараб ўтирмаймиз, дея огоҳлантирганди. Шунинг учун ҳам жазо дарраси унинг қўлида моҳир чавондознинг қўлидаги қамчи каби ўйнаётганди.  Даррани кетма -кет новча Рўзматнинг вужудига туширар экан кўзини ўз дардини бирор йўл билан ифодалашдан ожиз бу гунг ва кар инсондан айирмасди…

-Ўн уч…

Икки гуноҳкорнинг бир- бирига жўр бўлиб йиғлашлари оломонни ташвишга солиб қўйди. Оломондан кўпчиликнинг жиноят ва жазо талқинига кўра бу икки инсон  рақиблари дарраланаётганда бир-бирининг устидан кулишлари керак эди. Аммо вазият тамоман бошқача тус олган, жазо саҳнасидан ўрин олган бу икки инсоннинг кўз ёшлари ҳамкорлик дарёсига айланиб,  оломоннинг қалбини суғора бошлаганди…

-Ўн тўрт…

Ниҳоят оқсоқолнинг кўзи ҳам ҳайқириб йиғлаётган пакана Эргашга тушди. Бу надомат кўз ёшлари қалби ва кўнгли бор инсонни бефарқ қўйиши мумкин эмасди. Аммо оқсоқол оқсоқол эди, у гуноҳкорларнинг кўз ёшига қараб ўтирмаслигини ҳаммага эълон қилганди. Фақат бир инсоннинг ўз рақиби дарраланаётгандаги йиғи сиғи билан фарёд қилишини ҳам оқсоқол тушунмади…

-Ўн беш…

Оқсоқол даррани қўлида ўйнатар экан, бу қарорга қандай келганини эслашга уринди. Инсонларнинг бир қисми бир-бирларига дардларини тушунтира олмасликлари натижасида  гуноҳга ботишаётган ва бунинг натижасида қишлоқ аҳли орасида низолар бор эди. Масалага бу нуқтадан қаралганда оқсоқолнинг кўнгли хотиржам эди…

-Ўн олти…

Оломондан масаланинг моҳиятини тушуниб етганлар ҳам тиз чўкиб новча Рўзмат ва пакана Эргашнинг ҳолига йиғлай бошладилар. Чунки улар кўз ўнгларида жазоланаётган бу икки инсоннинг гуноҳсиз экани, аслида оломондан баъзиларининг гуноҳлари учун уларнинг вужудлари тилка-пора бўлаётганини тушуниб етгандилар. Уларнинг кўз ёшлари сувга чанқаган қақраган тупроққа томчилаган ёмғир доналари каби оқмоқда эди…

-Ўн етти…

Оломоннинг учдан бири тиз чўкди. Бу бечора инсонлар муаммонинг фақат ўз дардларини бировларга тушунтиришда эмас, бошқаларнинг дардларини ўзларининг тушунишларида  ҳам эканлигини ўрганган эдилар…

-Ўн саккиз…

Оқсоқолнинг ўзига хос ва ўзига мос адолатини устун қилиш шажоати камаймаганди. Аммо йиғлаётганлар сони тобора кўпайиб бораётганидан хавотирга у ҳам туша бошлади. Аммо инсонларда инсоф йўқ, деб ўйларди у даррани новчанинг  қон талаш бўлиб кетган вужудига туширар экан.. Бу жохил инсонлар адолатни ҳам, унинг қандай тикланишини ҳам билмайдилар ахир..

-Ўн тўққиз…

Иш иккинчи миршабнинг охирги бармоғини кўтаришига етиб келганди. Пакана Эргаш қаддини ростлаб ўрнидан турди. Унинг кўз ёшлари сел бўлиб оқишдан тўхтаган, юзига табассум югуриб, жилмагайча новча Рўзматга қараб турарди: “Жон ака сиз хафа бўлманг, мана навбат ҳақиқий гуноҳкорга етиб келди…”

-Йигирма…

Новча дарраларнинг зарбидан ҳушидан кетиш даражасига келганди. Аммо у қўл-оёғининг ечилиб, янги қонунни такрор бузиб бўлса ҳам имо-ишора билан оломонга масаланинг моҳиятини тушунтиришни истарди. Аммо новчалиги шу ерда унга панд берди. Бунинг устига пакана Эргашнинг ўзини гуноҳкор ҳисоблаб, жилмайган ҳолда дарра тахтасига ётишга ҳозирланаётгани унинг аҳволини янада баттар қилди. “Эргашжон, дарраланишга зинҳор рози бўлманг. Бу адолат эмас, зулмдир.” Кўнглидан бу гаплар ўтар экан, новча Рўзмат ҳушидан кетди…

Оқсоқолнинг ишорати билан миршаблар пакана Эргашни дарра тахтасига ётқиздилар. Оломон ичида масаланинг моҳиятини тушуниб етганларнинг бу ваҳший манзарага нисбатан сессиз қолиши асло мумкин эмасди. Аммо қуролланган миршаблар оломон ва жазо саҳнаси орасида ўтиб бўлмас девор ҳолини олганди.

