O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мард шоир

Мард шоир
12,541 views
17 May 2023 - 16:35

Бугун Ҳалима опажоним Худойбердиеванинг туғилган куни. Каримов даврида эзилган шоира бўлса шу Ҳалима опам эди. Таъқиқ остида яшади. Эри қамалди. Ундан яхшилик кўрган шогирдлар ошкора юз ўгирди. Боласи ўлди бечора опагинамни. Не дард бўлса чекди. Не заққум бўлса ичди. Не кўргилик бўлса кўрди. Ўша таъқиқ йиллари телефон қилиб гаплашиб ўтирардим опажоним билан. Опанинг ҳузунли ва ширали овозини севардим. Ҳеч қаерда эълон қилинмаган шеърларини менга ëд айтиб берарди. “Трубкани қўймай туринг хозир иккинчи қаватга чиқиб китобимни олиб келиб аниқ қилиб шу шеърни ўқиб бераман” дерди. (опада симли телефон бор эди холос) Мен у кишига “шоир яшай билмас” деган шеърини эслатувдим.

Шоир яшай билмас
қип қизил ëлғон
ҳақиқат ëнида
турса керилиб..

“Салом айтинг мендан. Сиз у киши билан гаплашиб турасизку ахир” дея хижратдаги яна бир шоири замон Муҳаммад Солихни йўқлаб қўярди раҳматли.

Каримов ўлиб ўрнига Шавкат ака келганидан кейин Халима опам озгина бўлса ҳам “кун кўрди” Мамлакат раҳбари бериб юбортирган каттагина сумма пул ва ордендан кўра эътибор мухим эди. Эътибор. Меҳр.
Шунақа “бир оғиз ширин сўз нондек арзанда”

Аммо йиллар давомида зарбаларга қоядай тик туриб берган Халима опажоним “шафақлари ол” кунлар келганида улкан чинордай йиқилди. Ҳали унутилган кезларида мен билан гаплашаркан “Ҳалима ҳам ўлиб кетса билмаслар” деган хузунли шеърини ўқиб берган эди. Наҳотки шоир яшар экан халқи билмайди. Наҳотки шундай шоир ëнгинамизда яшаб ўтганини бу халойиқ билмай ҳам қолди.

Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз,
Таъми талх шаробдай жоминг тўлдирар.
Дуелга чиқарди аввал юзма-юз,
Энди бир-бирини зимдан ўлдирар.

Аввалги ошиқлар кўзларида қон,
Ишқи учун жонин қўярди гаров.
Эндиги ошиқ гоҳ чамалар имкон,
Қийинроқми, йўлдан қайтади дарров.

Аввалги ошиқлар кўкрагида оҳ,
Майдонга кирганлар ғурур, шон учун –
Бугунги ошиқлар туюлади гоҳ
От солаётгандай мансаб, нон учун.

Тағин энг қизиғи, фақат пардали,
Пардали суярлар, пардали юрар.
Кўнглидаги қаҳрни ҳеч ким зардали,
Қаҳр билан айтмайди, пардага ўрар.

Парда орасида кетяпмиз ҳориб,
Йўл сола олмасдан ошкор бир ёққа.
Журъат тарк этмоқда бизларни, бориб
Дўстга, “Мен соғиндим Сени” демоққа.

Журъат тарк этмоқда бизларни гоҳо,
“Пичоқ кесар, ўткир бўлса дами” деб.
Бировга бермаймиз муносиб баҳо,
Бошқаси аразлаб қоладими, деб.

Журъат тарк этмоқда бизларни баъзан,
Гарчанд гоҳ меҳрдан кўнгил ёшланар.
Сор бургут мадад сўз кутмоқда биздан,
Улуғ парвоз балки шундан бошланар.

Мадад сўзсиз бургут учса-ку учди,
Гоҳ бургут кексаяр шу сўзни кутиб.
Ожизмиз, биз йўқлай билмадик қушни,
Аянчмиз, “йилт” этган нур кетди ўтиб.

Мен ҳаммага аввал журъат тилайман,
Муқим журъат олган қалбни, қалъани.
Душман душманлигин ошкор олсин тан,
Дўстим ошкор бўлсин кўнглим малҳами.

Журъат нима, журъат ўзи асли йўқ,
Нишонни урмасдан қўймас отган дам.
Кўп раҳмим келади ошкор фикри йўқ,
“Пардали” шеър ёзган шоирларга ҳам.

Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз…

Ҳалима Худойбердиева

Rassom Tuz