O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Андижон воқеаларига туртки бўлган сабаблар

Андижон воқеаларига туртки бўлган сабаблар
232 views
23 April 2017 - 6:00

Буюк Британия Киролият Институти Чaтҳaм Ҳoусда 19 январ 2006 да ўқилган нутқ

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар. Бу нуфузли минбардан сўзлаш шарафини берганингиз учун ташаккурларимни қабул этинг. Изнингиз ила, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият ҳақида Андижон воқеалари фонида қисқа билги беришни истайман.

Шу кунгача Андижон воқеалари буйича 151 киши устидан маҳкама жараёни ўтказилиб, уларга 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазолари берилди.

2005 йил 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига минглаб одамларни кўчага чиқишга мажбур қилган нарса – ҳокимият юргизаётган аксилинсоний сиёсатдир. Митингга чиққан қуролсиз одамларни отишга буйруқ берган шахс – Ўзбекистон Президентнинг шахсан ўзидир. МДХ давлатларидан бирининг махсус хизмат органларидан яқинда олганим бир маълумот ҳам Андижон фожиаси Каримов тарафидан ўта совуққонлик билан, олдиндан таёрлаган қатлиом бўлганлигини тасдиқламоқда. Халққа қарши бу қатлиом шахсан Президент тарафидан ҳозирланган.

Мана, МДХ давлатларидан бирининг махсус хизмат органлари тарафидан тайёрланган ҳисоботидан парча: ”Андижонда тинч намойишга чиққан оломонни ўққа тутганлар ичида, Каримовга ёлланган полковник Маҳмуд Худойбердиев жангарилари ҳам бўлган. 2005 йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан аҳоли орасида митингга чиққан одамлар арзини тинглаш учун Андижонга Президент Каримов келади деган миш-миш тарқатилган. Андижонликлар ўз президентини кўриш учун оммавий равишда кўчага чиқишган.

Бундан тўрт кун олдин, яъни, 8 май куни, Русиянинг Тюмен вилоятидан ҳарбий-транспорт учоғи воситасида М. Худойбердиевнинг 50 нафар жангариси Фарғонанинг Сох анклавига олиб келинган. Бу гуруҳ Шоҳимардондаги 250 кишилик тиш-тирноғигача қуролланган бошқа бир гуруҳга бориб қўшилган.

Маълумки, Худойбердиев жангарилари 1999 йилдан бери Ўзбекистон президенти буйруғи билан чегараларга “қўриқчилик” қилмокда.

2005 йил 10 май куни Худойбердиев бошчилигидаги 300 нафар жангари МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) “шамсияси” (раҳнамолиги) остида Андижон вилоятига кириб келди. Эpтаси куни, яъни, 12 май куни МХХ улар учун Андижон бўйлаб “экскурсия” уюштирди: уларга ҳужум қилиниши лозим бўлган объектлар – Андижон қамоқхонаси, ҳарбий қисм ва милиция постлари кўрсатилди.

Худойбердиев жангариларининг асосоий қисми 10-12 май кунлари Андижон вилояти МХХ биносида истиқомат қилишган. Соат тунги 01.00 дан 02.00 гача Худойбердиевнинг бу қуролли тўдаси милиция постига, ҳарбий қисмга ва Андижон қамоқхонасига ҳужум қилишган. Президент Каримов талаби билан Ички Ишлар вазири Алматов Ички ишлар вазирлигига оид ҳарбий қисмлардаги ходим ва офицерларга 12 май куни соат 24.00 дан то 13 май соат 06.00 гача қурол олиб юришни таъқиқлаган.

Андижон қамоқхонаси яхши қўриқланадиган, сигнализация тармоқлари яхши йўлга кўйилган қамоқхоналардан ҳисобланади. “Акромийлар” деб аталган гуруҳ ҳужуми пайтда на бу сигнализация ва на телефон алоқаси ишлаган ва на қамоқхона қўриқчилари бу ҳужумга қаршилик кўрсатган. Худойбердиев жангарилари Андижон кўчаларида ётган ярадор намойишчиларни бирма-бир ўлдириб чиқишган, шунингдек, улар Бобур майдонида яраланиб, касалхонага ёткизилган одамларни ҳам касалхонларга кириб, ўлдириб чиқишган”.

Намойишчиларни жазолаш учун профессионал қотилларни ёллаб, Каримов ўзининг ўзбек армиясига ишонмаслигини намойиш этди. Ҳа, Андижон қатлиоми режиссёри Каримовдир ва бу шахс, мана, 17 йилдан бери мамлакатни бошқармоқда. У қандай қилиб бунча узоқ муддат ҳокимиятда қолаолди?

Каримов мухолиф лидерларнинг деярли ҳаммасини ўлкадан ҳайдаб чиқарди. Мамлакат ичида қолган мухолифат вакилларига тазйиқ ўтказиш, қамашларни давом эттирди. У Президентлик муддатини ноқонунй равишда чўзиш орқали ҳам ҳокимиятда қолмоқда. Каримов Президентлик муддатини икки марта ноқонуний референдум билан ва икки марта антидемократик сайловлар билан чўзди.Унинг президентлик ваколати 2007 йилда тугайди ва навбатдаги сайловлар олдидан Каримовнинг Конститутсияни ўзгартиб, ўзини бир умрлик ҳукмдор деб эълон қилмаслигига кафолат йўқ.

Ғарб узоқ вақт мобайнида Ўзбекистон режимини мамлакатда иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ўтказишга ундаб келди, аммо бу уринишлар натижасиз қолди ва бу кутиш Андижонда минглаб одамларнинг қирғин этилиши билан якунланди. Каримов режими бундай режимларнинг ислоҳи имконсиз эканлигини кўрсатди, улар фақат алмаштирилиши керак. Бундай режимлар билан дипломатик ўйинлар қилиш яхшиликка олиб келмайди, бундай режимларни ярим-ярти жазолашдан фойда йўқ. Демократик жамиятларда, агар қотиллик содир этилса, бу қотиллик ярим-ярти жазоланмайди. Давлат миқёсидаги қотилларга нисбатан ҳам айни ҳуқуқий стандартлар уйғуланиши керак.

Каримовнинг ҳокимият тепасида узоқ қолишиига яна бир сабаб – давомли репрессия ва террордир. Қийноқлар, қотилликлар, одамларни ўғирлаб кетиш, шантаж ва ҳар куни мухолифатчи ва ўзгача фикрловчиларнинг қамалишлари халқнинг бир юмруқ бўлиб, ўз елкасидан режимни ағдариб ташлашига тўсиқ бўлиб келди. Бошқача айтганда, халқнинг психологик ҳолати муҳим рол уйнади. Аммо бугун тоталитар режим пайдо қилган бу психологик тўсиқдан ошиб ўтилди.

2006

(120)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (350-352-саҳифалар.)

(давоми бор)