-Бир..

Оқсоқолнинг шижоати тушмаганди. Дарранинг зарбидан энди пакананинг кўзидан ўт чиқиб кетди. Унинг ёноқларига яна кўз ёшлари тўкила бошлади. Аммо бу йиғи дарранинг зарбасига жавоб эмас, тўрт беш метр узоқликда  новча Рўзматнинг жон таслим қилаётгани учун эди…

-Икки…

Дарра остидаги пакана Эргаш новча Рўзматнинг ўлимига афсус билан кўз ёшлари тўкар экан, оломон яна безовталана бошлади. Оқсоқол эса оломонга ҳам, жон таслим қилаётган новчага ҳам, кўз ёшларини тўкиб, фиғон қилаётган пакана Эргашга ҳам эътибор бермасдан ўз ишини давом эттираверди.

-Уч…

Ниҳоят оломон ичидан ҳақиқатни англаб етган бир киши худди оқсоқол каби икки қўлини юқорига кўтарди. Бу ажиб бир исён эди. Чунки оломонни бу шаклда тинчитиш ҳуқуқи янги қонунга кўра фақатгина оқсоқолга берилганди. Бу одам оломонга мурожаат қилиб ўзи тушуниб етган ҳақиқатни бу ерга тўпланган барча инсонларга етказишни истарди. Аммо оқсоқолнинг миршаблари бу ҳаракатнинг жиноят эканлигини яхши билишарди ва шу шаклда янги қонунга кўра учинчи гуноҳкор ҳам қўлга олинди.

-Тўрт..

Оломон ичидан яна бир киши инсонларни тинчитиш учун икки қўлини юқорига кўтарди. Чунки шовқин сурон солаётган оломонга ҳақиқатни тушунтиришнинг имкони йўқ эди. Шу шаклда тўртинчи гуноҳкор ҳам қўлга олинди

-Беш..

Инсонлар гангиб қолишганди. Уларнинг нима бўлаётганини ўйлаб ўтиришга вақтлари йўқ эди. Зудлик билан чора топилмаса, пакананинг ҳам новча Рўзмат каби сўнг нафасини бериши яқин эди.

-Олти…

Ўзларига адолат, дея тақдим қилинган нарсанинг аслида зулм эканлигини тушунган кишилар учун ҳақиқатни тушунмаганларга уни тушунтириш бир вазифа ҳолига келганди.

-Етти…

Чунки оломонни тинчитиш учун икки қўлини юқорига кўтариш ва шу шаклда оммани бир ҳамлада ўзгартириш имконсизди. Боз устига оқсоқол ва унинг миршаблари бундай уринишни жиноят, дея баҳоламоқда ва бундай гуноҳга қўл урганлар дарра тахтасига ётиш учун ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Сўнгги чора оломондан ҳар бир кишига ҳақиқатни тушунтиришда қолганди…

-Саккиз…

Шу шаклда қўрқувдан елкаларга жонсиз осилиб турган ҳақиқатпарвар билакларга ва ундан кейин қўлларга, панжаларга ва ниҳоят бармоқларга жон кира бошлади. Бу бармоқлар очилиб, ҳаракат қилишга тушдилар…

-Тўққиз…

Оқсоқол ўжар ва ўз билганини ўқийдиган раҳм- шафқатсиз шахс эди. Оломондан бир қисми ўзидан норози эканлигини, бу туфайли дарра тахтасига ётадиганларнинг сони вақт ўтиши билан кўпайиб бораётганини кўриб-билиб турарди.

-Ўн…

Миршабларнинг ҳаракатга кечган бармоқ эгаларининг барчасини қўлга олишлари албатта имконсиз эди. Бир онда бийрон тилга айланган бармоқлар эса ўз вазифаларини мукаммал шаклда бажаришга ҳаракат қилишарди.

