O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ВИЖДОН ФОТОГРАФЛАРИ…МИ ЁКИ ЖИҒИЛДОН

ВИЖДОН ФОТОГРАФЛАРИ…МИ ЁКИ ЖИҒИЛДОН
10,518 views
03 May 2023 - 15:36

ҳар куни шар ичида

• Виждон фотосувратчилари.
• Расмингизни-ку кўрдик, чиройлисиз , мақолаям ёзиб турасизми?
• Эҳ, ҳар кун бериладиган мукофот ўйлаб топишса бўлмасмикан-а…
• Журналистлик оқсуяклар ишими ёки қорасуякларники…

Ҳақиқий журналист жамиятнинг, инсон виждонининг фотографидир. Қалам тутган ҳар бир журналист қаламининг учини ўз виждонига сиёҳ ўлароқ ботириб олса ёмон бўлмасди, деб ўйлайман.

Хўш, журналист ким ўзи? Унинг қалами-чи? Журналист сўзининг оёқлари ланг эмасми? Ўгирилиб қарасангиз атрофимизда журналист жуда кўпдек, журналистдан хирмонтепа ясалгандек. Ҳаммалари ҳақиқатдан бонг ураётгандек? Ҳамма журналисту блогерлар қўлида шамчироқ кўтариб, жамиятнинг энг қоронғи бурчакларию ёп-ёруғ кўчаларидан шов-шув бўладиган мавзу қидириб юргандек.

Яна қайсидир тоифалар эса қаерлардадир ёғли дастурхон устида расмга тушишни ёки қайсидир ташкилотдан олинган мақтов ёрлиғини ўзининг “порлоқ” журналистик фаолияти учун йўлланма сифатида кўз-кўз қилишни мавқе деб билишади. Бироқ виждон фотографлари ўз виждонларини ёп-ёруғ кунда қайдаражада расмга тушира оладилар, буниси менга қоронғу.

Қайсидир ташкилотлар ташкил этадиган ширинчой атрофидаги суҳбатлар, швед столлари ёнида уймалашишлар, кофе-бреклар ва шу каби дастурхонлар атрофида туриб тушилган сувратлар – ўзбек журналистикаси шуми?
Олов ичида тўлғониб куяётган аёлни, самосуд қилинган кимсани, кимнингдир мутлақ икки кишигагина тегишли бўлган интим ҳаётини, кўчада ўлакса қилиб калтакланаётган йигитни, боласини дўппослаётган онани расмга олиб уларни интернетга жойлаш – бунисими, ўзбек журналистикаси манзаралари?

Бир-бировни алқаш, шакаргуфторлик, пахта қўйиш, қадаҳ сўзи айтгандек қилиб мақолалар ёзиш – ёки буниси ҳаққиқи-и-ий ўзбекча журналистиками?
Масъул идораларга бориб турли дўқ-пўписалар воситасида пул ундиришлар, қўрқитишлар, хўш, буям журналистиками?

Журналистлар орасида қўша-қўша мукофотлар олган(ва ҳеч қачон бундан ҳаё қилмаган), журналистлар йиғиладиган анжуманларнинг қирол ва қироличасига айланган тўдалар(ҳа, айнан тўдалар) шаклланган. Уларнинг айримларини номини биласиз, чунки фейсбукда кунда-шунда, бироқ қойиллатиб ёзган бирорта мақоласини миянгизни тит-питини чиқарсангиз ҳам эслай олмайсиз. Чунки уларнинг матбуот анжуманларида илжайиб тушган расмларини биласиз, холос. Аслида иккита жумлани эпақага келтирган ёки келтирмаганлигини минг уринманг, эслай олмайсиз. Бугун журналистман деб юрганларнинг ичида бу кабилар минг таассуфки, жуда кўп. Уларнинг асосий имижи бош планда расмга тушишдан иборат.

Киосклар олдидан ўтсам, юрагим ачишиб, кесилган қўлимга туз сепилгандек оғриқ беради? Чунки у ерлар инсониятнинг маънавий эмас, маиший эҳтиёжларини қондирадиган даргоҳга айланганига анча бўлган . Эмоциянинг эмас, ақлнинг кучи билан газеталар, журналлар севиб ўқилган кунларни соғинаман. Бу учун мендаги эмоцияни ёзғириб ўтирманг.

