Мен миллатчи эмасман, аммо шундай бўлса ҳам халқимизни яхши кўраман. Халқни, умумий маънода, менимча яхши кўриш керак. Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Биринчи сабаби, албатта халқнинг Ҳолиқи бор, яъни яратилганларни Яратганнинг ризоси учун севиш керак. Шунингдек, Парвардигори олам инсонларни турли миллат ва қабилаларга бўлиб яратган. Демак, бир миллатга мансуб бўлиш ҳам илоҳий тақдир масаласи, инсоннинг ўзи танлайдиган масала эмас. Аллоҳ Tаоло бизни ўзбек халқи сифатида яратган экан, буни табиийлик ўрнида қабул қилиб, дунё халқлари орасида ўзимизнинг муносиб ўрнимизни олишга ҳаракат қилишимиз керак, деб ўйлайман. Халқимизни севишимнинг бошқа сабаблари келадиган бўлсак, бизнинг дунё халқлари ичида илму маърифат билан дунёга донг таратганмизни, ўзбекларнинг меҳмондўстлигини,меҳнаткашлигини, болажонлигини, сабри тоқатли халқ эканлигимизни айтишим мумкин. Албатта, бутун халқлар ичида бўлгани каби ўзбек халқининг ичида ҳам имонсиз, нонкўр, сохтакор, маънавияти жирканч, хуллас, ёмонликда шайтонни ҳам орқада қолдириб кетадиган кимсалар ҳам топилади. Гуруч курмаксиз бўлмайди ҳақиқати мана шундан иборат бўлса керак…
Халқимизни яхши кўришимнинг сабабларидан яна бири инсонларимизнинг исмларидир. Албатта, инсоннинг исми жисмга мос бўлса, янада яхши бўларди. Масалан, Ислом Карим исми менимча энг яхши исмлардан биридир. Ислом тинчлик, Карим эса “карамли”, сахий, ва улуғлик, демакдир. Аммо бу ҳолда афсуски, исм жисмга, яъни шу исмнинг эгасига асло мос эмас. Ислом Карим Ўзбекистон Президенти сифатида тинчлик ва улуғликнинг эмас, зулм ва разолатнинг тимсолига айланди. Аммо Ўзбекистон Президенти буни билгани ҳолда ҳозирча исмини ўзгартириш ниятини эълон қилгани йўқ…
Ўзининг исмидан шикоят қиладиганлардан бири Абдураҳим Пўлатовдир. Бу исм “Ар Раҳим” яъни Аллоҳнинг бандаси, демакдир. Ар Раҳим эса охиратда фақат мўминларга мағфират қиладиган, маънони билдиради. Абдураҳим Пўлатов эса ўзининг имонга ва мусулмонларга қарши нафрати билан машҳурдир. Шунинг учун ҳам у яқинда ўз исмидан норози эканлигини ҳаммага баён қилди. Бу ношукур банда яқин орада у исмини ўзгартирганлигини эълон қилиб қолса ажаб эмас..
Исми жисмига мос бўлмаганлардан бири Ризо Обид, деган,ичи қора ҳасадчи ва иши разолат тарқатишдан иборат фитначидир. Ризо розилик маъносидидир. Обид эса ибодат қилувчи маъносини билдиради. Яқинда, бир танишим Ризо Обид, Анвар Каримов, Улуғбек Бакиров (исмларни қаранг!) “Замондош” интернет телеканалида 2011 йилнинг якунларига бағишлаб суҳбат ўтказган, унда сиз ҳақингизда ҳам анча гаплар бор, бир кўринг, деди.
Анвар Каримов ва Улуғбек Бакировни шахсан танийман. Анвар Каримов Оврупога келганида Муҳаммад Солиҳ ака ва у кишининг куёви Ботиржоннинг беғараз ёрдамидан тахминан уч йилча фойдаланди. Норвегияда бошпана ололмади, аммо Ботиржон унга ўз укасидан ҳам яхши қараганини аниқ биламан. Ҳатто, сизнинг турклардан танишингиз бор, шу болани ишга жойлаштириб қўяйлик, дея менга келганда, асли Туркиялик бир биродаримизнинг нонвойхонасида иш топишига ёрдам берган ҳам эдик. Кейин ўзига иш берганлар билан жанжаллашиб, бизнинг уялтирган ҳам эди.
Бу орада дадаси вафот этди. Яна мусулмончилик қилиб унга ҳамдардлик билдирдик. Шу тарзда иш йўқ, пул йўқ Ботирнинг уйида энг камида 2 йил яшади. Шундан кейин унинг Швецияга кетганини эшитдим. “Янги дунё” сайти Юсуф Расул билан ораларида мушук ўтиб қолганини ҳам интернетдан ўқиб, ўргандик. Мана шу Анвар (бу исмнинг маъносини нур тарқатадиган, яъни нуроний дейиш ҳам мумкин) Каримов Ризо Обид ва Улуғбек Бакиров билан Замондош” интернет телеканалида чақчақлашиб, ўзининг кимлигини очиқ айтди. Яъни, мен жосусман, демади холос. Аммо, Ризо Обид “Анвар сизни ЦРУнинг агенти”, дейишади, шу тўғрига ўхшайди, дегандан кейин дастурнинг уч қатнашчиси ҳам буни тасдиқлаш маъносида мириқиб кулдилар.