-Ўн бир..

Имо-ишоралар “бизнинг муаммомиз фақатгина дардимизни бир-биримизга тушунтиришдаги қийинчиликда эмас. Биз бунинг ёнида бир -биримизнинг дардимизни тушунишга ҳам ҳаракат қилишимиз керак. Яъни, ҳар қандай дард ҳақидаги тушунча уни тушунтириш ва тушунишдан иборат бўлади”, дея ҳайқира бошлаганди…

-Ўн икки…

Охири оломоннинг ичидаги даъватни миршаблар оқсоқолга ҳам имо-ишорат билан тушунтиришди. Аммо оқсоқол ўз ишини фақат тушунтиришдан иборат, деб биларди. Бировларнинг дардини тушунишдан бу золим  бенасибди…

-Ўн уч…

Бу орада миршаблар новча Рўзматнинг жонсиз танасини дарра саҳнасидан ташқарига олиб чиқмоқчи бўлдилар. Оломон яна жунбушга келди. Аммо  бу ерга тўпланган инсонларнинг бир қарорга келиши учун ҳали вақт етиб келмаганди…

-Ўн тўрт…

Қўшнисининг ўлигини миршаблар кўтариб кетаётганини пакана Эргаш кўриб турарди. Зеро, унинг ўзи ҳам дарра зарбаларидан чала жон бўлиб қолганди. Аммо ўлим тўшагида унинг адолат ҳақидаги тушунчаси ҳам ўзгариб борарди. У имкони бўлса дарра тахтасидан қутулиб, ўзини оломоннинг ичига отишни ва бармоқларини тинмай ҳаракат қилдираётганларнинг сафига қўшилишни истарди…

-Ўн беш…

Миршабларнинг тўлқинланаётган оломоннинг дарра саҳнасига қараб интилишларини тўхтатиб қолишлари табора қийинлашиб бораётганди. Оқсоқол эса жон жаҳди билан паканани дарралашда давом этарди.

-Ўн олти…

Оқсоқол ўзини маррага яқин, деб билар ва шунинг учун ҳам атрофида бўлаётган ишларга кўп диққат этмасди. Ҳолбуки, кўзини очиб, атрофига бир назар солганида баъзи миршабларнинг ҳам унга нафрат билан тикилаётганини кўрган бўларди.

-Ўн етти…

Кутилмаганда гуноҳкор, дея қўлга олинган гунг ва кар инсонлар ҳам қайтадан бармоқларини қимирлата бошладилар. Бу ички жабҳада қўзғолон бошланганига ҳам ишорат эди.

-Ўн саккиз…

Ичкаридаги тўлқинланишдан илҳомланган оломон ўз йўлига тўсиқ бўлиб турган оқсоқолнинг миршабларидан иборат деворни ёриб ўтди. Эндиги иш ҳар икки тарафда бармоқларини ўйнатаётганларнинг бирлашишида қолганди.

-Ўн тўққиз..

Оқсоқол паканани дарралашни тўхтатиб, ўзини миршабларининг сафига отишни ўйлади. Аммо унинг ўжарлиги ўз бошига етди.

-Йигирма…

Эртаси кун гунглар ва карлар қишлоғида уч жасад тупроққа берилди. Улардан иккитасини қабрларига қўйганларнинг қўллари матонатли эди. Учинчи тобут қабрга қўйилаётганда уни ушлаб турганларнинг бармоқлари титрай бошлади. Бу тобут уни тутган бармоқлардан сирғаниб, чуқурга юз тубан қулади. Бу фақат ўз дардини ўйлаган ва бошқаларнинг дардини тушунишни истамаган оқсоқолнинг жасади қўйилган тобут эди…

(Ушбу ҳикоянинг бу дунёга келишдан гунг ва кар бўлиб туғилган, аммо қалблари мусаффо,  ўзларининг дардларини сўзсиз тушунтира оладиган ва ўзгаларнинг дардларини сўзлар воситасиз ҳам тушунадиган инсонларга алоқаси йўқдир. Зеро, бу ҳикоя инсонлар орасида тиллари бийрону аммо сўзлари маъносиз,, кўзлари чароғону аммо ҳақиқатни  кўрмайдиган, қулоқлари ҳақиқатни эшитмайдиган, қалблари бору бошқаларнинг дардларини тушунмайдиган баъзи кимсалар ҳақидадир)

 

Намоз Нормўмин