O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Oтаси қарғаганлар

Oтаси қарғаганлар
180 views
23 August 2014 - 9:36

UZBEKISTAN-RUSSIA-DIPLOMACY-PUTINПрезидент Каримов “ҳа” деганда “ма” деб, Бош вазирини алмаштираверар экан.

Бош вазир бўлмагунча, булоқ бўлиб оққан қонни, одамларнинг ваҳшийларча қийноқларга солинганини кўрмаган вазирларнинг ҳар турли балоларга руҳияти дош беролмай, дарров эси оғиб қоларкан.

Яна Каримовнинг болаларча ҳар хил хархашаю инжиқликлари ҳаддан зиёд бўлиб, у атрофидагиларни майдакашлиги билан жонидан тўйғазиб юборар экан. Бирор нохушлик содир бўлиб телбалик қилгиси келса, “ҳе” йўқ-“бе” йўқ телефон аппаратини вазирларнинг бошига уриб, ҳар томонга учиб кетган бўлакларини Зелимхонга тердирар эканда, ишдан қайтаётганда уйига олиб кетаркан.
Нафсиламбирини айтганда, унинг ҳар соати нохушликлар ва кўнгилсиз ҳодисаларга лиқ тўла экан. Уйига бориб, хотини билан қизларининг ҳуда-беҳуда шармандагарчиликларини деб, жиққа-мушт бўлар эканда, Миллий хавфсизлиги хизмати бошлиғи назорати остида, Бош вазирни чақиртириб, аламини ундан оларкан. Телефон синиқларини унинг олдига отиб, унга аппаратни аввалги ҳолатига келтиришни буюрар экан. Умрида қўлига отверка ушлаб кўрмаган бечора Бош вазир, бошини ерга солиб ишга унаб кетар экан. Бошини кўтарса, президент юз-кўзинг демай, биқнига тепгани-тепган экан. Хуллас, тонг отмасдан Бош вазирнинг ўзи ҳам келига солиб туйилган маккасўтадан беш баттар бўлиб, президент қароргоҳидан тўғри жонлантириш бўлимига, кечқурун яна Миллий хавфсизлиги хизмати бошлиғи назорати остида президент қароргоҳига олиб келинар экан. Қийноқларга дош беролмай, тез-тез Бош вазир алмашаверар экан. Хитой қўмпартияси раиси берган “умри боъқийлик” малҳамини ичган президент на ухлар, на еб ичар, на чарчар экан.

У: Бир минг икки юз ёшимга кирган кунимда, охирги ўзбекни ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман, дея, алжирагани-алжираган экан. Зелимхоннинг: Нима учун ўз қўлларингиз билан бўғиб ўлдирасиз, деган саволига: Чунки, у замонда Ўзбекистон ҳудудларида ўзимдан бошқа бирор-бир тирик жон қолмайди, дея, бўкириб берар экан…

Бўлавермагач, Путиннинг шахсан ўзи Каримовга Бош вазир танламоқчи бўлипти. У тавсия этилган ўринбосарларни Москвага чорлаб, улар билан бир-бир суҳбат ўтказа бошлапти. Уч юзга яқин ўринбосар билан кечган суҳбатдан ҳеч бир натижа чиқмапти. Шавкат Мирзиёнов уч юз биринчи бўлиб, Путиннинг олдига кирипти. Путин унга ҳам бошқа ўринбосарларга берган саволларни берибди.

Бировнинг буюмини ўмарган кимсани, Россияда ўғри, дейдилар, депти у. Ароқхўрни пиёниста, авров йўли билан бойлик орттирган ва ҳийла билан мансабга эга бўлганларни мошшейник – фирибгар, дейдилар. Зўровонларни мустабид, золимларни баджаҳл, ўзиникини тўғри деб, бир жойда қотиб қолганларни жоҳил, дейдилар ва ҳакозо… Сизларда бу кабиларни нима деб айтадилар. Шуларни бармоқ букиб, бир-бир санаб бер?

Бармоқ букиб, нима қилдим, депти Шавкат. Бу бир оғиз сўз билан ҳал бўладиган масала экан-ку…

Қани, айтчи, депти, унинг нима демоқчи бўлганига қизиқиб қолган Путин.

Сиз санаб ўтган касб эгаларининг барини битта қилиб, бизда “ҳожибобо” дейдилар, депти Шавкат.
Ўзбекистонда нима кўп, ҳожи кўп, депти Путин.

Тўғри, депти, Шавкат. Аммо, Ўзбекистонда битта ҳожибобо бор.
Ким, дея сўрапти, Путин.

Жаноби муҳтарам президентимиз, дея жавоб берипти, у. Қолганларнинг барчалари оддий ҳожилар. Муҳтарам президентимиз намоз, рўза нима билмаса ҳам, исломдан тамоман бехабар бўлсалар ҳам, Саудия подшосининг қулоғига лағмон ўраб, Каъбанинг ичига кириб чиқиб, ҳожибобо – катта ҳожи бўлдилар. Ҳали, унга қадар Худонинг уйига ундан бошқа собиқ Шўролардан бирор-бир кимса кириб чиқмаган эди. Бундан кейин ҳам президентимиз тирик бўлсалар, бизларнинг орамиздан у жойга кириб чиқадиган муносиб номзод топилмайди.

У билан Ўзбекистондан борган бутун делегация Каъбага кириб чиқмадими?

Тўғри, депти Путиннинг эътирозини Шавкат. Бош қайга босса, дум орқасидан судралади, деганларидек, уларнинг барчалари шайтонваччалар эдилар. Уларга ўхшаган тоат-ибодатни канда қилмайдиганлар Ўзбекистонда сон мингта. Президентимиздан бошқа “бисмилло”сини билмай туриб, Каъбага кирган яна бирор одамни ер юзидан топингчи?! Умрлари узоқ бўлсин, президентимиз бу қадамлари билан шайтоннинг ҳам қўлидан келмайдиган оламшумул ишни амалга оширдилар…

Қойилман, депти Путин. Жавобинг учун сенга беш баҳо. Энди, иккинчи саволга ўтамиз. Ўзбекистондаги 23 йиллик инқироз қачон якунига етади? Умуман бу юрт тузаладими, ўзи?

Инқироз якунига ҳам етмайди, юрт ҳам тузалмайди, кўнглингиз тўқ бўлаверсин, депти Шавкат. Ҳали ўзбек халқи кўп йиллар рус халқининг супир-сидирини амалга ошириб юради.

Нима учун инқироз якунига етмайди?! Нима учун юрт тузалмайди, деб Шавкатнинг гапларидан Путин ҳайрон бўлипти.
Чунки, депти Шавкат, Ўзбекистонда ҳамма отаси қарғаганлар яшайди.

Ўттиз миллиондан кўп халқнинг ҳаммасини ҳам отаси қарғайдими, дея, Путин Шавкатга ишонқирамапти.

Йўқ, депти Путиннинг фикрини қувватлаган Шавкат. Ўттиз миллионли халқнинг ичида отаси қарғамаган икки кимса бор…

Ким экан, улар?

Биттаси, муҳтарам президентимиз, депти Путиннинг сўровига Шавкат. Сабаби, унинг отасининг кимлиги номаълум бўлгач, уни қарғайдиган одам топилмаган. Иккинчи, мен бўламан. Отам қарғаса, сирини очишимни яхши биларди. Шу учун дамини ичига ютиб, алам билан ўлиб кетти, нокас…

Бораколло-о, депти, Путин. Сенга бешта беш юлдузли беш. Сен шу кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирисан. Излаган Маккатиллони топибди, деганлардек, ахири муносибини топдим…

Эргаш Сулаймон