O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Миллатимга ачинайми, Миллийлигимгами?

Миллатимга ачинайми, Миллийлигимгами?
124 views
20 June 2013 - 11:37

getImage (70)Азиз юртдошларим! Қуйида келтирадиганим, масала ҳар биримиз учун долзарб бир муаммодир!   Ёшим 20 дан ўтдики, ҳар куним ғам ва аламда ўтиб бормоқда. Ҳар кунимда ич-этимни ейман, курашиб бўлмайдиган аҳволда қолгандек ҳис этаман ўзимни. Бу кураш йўли, атрофимдаги мен яшаётган жамиятимнинг тарбиясизланишига қарши бўлган кураш йўлидир.

Анча ёшлик даврим эди, мен бу инсонлар орасида, бу жамиятимиз ичида бемалол, шод яшардим.  Менинг ҳаётимда “диёнат” тушунчасига ҳам ўрин йўқдек эди. Разил одамлар ва уларнинг жирканч ишларига гувоҳ бўлардим, аммо ўзимга олмасдим. Сиқилиб куйинмасдим,  бу ҳолдан бошқалар жабр кўриб зулмда қолиши мумкинлигини ўйлаб сиқилмасдим ҳам.

Ўша ёшлик даврларимдаёқ одамларни кузатиш истагим бор эди. Мен одамлар гавжум жойларни узоқлардан кузатардим.  Одамларнинг кийиниши, суҳбатлари, барча ҳатти харакатларини синчиклаб кузатардим.  Соатлаб кузатардим, аммо улардаги одат ва қилиқлари, турли ҳатти-ҳаракатлари кўплигидан, бу кузатувлар учун  соатлар ҳам етмасди.

Аста-секинлик билан уларнинг диёнатларини катта эътибор билан кузатадиган бўлиб қолдим. Умумий айтадиган бўлсам, одамлар бугунги кун ғами билан яшайдилар ва улар бугунги нуқсонларини эртага тағин такрорламаймиз деб ўйлашади.

Ҳозирги кундаги ҳолатимни келтирсам, сизлар учун бўлиши мумкин бўлмаган бир ҳолат кўз ўнгингизда гавдаланар, аммо бу хақиқатдир!  Айни дамда мен жуда намозхон ва илмли бир толиб эмасман. Мен мана шу сифатларга эга бўлиш иштиёқида яшаётган бир бандаман холос ва ҳозирда мана шу жамиятим ичра бемалол юра олмайман.  Нега? Бу саволимга ўзим жавоб беришим ҳам мумкин. Аввало одамларда диний тарбия йўқолиб, у шунчаки оддий бир сўз бўлиб қолди холос.

Кишилар диёнатдан қанчалар узоқлашгани мени муттасил қон йиғлатади.  Уларда  мехр оқибатни кўрмайман, раҳмни кўрмайман, бири учун бирининг жон куйдирганини ҳам кўрмайман.  Одамлар бир бирини алдаб кетишларини жуда азобли деб қабул қиламан.

Шу жамиятимизда шундайлар ҳам борки, улар судхўрлик қилишади ва мен уларга қандай ёрдам берай ахир? Шу жамиятимизда одамлар бир бирларига иш ва манфаат кўзлаб сохта меҳр беришмоқда, ишлари битганида эса бир бирларига бемалол хиёнат қилишмоқда. Эҳсон, закот ёки оддий садақа каби ишлар йўқ бўлиб бормоқда…

Мен узрсиз қилмаган ибодатларим учун бу дунёнинг бирор ишини сабаб қилиб келтира олмайман, чунки айб ўзимда. Менда идрок, фаҳм, онг бор.  Жамиятимиз эса ёшликда ўйнаб кулиб олишни калима қилмоқда, беш кунлик дунёда яшаб қолишни истамоқда.

Азизлар!  Ахир беш кунлик дунёнинг ҳикмати бошқа нарсадаку. Ўйнаб кулиш – бу нафснинг ўйини ахир!  Одамларга боқаман ҳаловати йўқ, улар ҳамиша нимадандир азобда, доим бир ками учун куйиниб юради, бироқ бир бирларига меҳрлари йўқ. Бунга истак ҳам йўқ. Чунки ўзининг муаммолари етиб ортиб бораётган одамга яна бир одамни дардини, муаммосининг нима кераги бор?

Аммо кераги бор-да шунинг. Биз киммиз ахир, ҳақиқий мўминларми ёки ўз билганимизча мўминми?  Кузатаман, одамларни қулоқлари наушникда, кўзлари телефонда, хаёллари бузуқ, дискатека маконлари, чекиш эса обрўли иш улар учун. Ичиш ҳам оддий холат, зино нима эканини билишмайди ва на кўзларини, на қулоқларини, на тилларини ва на дилларини ундан сақлашади.

Бизнинг жамиятимиз ташқи кўринишни устун билади, ҳаёт ҳикматини гўзалликдан қидиради. Жамиятимда метин ёшлар, мискин қариялар ва диёнатли қалб эгалари жуда кам қолгандек. Жамиятимизнинг Исломиятни тарк этиши ва бу дунёни нафсининг хақиқати ила тасаввур этиши мени кун сайин қайғуга ботиради.

Мен одамларга қарамай ерга қараб юрадиган бўлиб қолдим. Уларга қараш қанчалар азоб ахир, кўзларимиз ҳар лаҳзада зинони кўради. Кишилардаги онанинг, ёки отанинг номига қараб сўкишларни ҳеч қачон ҳазм қила олмасам керак. Одамларнинг бир бирларига ишончи каби тушунча нақадар кўтарилди бу жамиятимиздан. Йигитларда ҳам, қизларда ҳам, аёллар ва эркакларда ҳам ориятнинг емирилишини кўриб азобланаман.

Азизлар!  Сиз учун дилимдан бир гаплар ўтди, шуларни айтиб ўтаман.  Бу жамиятимизнинг бугунги тарбияси мутлақ кўр ва кар тарбиянинг бошланишидир.  Бунинг бошланиши эса ҳар биримизнинг оилаларимиздан тортиб токи ҳукуматимизгача мутлақ алоқадордир.

Бу ишларга Ислом динимиздаги асосий тарбия қисмларининг унутилиши, ёхуд йўқ қилиниши сабаб бўлди. Ҳар биримиз учун ва ҳар бир зурриёдимиз учун ҳар замон ва ҳар вақтда энг ва ягона Ҳақ тарбия бу мутлақ Ислом тарбиясидир.  Шуни унутмайликки, бу тарбия бизнинг миллий тарбиямиз ҳамдир! Мен ҳамиша мана шу тарбияга интилиб яшайман. Жамиятимизни ислоҳ этиш учун аввало ўзим ва оиламни ислоҳ этаяпман, энди жамиятимизни ислоҳ этиш учун ҳаракат қилмоқдаман. Айтганимдек, ислоҳот учун ҳар биримизнинг оилаларимиздан тортиб то ҳукуматгача жалб этилмас экан, биз диёнатдан йироқ бўлиб қолаверамиз ва келгусида ҳам бу дунё ҳикматини ўз нафсимиз ҳикмати билан баҳолайверамиз.

Ассаламу Алайкум ва рахматуллохи ва баракатуҳу.

Хикмат-ул Диёнат