1988 йилдан то 1992 йилгача Хоразм вилоятида обком секретари (Ҳоким даражасидаги биринчи раҳбар) бўлган Римажон Худойберганова 15 ноябр куни 80 ëшида оламдан ўтди. Горбачевнинг қайта қуриш ва ошкоралик даврида Хоразм каби экологик фалокат зонасида раҳбарлик қилган Римажон Матназаровна Урганчнинг қадимий кўҳна қалъа мавзеида туғилиб, шу шаҳардаги Максим Горький номли мактабда аълочи бўлиб ўқиди. Тошкентдаги текстил институтида ўқиш баробарида “Қизил тонг” фабрикасида тикувчи бўлиб ишлади. Институтни битириб, Хоразмга келган Римажон опа Урганчдаги тикувчилик фабрикасида ишлаб, мансаб зиналаридан кўтарилиб борди. 1983 йилда Москвадаги КПСС академиясини битириб келиб Хоразм вилояти транспорт ва алоқа соҳасига раҳбарлик қилди. 1988 йили Хоразм вилоятининг жорий раҳбари Мадиëр Худойберганов пора олиш ва пахта қўшиб ëзишда айбли деб топилиб қамалгани ортидан Римажон Худойберганова вилоят тарихидаги илк аëл раҳбар бўлди. Уни лавозимга тайинлаëтган пайтда СССР раҳбари Михаил Горбачев “Сизнинг мафтункор кўзларингиз учун эмас, балки ғайрат ва шижоатингиз учун бу лавозимга лойиқ кўрдим”, деди ва “кўзларингиз ҳақиқатда ҳам мафтункор”, деб қўшиб қўйди.
Бошқа давр ва бошқа шароит бўлганида Римажон опа лавозимларда кўтарилишларда давом этган бўларди. Аммо опа ўтиш даврида яшаш каби уқубат ичида эди. 1991 йилги президент сайловида Хоразм вилоятида Эрк партиясидан номзод Муҳаммад Солиҳ расман ғолиб бўлди. Табиатан меҳрибон ва Горбачев ҳуррияти тарбиясини олган Римажон опа сайлов натижаларини бошқа вилоят раҳбарлари каби бетини без қилиб ўзгартира олмади. Табиатига кўра қасоскор бўлган Каримов опани кечирмади.
Опани ишдан олишган кунни эслайман. Опанинг кабинети бешинчи қаватда эди. Ишдан бўшаган куни лифт ишламай қолади (балки атайлаб ўчириб қўйишган). Ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоси бўлган Римажон опа инқиллаб зиналардан тушар экан ҳеч ким бориб тирсагидан ушлаб ëрдам бермади. Ҳамма ўзини четга олган эди. Ҳамма янги сайланган раҳбар Маркс оға ëнида эда. Кечагина опа ортидан пул ва нон топганлар ошкора ундан ўзини олиб қочарди. Опа кўзи тириклигида кимнинг ким эканини таниди.
Шу ўринда яна бир гап. Бугун мабодо кимдир раҳбар бўлса, унинг бутун авлод аждодига мансаб тегади. Оти ўзади. Непотизм деган бало бу. Опа учун непотизм ëт эди. Римажон опа вилоятда биринчи раҳбар бўлиб юрган пайтда унинг укаси Мадамин оддий безакчи рассом бўлиб ишларди. Бир оғиз гап билан Мадаминни худфонд раиси қилиб тайинлаттириш опанинг қўлидан келарди. Аммо Римажон опа буни қилмади.
Элтуз жамоаси Римажон опа оиласига¸ хусусан рассом Мадамин Худойбергановга таъзия билдиради. Урганч ўз қизидан айрилди.
Бир пайтлар “обком опой” бўлиб қайта қуриш тўлқинларида юрган опа энди орамизда йўқ.
Римажон опа уни хор қилганлардан кўра узоқроқ яшади. Давр тугамоқда¸ даврон якунланмоқда.
@eltuz2022



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