Баъзи журналистлар ҳар йили “Олтин қалам” ёки матбуот йўналишидаги қайсидир танловларга мукофотлар бериладиган паллалардагина ғимирлаб қоладилар. Ҳатто ҳар йили мукофот олиш учун ҳужжат тайёрлаб, уни олишга талабгор бўлишдан андиша қилмайдилар. Чарчамайдилар, боз устига эринмайдилар ҳам! Ҳар куни берсанг ҳам мукофот олишга шай турадилар!
Эҳҳҳ, мамлакатимизда ҳар куни бериладиган мукофотни ўйлаб топишса бўлмайдими? Ҳар куни мукофот олиш бўйича рекорд ўрнатиб Гиннес-пиннесни урармидик…

Мен дунё ёзувчилари орасида Эрнест Хемингуейнинг ўз хоҳиши билан урушда иштирок этиб Франция, Испания жанг майдонларилардан репортаж тайёрлаб бергани ҳақида кўп ўқиганман. Жорж Оруэлл Ҳиндистондаги жанглардан журналистик материаллар тайёрлаган. Бироқ уларни ўз қилган ишлари учун қайсидир ташкилот ёки уюшмалар қошида папка қўлтиқлаб сарғайиб турган деб ўйламайман. (Кейинчалик Москвада Олий Адабиёт курсида ўқиётганимда Хемингуэйнинг Нобель маърузасини тинглагандим. “Жаҳон адабиёти” ўқитувчимиз Станислав Жимбинов қўйиб берган эди: “Ҳақиқий ёзувчи айтадиган гапини айтиб эмас, ёзиб етказиши керак”! Ҳақ гап!)

Журналист жамиятнинг олақарғаси эмас! Ёки ҳар бир хабари учун устига зарчопон ёпилишидан таъмагир виждонини чайнамай ютиб юборган очофот юҳо ҳам эмас!
Пиарчи, тадбирчи?, шов-шувчи?, дастурхонхўр?, ошхўр?, қасамхўр?, виждонхўр ?ҳам эмас! Қалами жаллоднгинг тошболтаси ҳам эмас!
Гильотина эмас, унинг қоғозу қалами!

Хўш, унда журналист ким ўзи? Соддагина қилиб айтсак у ҳам оддий бир касб эгаси. Компьютерини тузатаётган ёки унга янги бир дастурни ўрнатаётган уста каби, дарахтларни кесиб унга оппоқ қоғоз ишлаб чиқараётган бир ишчи каби, унга қалам, ручка тайёрлаб етказиб бераётган бир соҳа мутахассиси каби бир одамдир, ўз соҳасининг оддий бир вакили.

Ҳамма соҳалар ортида турадиган касбдир журналистика.

Жамиятда бошқа соҳа вакилларининг касби ҳам ҳаётимиз учун муҳим. Бироқ улар ўзларини бош планга чиқаравермайдилар. Жимгина жамият ривожига ҳисса қўшадилар.
Журналистикани оқсуяклар кошонасига айлантириб қўйдик. Аслида журналистика ер тагида кўмир қазиб чиқарувчи кончиларнинг иши монанд машаққатли ва қора ишдир. Қорасуяклар ишидир. Ахир ҳар куни матбуот котибларининг ош қозонлари атрофида ўралашган журналистнинг бирор бир муаммони етарлича ўрганишга, таҳлил қилишга вақти ва хоҳиши бўлармиди?!

Шундай экан, ўзимиз шиширган шарнинг ичига кириб осмонга учишни бас қилайлик, андиша қилайлик. Ўзимизнинг эгрию тўғри йўллар аро йўрғалаётган қаламларимиз билан нони ярим бўлган халқнинг нонини янада яримлашга улуш қўшмайлик. Халқнинг томирига тўғри тушишни ўрганайлик.

PS: Ван Гогнинг “Ёмғир остидаги кўприк” асари.

Гўзал БЕГИМ