Ўзини сиёсий таҳлилчи, дейдиган Анвар Каримовнинг Муҳаммад Солиҳ ака, ҳурматли Обидхон қори ва мен ҳақимда айтган “жосусона” сўзларини мен бу ерда келтирмоқчи эмасман. Фақат афсуслар ва надоматимни билдирмоқчиман, холос.
Биз шу бола ҳам халқимизнинг вакили, асосийси мусулмон биродаримиз, дея унга нисбатан ҳокисорлик билан ва албатта Аллоҳ ризоси учун ёрдам қўлини узатган эдик. Энди у ўзича бизнинг қўлимизни тишлашга уринаяпти. Менинг унга ачинганим, шу ёш йигитнинг мана шундай “агентлик” йўлини танлаганидир. Ахир у ҳам имон ва инсоф йўлидан юриши, адолат ва ҳақиқатнинг устун бўлиши учун ҳаракат қилиши мумкин эди-ку! Аммо начора, жаннат ҳам, жаҳаннам ҳам танлов масаласидир. Аллоҳ таоло балки шу исми нур тарқатадиган маъносини билдирадиган бандасига ҳам эртага ҳидоят берар, деган умиддан бошқа чорамиз борми?!…
Улуғбек Бакиров билан Берлинда, ЎХҲ қурултойида танишган эдим. Биз у билан меҳмонхонада бир хонада турган эдик. Улуғбекни норизолик тимсоли Ризо Обид ва нурсизлик тимсоли Анвар Каримовнинг ёнида, улар гапирган гапларга кулиб-қўшилиб ўтирганини кўриб, беихтиёр ёқа ушладим. Ахир бу йигит қурултойда “мен Ислом асосларига кўра қуриладиган демократия тарафдориман”, “сизлар сайёр гуруҳ ташкил қиладиган бўлсаларингиз мен ҳам ундан қатнашиб ЎХҲ ғояларини ташвиқ қилишга ҳозирман”, деган, икки кун бирга бўлганимизда, у менга ўзимнинг укам, мен унга ўзининг акасидек (мусулмонларга хос муомала) бўлиб қолган эдикку!
Ризо Обид ЎХҲ ҳақида, Анвар Каримов Муҳаммад Солиҳ ака, ҳурматли Обидхон қори ва мен ҳақимда турли туман иғво ва фасод гапларни гапирар экан, Улуғбекнинг “тўхтанглар, мен ЎХҲ қурултойида шахсан қатнашганман, у турли фикрлилик руҳида ўтганди. Намоз акани шахсан танийман, у киши билан далиллар асосда фикр билдиришга келишиб олганмиз”, дейишини кутган эдим. Обид қори ака ҳақида ризосизлик ва нурсизлик тимсоллари билан айни фикрда бўлмаса ҳам, барибир улар билан бирга устимиздан кулишни Улуғбек ўзига раво кўрди…
Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Ризо Обид бугун Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг халқимиз орасида ёйилишига тиш тирноқлари билан қаршилик қилмоқдалар.
Нега?!
Ислом Каримов ўз тахтидан айрилиб қолишдан қўрқади. Чунки ЎХҲ Каримов қурган диктатуранинг асосий мухолифи, агар ҳаракатимиз халқ ичида ёйиладиган бўлса, Ислом Каримовнинг зулми ниҳоясига етади. Энг муҳими унинг халқнинг отаси, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, тенги ва рақиби йўқ доно раҳбар, деган (ўзи ва лаганбардорлари топган уйдирма) сифатлари қуёш нурида эриган муз каби йўқ бўлиб кетишини ҳам у яхши билади. Бунинг устига Президент сифатида қилган жиноятлари учун жавоб беришига ҳам тўғри келади.
Хўш, Президент мана шу сабаблар билан ЎХҲ қарши экан, Абдураҳим Пўлатов ва Ризо Обиднинг дарди нима-да? Меним шахсий фикрим уларнинг дарди айнан дардсизликларидадир. Яъни, бу исми жисмига номуносиб бандаларда дард, деган тушунча ҳам, ҳис туйғу ҳам йўқга ўхшайди. Агар уларга сиз ЎХҲ ни қўйиб туринг, ўзингиз нима истайсиз, дея сўраладиган бўлса довдираб қолишлари шубҳасиздир. Ўзларида яхши ният, эзгу истак бўлмаганларнинг Ислом Каримовнинг ёвуз истакларига қўшилишлари ҳам ,албатта, тасодиф ҳисобланмайди…
Бу мақолани ўқиган “қаҳрамонларимиз” ундан мамнун бўлмаслигини биламиз. Чунки улар ўзлари ёзадиган ва ҳозирлайдиган нарсалардаги турли хил ҳақорат, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, масхара қилиш, бировларнинг айбини очиш, “агенлик” қилишни бу ердан топа олмайдилар. Шунинг учун ҳам бу мақолани мазза қилиб ўқимасликлари мумкин. Зеро, ёвуз ва нурсиз кўнгиллари ризосизликка ўрганларни рози қилиш ҳам, бизнинг қилмоқчи бўлган иш эмас…
Бундайларга Аллоҳу Таъоло кифоя қилсин! Деймиз халос.
Намоз Нормўмин, 26 январь, 2012 йил