O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ташқи сиёсатнинг муҳим жиҳатлари

Ташқи сиёсатнинг муҳим жиҳатлари
122 views
10 August 2012 - 13:38

Шу йилнинг август ойининг бошида оммавий ахборот воситалари (fergananews.com) Ўзбекистондан “сенсацион” янгилик тарқатдилар. Бунга кўра Ўзбекистон президенти диктатор Каримов шахсан ўзи “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат концепциясини (асосий йўналишларини)” белгилаб берган ва бу ҳужжат Олий Мажлисда бир лаҳзада тасдиқланиб, кейин Сенатга юборилган. Юқоридаги линкда кўрсатилган хабарда  айтилишича бу “оламшумул” аҳамиятга эга ҳужжат асосан тўрт моддадан иборат экан:

1. Республика Узбекистан оставляет за собой право заключать различные союзы, входить в отдельные содружества, а при необходимости и выходить из них.

2. Республика Узбекистан оставляет за собой право входить в отдельные межгосударственные образования, а при трансформации последних в военно-политические блоки и выходить из них.

3. Республика Узбекистан не допускает размещения на своей территории иностранных баз и объектов.

4. Республика Узбекистан и ее Вооруженные Силы не принимают участия в миротворческих операциях за рубежом.

Бир қараганда ушбу моддалар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг мустақил ташқи сиёсати мавжудлигига далил бўлиб кўринади. Аслидачи? Бу саволга жавоб бериш учун аввало ташқи сиёсат нима ўзи, деган саволга жавоб беришга уриниб кўрайлик. Ташқи сиёсат бир давлатнинг халқаро майдонда бошқа давлатлар билан муносабатларини йўлга қўйиш сиёсатидир. Бундай йўлга қўйиш дипломатик (Ташқи ишлар вазирлиги ва элчиликлар воситасида) йўллар, давлатларнинг ўзаро шартномалари ва халқаро шартномалар билан амалга оширилади. Ташқи сиёсатни давлатлар аввало ўзларининг манфаатлари, яъни хавфсизликлари, иқтисодий тараққиётлари ва фуқароларининг ташқи давлатлардаги фаолиятларининг самародорлигини назарда тутиб олиб борадилар. Маълум иттифоқга (масалан, Оврупо Иттифоқи) ёки хавфсизлик ташкилотига (масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига) кирган давлатлар умумий ёки ўзаро мутаносиб ташқи сиёсатга эга бўлишлари ҳам мумкин. Шунингдек, муайян давлатнинг ташқи сиёсатида бу давлатнинг мафкуравий ва миллий хусусиятлари ҳам “яширилган” бўлиши мумкин. Масалан, АҚШнинг собиқ Президенти ўғил Буш Ироққа ҳужум қилар экан, бу бизнинг янги салб урушимиздир, дейиш билан бундай сирни ошкор қилиб қўйган эди. Хитой ва Русия каби давлатларнинг ташқи сиёсатида бу мамлакат халқларининг “миллиятчи” жиҳатлари “кодлангани” ҳам кўпчиликка сир эмас. Шу маънода Ўзбекистон ташқи сиёсатига баҳо бериладиган бўлса, бу ерда на мафкуравий, на да миллий  манфаатга эътибор қаратилмаганини кўрамиз. Акс ҳолда Каримов ҳукумати Ўзбекистонга мафкуравий (яъни эътиқодий) ва миллий жиҳатдан яқин бўлган давлатлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган бўларди. Ташқи сиёсатнинг юритишнинг энг муҳим воситаларидан бири давлатларнинг иқтисодий ва ҳарбий кучидир. Шунинг учун ҳам ядро қуролига эга давлатларнинг ташқи сиёсатдаги эркин қадамларини тушуниш унчалик қийин эмас. Ташқи сиёсатнинг “алифбоси” аввало қўшни давлатлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйишдир. Чунки бир давлатнинг жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро муносабат қилиши бу давлатнинг аввало қўшни давлатлар муносабатига (умумий чегаралар, уларнинг хавфсизлиги, ҳаво ва темир йўлларидан фойдаланиш, умумий иқтисодий манфаатлар ва ҳк) боғлиқдир. Бу маънода Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини “во” эмас, “ноль”, дея баҳолашимиз мумкин. Чунки Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда якка ҳолда ўз кучига эга бўлиши деярли имконсиздир. Бунинг учун давлатимиз аввало ўз жон ва қон биродарлари бўлган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ўзаро алоқаларни мустаҳкам асосларга қуриши ва бу давлатлар орасидаги умумий манфаатларга мос келадиган ташқи сиёсатга эга бўлиши зарур эди. Дейлик, Ўзбекистонни ташқаридан ўраб олган бу давлатлардан бирортасининг ёки бир нечасининг бирор халқаро ҳамкорлик ташкилоти (Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти, Овроосиё Иқтисодий Иттифоқи ва ҳк) аъзо бўлиши бундай ҳамкорлик масалаларида Ўзбекистонни мустақил сиёсатдан маҳрум қилади. Энг камида бу масалалардаги мустақил ташқи сиёсатнинг самарадорлиги яримга камаяди. Шундай экан, бугун Ўзбекистоннинг самарали ташқи сиёсатидан баҳс юритиш мумкинми? Албатта, мумкин эмас. Ўрта Осиё давлатлари билан нормал муносбатларни йўлга қўя олмаган Ўзбекистоннинг Русия, Хитой, Оврупо Иттифоқи, АҚШ каби давлатлар билан ўзаро муносабатларда ҳам “фаҳш” (бетайин, аҳдга вафосиз) сиёсати ҳаммага маълум. Бу билан гуё диктатор Каримов ҳаммани бош бармоғимнинг атрофида айлантираяпман, дея ўйлаши, амалда эса ўзи бошқаларнинг мушти атрофида гирдипалак бўлиб қолганини биладими?

Энди янги ташқи сиёсат концепциясининг юқорида келтирилган тўрт моддасига келадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг қўшнилари бу масалаларда бошқа давлатлар билан ҳамкорликни (умумий сиёсатни) йўлга қўйганлиги учун Ўзбекистоннинг бу соҳадаги мустақил сиёсати ўз аҳамиятини йўқотади. Масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бирор сабаб билан Ўзбекистоннинг юқоридаги тўрт моддада ифодалаган сиёсатини бир онда йўққа чиқариш кучига эгадир. Дейлик, Афғонистондаги барқарорлик бирор шаклда Тожикистонда ўзини кўрсатадиган бўлса, Ўзбекистоннинг бу мажорага истар истамас аралашиб қолиш эҳтимоли жуда каттадир. Бу ҳолда мустақил ташқи сиёсат эмас, бу масалани ҳал қилишда муҳим роль ўйнайдиган супер кучларнинг истагига кўра ташқи сиёсатни шакллантириш керак бўлади. Яъни, Каримовнинг бу масаладаги “фаҳш” ўйинларининг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди…

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи сиёсати жиддий, ватанимизга яқин ва узоқ келажакда фойда келтирадиган мақсадларни кўзлайдиган моҳиятга эга эмасдир. Бунинг учун эса аввало Ўрта Осиёдаги жон ва қон биродарларимиз бўлган давлатлар билан муносабатлар нормаллашиши зарур. Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси мавжуд экан бундай нормаллашиш хомхаёллик бўлиб қолаверади…

 

Намоз Нормўмин,

ЎХҲ Муассислар Мажлисининг аъзоси

10 август 2012 йил, Осло.