O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби босим ва тазйиқлар туфайли истеъфога чиққани билдирилди

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби босим ва тазйиқлар туфайли истеъфога чиққани билдирилди
28,429 views
27 November 2023 - 21:17

Мухолифатдаги Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси бош котиби вазифасини бажариб келаётган Бахтиёр Исабек истеъфога кетди. Бу ҳақда “Эрк” партияси 26 ноябрь куни тарқатилган баёнотда билдирилган.

Баёнотда аввалги бош котиб – профессор Отаназар Орипов “оилавий машаққатлар ва соғлиги ёмонлашгани сабабли” ваколатларини топширгани ортидан бу вазифа партия фаоли Бахтиёр Исабекка топширилгани, аммо “Мирзиёев режими” унга нисбатан ҳам тазйиқ-таъқиб давом эттиргани, натижада босим ва тазйиқларга дош беролмаган Бахтиёр Исабек бир ҳафта муқаддам касалхонага тушгани урғуланган.

Айни пайтда таниқли тилшунос олим Бахтиёр Исабекнинг партия сафидан чиқмаслигини билдиргани ҳам қўшимча қилинган.

“Эрк” партияси 1991 йил сентябрида Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган илк мухолиф партия ҳисобланади. 1991 йили муқобиллик асосида ўтган биринчи ва охирги президент сайловида Ислом Каримовга рақиб бўлган “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ расман 12 фоиздан кўпроқ овоз олган. Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини айтади.

Каримов бошқаруви даврида сиёсий саҳнада четлатилган “Эрк” партияси мамлакат ичкариси ва ташқарисида таъқиб қилинган, бироқ “Эрк” фаолларига кўра, партияни ëпиш ëки фаолиятини тугатиш ҳақида суд қарори ë-да бошқа расмий ҳужжат мавжуд эмас. “Эрк” партияси 2019 йилда партия фаолиятини давом эттириш масаласи юзасидан Ўзбекистон Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди.

2020 йил январида ўша пайтдаги адлия вазири Русланбек Давлетов партиянинг бир гуруҳ тарафдорини қабул қилган. Учрашув пайтида вазир уларга: “Бундай партия тарихда қолди, унутинглар” деган ҳамда “1991 йилги ҳужжат ўз кучини йўқотган”ини қайд этган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистонда мухолифатга йўл берилиши ҳақида гапирган эди.

Тошкентдаги ёшлар билан учрашув чоғида у “Мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?” дея риторик савол қўйган.

“Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак”, деган президент Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг бу гаплари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонда 22 декабрдаги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимдаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани айтганидан сўнг янграган.

Ўша пайтда Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилганди.

Президентнинг “шу ернинг нонини еб, сувини ичган” мухолифат зарурлиги ҳақидаги гапидан икки ҳафта ўтгач, Адлия вазири “Эрк” партияси гуруҳини қабул қилган. Ундан олдин мухолифатдаги “Бирлик” партияси вакиллари ҳам Адлия вазирлиги бошқарма бошлиқлари томонидан қабул қилинган эди.

“Бирлик” партияси Марказий кенгаши аъзоси Анвар Усмонов ўша пайтда Озодликка “охирги марта 2019 йилнинг декабрида “Бирлик” вакиллари аризасини Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи олиб қолган”ини айтган.

Манба: ozodlik.org